БОСҚИЧМА БОСҚИЧ, САБОҚМА САБОҚ
Бизнинг ҳолатимиз яхши томонга ўзгариши учун, аввало ўзимиз ўзгаришимиз керак. Муваффақиятга эришиш учун вазият қулайроқ бўлишини кутаётган инсонлар ҳар биримизга яхши таниш. Бироқ, вазиятнинг ўзгариши бундай инсонларга сира ёрдам бера олмайди, чунки улар бу вазиятни ўзига сиҚдириш учун «торлик» қилишади. Аввал улар шахс сифатида ўзгаришлари керак. Ҳаммаси мактабдагидек. Аввал биринчи синфда ўқиймиз, кейин иккинчи, учинчи ва ҳ.к. Бу жуда оқилона тизим. Қанчалик билимли бўлиб борар эканмиз, шунчалик кўп имкониятлар пайдо бўлаверади.
Балки баъзи биров: «Менга ҳозир икки миллион доллар беринг, мен ҳеч қачон пулга муҳтожлик сезмасдан яшайман», дер. Бу нотўғри ёндашув. Аввал бугунги вазиятни бошқаришни ўрганиш керак. Аввал минг долларни тўплаб, бирор ишга оқилона сарфлаш керак. Кейин ўн минг доллар ва ҳ.к. Яхшироқ яшаш учун қулай вазиятни кутиш эмас, мавжуд вазиятдан максимум даражада фойдаланиш керак.
У ёки бу фаолият билан шуғулланишга лойиқманми-йўқми, деган саволни ҳам олдиндан ўзингизга бера кўрманг. Фақат ишни бошлабгина, биз шу ишнинг устаси бўлишимиз мумкин. Агар сиз маълум бир иш қўлингиздан келишини аввалдан билсангиз, у сизга ўсиш учун имконият бермай қўяди.
КИШИ ФАҚАТ МЕҲНАТ ЖАРАЁНИДА ШАХСГА АЙЛАНАДИ
Эслаб кўринг-а, таниқли шахслар ниманинг шарофатидан машҳур ва буюк инсонларга айланишган. Эйнштейн ўзининг физик назариялари билан танилган, Беккенбауэр — футболдаги муваффақиятлари билан, Ганди — Ҳиндистонни мустамлака тузоғидан куч ишлатмасдан озод қилган, Она Тереза — камбағалларга муруввати билан. Кўриниб турибдики, уларнинг барчаси фақат ўз ишлари билан танилишган. Ўз-ўзини такомиллаштиришнинг энг самарали усули меҳнат қилишдир. Агар сиз яхшироқ ҳаётни хоҳласангиз, тиним билмасдан ишлашни тезроқ бошланг. Аввалига ҳамма нарса ҳал бўлавермайди, лекин бунинг сира қўрқинчли жойи йўқ. Асосийси — қўлни ювиб, қўлтиққа урмаслик! Албатта, муваффақиятлар бизни бой қилади, лекин муваффақиятсизлик шарофати билан биз ўсамиз.
ДЕҲҚОННИНГ БЕШ САБОҒИ
Сиз балки деҳқон ҳақидаги масални эшитган чиқарсиз. У ғалла экибди, бироқ донларнинг ҳаммаси ҳам униб чиқмабди. Бир қисмини қушлар еб кетибди, бир қисми қуриб қолибди, бир қисмини эса ёввойи ўт-ўланлар нобуд қилибди. Бундан беш муҳим хулоса чиқариш мумкин:
1. Ҳар қандай уруғ ҳам ўсиб кетавермайди. Шунинг учун иложи борича кўпроқ экиш керак. Биттаю-битта ниҳолга умид қилиш ярамайди.
2. Душманлар эмас, ўз ишингизга диққатингизни жамланг. Душманларни йўқ қилиб, сиз ҳеч қачон ўз мақсадингизга эриша олмайсиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг: муваффақиятли инсоннинг душманлари ҳар қачон етарли бўлади. Бу табиат қонуни. Қушлар ва ёввойи ўт-ўланлар доим бўлган ва бўлади. Ақлли деҳқон ғалла етиштиришда давом этаверади.
3. Бирор нарса экмасдан ҳосил йиғиб бўлмайди. Фақатгина иш ниҳоялангандан сўнг киши рағбат топади. Киши меҳнат қилгани учун мукофотланади, баҳона қилгани ёки ўзини оқлагани учун эмас. Кимдир табиатнинг бу қонунини айланиб ўтишга уринади. Бироқ у унутадики, бундай йўл билан барқарор муваффақиятга эришиб бўлмайди.
4. Сабр қилиш керак. Ўсиш учун вақт талаб этилади. Қанчалик кўп куч сарфламанг, икки кундан кейин барибир ҳосил ололмайсиз. Фақатгина меҳнат ва интилишгина сизга натижани тақдим этади.
5. Нима эксанг — шуни ўрасан. Инсонга умри давомида яхши ва ёмон ҳосиллар насиб этади. Эҳтиёт бўлинг: ёмон уруғлар ҳам кўкариб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |