7. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар учун тўловлар мажбурий ҳисобланади.
8. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар учун тўловлар Истеъмолчилар томонидан тўлов амалга оширилаётган, ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи санасидан кечикмай ягона транзит банк ҳисобварақларига тўланади ва кейинчалик маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг махсус ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.
Йирик габаритли маиший чиқиндилар ва қурилиш чиқиндилари, суюқ маиший чиқиндилар, чорвачилик, шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича алоҳида хизматлар учун тўловлар бевосита Ижрочининг банк ҳисоб рақамига 100 фоиз олдиндан тўлов асосида амалга оширилади.
Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўлов жисмоний шахсларнинг ихтиёрига кўра чекланмаган ҳолда тижорат банклари ва тўловларни қабул қилиш кассалари, электрон тўлов тизими ва бошқа тўлов шаклларида амалга оширилади.
9. Тўловни ҳисоблаш тегишли даврларда амалда бўлган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар учун тарифлар бўйича амалга оширилади.
Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни (йирик габаритли маиший чиқиндилар ва қурилиш чиқиндилари, чорвачилик, шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар бундан мустасно) олиб чиқиш бўйича хизматлар учун тўлов тарифлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.
10. Истеъмолчилар бўнак тариқасида тўланган тўловлар учун, ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда, тўлов амалга оширилган санадан ўн икки ойдан ошмайдиган даврга қайта ҳисоб-китоб қилишдан озод этиладилар.
11. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларнинг қайта ҳисоб-китоби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
12. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича тегишли бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганда ёки хизмат кўрсатилмаган тақдирда Истеъмолчи тегишли давр учун тўловлардан озод этилади.
13. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатилмаган ёки тегишли бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганлиги ҳолати аниқланган ҳолларда манфаатдор шахслар томонидан Истеъмолчи, Ижрочининг вакили, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакили томонидан имзоланадиган, хизматлар кўрсатилмаганлиги ёки тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганлиги ҳолатини тасдиқловчи далолатнома тузилади.
Хизматлар кўрсатилмаганлиги ёки тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида тузилган далолатнома қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш, учун асос ҳисобланади.
Ижрочи томонидан кўрсатилаётган хизматлар билан боғлиқ равишда Истеъмолчига ёки унинг мол-мулкига зарар етказилган тақдирда, Истеъмолчи томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда етказилган зарар ҳолати қайд этилган далолатнома тузилади.
Далолатнома Истеъмолчининг имзоси, Ижрочи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакилларининг имзолари бўлгандагина ҳақиқий ҳисобланади.
Ижрочининг вакили келмаган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакилининг имзоси етарли ҳисобланади.
Ижрочининг вакили далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда у ушбу далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлик сабабларини ёзма равишда асослаши шарт. Акс ҳолда Истеъмолчи маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар учун тўловларни суд қарори қабул қилингунига қадар тўхтатишга ҳақлидир.
Мулк эгалари томонидан Санитар тозалаш марказига ёки унинг туман (шаҳар)га бириктирилган вакилларига кўп квартирали ва якка тартибдаги уйларда ҳақиқатда истиқомат қилаётган шахслар йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар учун тўлов ундирилмайди.