Аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланишга тайёрлаш қандай вазифаларни ўз ичига олади?
Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги асосий вазифалар.
Қуйидагилар аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва ФМ соҳасида тайёрлашнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ишчи ва хизматчиларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ФМ бўйича билимларини изчил ошириб бориш ва кўникмаларини ҳосил қилиш;
қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, шунингдек, ФМ тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга тайёрлаш;
аҳолини, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаганларни, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабаларини фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш қоидалари ва усулларига ўргатиш.
Аҳолининг фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш борасида тайёргарлигини текшириш мақсадида мунтазам равишда қўмондон-штаб, махсус-тактик ва комплекс машғулотлар ўтказиб борилади.
Уч кунгача давом этадиган қўмондонлик-штаб ўқув машқлари (ҚШЎМ) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, туман ва шаҳарларда ҳар уч йилда бир марта ўтказиб борилади.
Вазирлик ва идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда қўмондонлик-штаб машғулотлари йилига бир марта, бир кунгача давомийликда ўтказилади.
Қўмондонлик-штаб ўқув машқларига белгиланган тартибда ҳарбий қисмларнинг тезкор гуруҳлари ва ЎзР ФВВнинг тўғридан-тўғри ва тезкор бўйсунувидаги ёнғин-қутқарув бўлинмалари жалб қилиниши мумкин.
Олти соатгача давом этадиган махсус-тактик ўқув машқлари (МТЎМ) ҳар 3 йилда бир марта корхона, муассаса ва ташкилотларнинг тузилмалари билан ўтказилади. Бундай машқлар ўта муҳим ва тоифаланган объектларда йилига бир марта олти соатгача давомийликда ўтказилади;
Ишчи-хизматчилар сони 200 нафардан ортиқ бўлган корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳамда 400 ўринга эга бўлган даволаш-профилактика муассасаларида ҳар 2 йилда бир кун давом этадиган комплекс ўқув машқлари, ўтказилади. Давомийлиги 6 соатгача бўлган комплекс ўқув машқлари бошқа ташкилотларда ҳар 2 йилда бир марта ўтказилади.
Умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида йилига бир марта “Ёш қутқарувчи” мусобақаси ўтказилади.
Аҳолини тайёрлашда самарали воситалардан бири суҳбатлар, маърузалар ўтказиш, ўқув филмларини томоша қилиш, радиоэшиттиришларни тинглаш, телевизион дастурларни томоша қилиш, шунингдек аҳолини яшаш жойидаги машқларга жалб қилиш ҳисобланади.
ЎзР ФВВ аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида тайёрлашга ташкилий-услубий раҳбарлик қилади, мувофиқлаштиради ва назоратини амалга оширади, шунингдек дастурлар ҳажми ҳамда ҳудудий ҳаёт фаолияти хавфсизлиги марказларида ўқтиши даврийлигини белгилайди.
Фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш соҳасидаги машқларда қатнашадиган фуқаролар қуйидагиларга ҳақлидир:
машқлар давомида дуч келишлари мумкин бўлган хавфлар тўғрисида маълумот олишга;
машқлар давомида соғлиғига етказилган зарар учун товон пули олишга;
машғулотларда қатнашиш даврида иш жойидан (машқларни режалаштираётган ва ўтказаётган ташкилотлар ҳисобидан) ўртача иш ҳақини олишга.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, ваколатларига табиий офатлар, ҳалокатлар, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш масалалари юклатилган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, вазирликлар, идоралар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг асосий вазифаси янги дастурлар ва замонавий техник ўқув воситаларига асосланган ҳолда аҳоли ва мутахассисларни муҳофаза қилишга тайёрлаш борасида давлат тизимини янада такомиллаштиришни белгилашдан иборат.
Қонун ва қарорлардан ташқари ЎзР ФВВ томонидан қўшимча равишда аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракатларга тайёрлаш бўйича йўриқнома тасдиқланган, унда қуйидаги тоифаларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш белгилаб қўйилган:
Do'stlaringiz bilan baham: |