САФАР ОДОБЛАРИ
Сафар уч қисм (фарз, фазилат ва мубоҳ)га бўлинади. Фарз сафари ҳаж қилиш, илм олиш, ота-она чақирса, дарҳол бориш, зулмни бартараф этиш кабилардан иборат.
Фазилат сафарининг турлари жуда кўп.
Рўзғор тебратиш учун тижорат ниятида ёки томоша ва кўнгил ёзиш учун сафар қилиш мубоҳдир
Сафарнинг фойдалари кўп. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу сафарнинг беш фойдасини баён қилган.
Биринчиси, ғам-андуҳни кетказади; иккинчиси, тирикчилик сармояси ҳосил бўлади; учинчиси, илм ҳосил бўлади; тўртинчиси, одоб-ахлоқ мукаммаллашади; бешинчиси, улуғлар суҳбатида бўлинади.
Мусофирнинг ўн беш одоби бор.
1. Мусофир яхши ният қилиши керак.
2. Ота-она ва яқинларидан рухсат сўраш керак. Сафарга суннатга мувофиқ кунларда чиққан афзал. Пайшанба куни сафарга отланган маъқул. Шанба ёки чоршанба куни ҳам сафарга чиқиш суннатга мувофиқдир. Бирор кишидан қарз бўлса, сафар арафасида қарзлардан қутулган яхши. Йўлга чиқаётиб ота-она, қариндошлар, таниш-билишлар билан хайрлашиш керак.
3. Кечаси кўпроқ йўл юрган яхши. Чунончи, салқинда йўл унади. Чарчаганда бир соат ором олиш керак. Йўлдан четроқда, зарарли ҳашаротлар кам жойда тўхтаган афзал.
4. Агар йўлдан адашиб қолинса ва бирор аниқ белги топилмаса, ўнг томонга юрган афзал.
5. Ҳаргиз танҳо сафар қилмаслик зарур. Ҳамроҳлари ҳам камида уч киши бўлиши керак.
6. Агар кўпчилик биргаликда сафарга чиқса, бирор жойда ором олмоқчи бўлса, ҳамроҳлар бир-бирларига яқин жойларни танлаши лозим. Бир жойда жамланиш яхшидир.
7. Бир гуруҳ одамлар сафарга чиқишса, ораларидан тақводор ва илмли одамни ўзларига бошлиқ қилиб сайлашлари керак. Бундай киши бўлмаса, ҳимматлироқ кишини танлаш зарур. Унга итоат этиш ва бўйсуниш лозим. Бошлиқ ҳам ўтириб олиб буйруқ беравермай, барча қатори ҳаракат қилиши даркор.
8. Йўлда заиф ва нотавон кишилар учраб қолса, уларга кўмак бериш керак.
9. Киракаш уловига меъёридан ортиқ юк ортмаслиги керак. (Бугун ҳам замонавий автоуловларга меъёридан ортиқ юк ортмаслик тавсия этилади.)
10.Ҳайвонлар (туя, от, эшак, хачир)га ҳам меъёридан ортиқ юк юкламаслик керак. Жониворларни очлик, ташналикдан асраш лозим. Бирор жойга қўноқлаганда, дастлаб уловдаги юкни тушириш керак.
11. Сафарга эҳтиёждан ортиқ нарсани олмаслик керак.
12. Агар мусофир бирор шаҳарда ўлат тарқалган бўлса, у шаҳарга бормаслиги керак. Агар мусофир бирор шаҳарда эканида ўлат тарқаса, у бу шаҳардан чиқиб кетмаслиги керак.
13. Мусофир узоқ сафардан қайтаётиб тўсатдан яқинлари олдига бормаслиги керак. Дастлаб бирор кишини жўнатиб, ўзи ҳақида хабар бериши лозим. Туш ва аср пайти сафардан уйга қайтиб келиш мустаҳабдир. Кечаси келиш макруҳдир.
14. Аҳли аёли, фарзандлари, қариндошларига совғалар олиб келиш керак.
15. Муқим яқинлар ва ошнолар мусофирни кутиб олиш учун унга пешвоз чиқишлари мустаҳабдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |