НЕМИС АДАБИЁТИДА ШАРҚ ТАБИАТИ ТАСВИРИ
Ф.ф.д (PhD) А.Турсунов, НамДУ
Маълумки, бадиийликнинг муҳим қисмларидан бири пейзаж бадиий адабиётда кенг қўлланилади. Ёзувчи табиат тасвирлари орқали ўқувчини бевосита воқеалар содир бўлган маконга етаклайди ва бунинг учун турли бадиий тасвир воситаларидан кенг фойдаланишга харакат қилади.
Шарқ мамлакатларининг, хусусан, юртимизнинг гўзал ва бетакрор табиати нафақат Шарқ ёзувчи ва шоирлари томонидан тараннум этиб келинган, балки немис адиблари томонидан ҳам моҳирона тасвирланганини улар яратган асарларда кўришимиз мумкин.
Немис ёзувчиси Фриц Вёртленинг “Бобур – Йўлбарс (Babur, der Tiger)” номли асари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарининг1494-1496 йиллар воқеаларига асосланган.
Муаллиф асарнинг кириш қисмида Бобур ҳақидаги қуйидаги маълумотларни келтириб ўтади. “Мазкур ҳикоянинг бош қаҳрамони 16 аср бошларида яшаган ва ҳукмронлик қилган Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. У 11 ёшида Фарғонанинг хони бўлди. Унинг билан Ҳиндистонда бир неча асрлар ҳукмронлик қилган мўғуллар империяси бошланган. Бобур ўз ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларни ўз қўли билан, она тили бўлмиш чиғатой-туркий тилида ёзиб баён қилган. Бу қўлёзма “Бобурнома” дейилади ва ушбу қўлёзма менинг ҳикоямга асос бўлди” (Der junge Held dieser Erzaehlung, Zadir-Eddin Muhammad Babur, lebte und regierte zu Anfang des 16. Jahrhunderts. Mit elf Jahren wurde er Khan von Fergana. Mit ihm begann die Dynastie der Moguln, die Indien durch Jahrhunderte beherrscht haben. Babur hat mit eigener hand die Abenteuer seines Lebens in der Sprache seiner Heimat, dem Dschagatei-Tuerkischen, aufgezeichnet. “Baburname” heist dieser Niederschrift und sie wurde dieser Geschichte zugrunde gelegt) [1; 5-б.].
Мазкур қиссада Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёшлиги, яъни эндигина тахтга ўтирган ёш шаҳзоданинг ҳаёти ва фаолиятининг қисқа даври бадиий талқин қилинган. Асарда темурийлар даврида Фарғона водийсидаги ижтимоий-сиёсий ҳолат, водийнинг табиати, аҳолисининг касби-корига ҳам эътибор қаратилган. Ёзувчи ушбу китобда Бобурга юксак ҳурмат-эҳтиромини кўрсата олган. Қиссадаги воқеаларни ўқир эканмиз, асар муаллифи Бобур ва унинг меросини нақадар чуқур ўрганганини гувоҳи бўламиз. Албатта, ёзувчи бу тарихий далиллар билан бирга бадиий тўқималардан кенг фойдаланган, фикримизча, ёзувчи бунга ҳақли. Зеро, “бадиий тўқима ёрдамида ҳаёт моҳиятини очиб берган ва тасвирлаш маҳорати билан китобхонни ишонтира олган ёзувчи асари турмушнинг ўзидан олинган, тўқиб чиқарилмаган, лекин тасодифий, хусусий тарздаги далиллардан иборат бўлган асарга нисбатан ҳаққонийроқдир” [3; 49-б.].
Ф.Вёртле ўз асарида табиат тасвирлари: боғлар, тоғлар ва ҳатто чўлларни ҳам ажойиб маҳорат билан тасвирлайди. Тарихдан маълумки, темурий ҳукмдорлар ўзлари ҳукмронлик қилган ўлкаларда шаҳарсозликка ва боғлар яратишга катта эътибор қаратганлар. Мазкур қиссада Умаршайх Мирзонинг боғи қуйидагича тасвирланади: “У(Умаршайхмирзо) бу ерда ўз ўй-фикрлари билан ёлғиз қолар, қушларнинг ёқимли сайрашига, фавворанинг шалдирашига ёлғиз қулоқ тутар, унинг томчилари ой нурида ялтираб тун кўксига кўтариларди-да, шу заҳотиёқ парча-парча бўлиб, атрофидаги гуллар экилган ҳовузга беҳол қуйиларди” [2; 57-б.]. Яна бир мисол, муаллиф асарнинг “Ҳужум” деб номланган бобида Фарғона тонгини шундай тасвирлайди: “Фарғона устида тонг отди, кўкимтир бўлиб тонг нури ёйилмоқда, саҳрони тонгги шабада ялаб ўтди. Ҳозир қуёш кўтарилади, у оловли олтин тўлқинларини ер юзи бўйлаб ёяди, ер худди эндигина вужудга келгандек бўлади” [2; 107-б.].
Ёзувчи асарни яратишда хаёлан шарқнинг боғларида сайр қилганлигини мана бу тасвир орқали ҳам билиб олишимиз мумкин. “Ким бу лаҳзаларда шарқнинг илоҳий боғларида кезишни истамайди? У ерда хилма-хил қушлар қўшиқ айтади, турфа гуллар чамандек очилади, гулларда майда-майда шудринг доначалари йилтиллайди. Қара, анави оппоқ атиргулни, унинг баргларидаги гўзалдан-гўзал, катта-кичик шудринг мунчоқларида кўм-кўк само акс этган. Чайқалиб турган гул баргидаги шудрингда кичкинагина юмалоқ олам жо бўлгандек гўё” [2; 107-б.].
Албатта, бу тасвир муаллифнинг шарқ халқлари тарихи ва ҳаётига оид кўплаб адабиётларни ўрганганлигини кўрсатади, лекин айрим ўринларда муаллиф шарқ флорасини ўта бўрттириб юборганлигини кўриш мумкин.
Асарнинг “Осмондаги темир қозиқ” номли илк бобида улкан анор дарахти образи берилган. Анор дарахти, жумладан, шундай таърифланади: “У шунчалик кексаки, ёши нечадалигини ҳам аниқлаш қийин.... Одамларнинг фикрича, кекса анор дарахти узоқ-узоқ замонлардан бери ёнидан ўтган барча ҳайвонларни, одамларни, ҳали яна ўтадиганларнинг барчасини биларкан... Халқда уни “Меҳр-шафқат тимсоли” деб аташади, ...негаки у ўз муридларининг бошини силамоқчи бўлган пирдек бақувват қўлларини ҳар томонга ёйган. Дарахтнинг меҳр-шафқатлилиги унинг соясида, ёзнинг жазирама иссиғидаги салқин, ёқимли соясида билинади” [2; 10-б.].
Биз бу ерда муаллифни айбламоқчи эмасмиз. Бироқ наҳотки муаллиф анор дарахт эмас, дарахт бўлганда ҳам улкан дарахт эмас, балки мева берувчи оддий бута эканлигини билмасмикан, деган савол туғилади. Ёки бу қандайдир рамзий образ, гиперболами? Агар бу гипербола бўлса, унинг қандай рамзий маъноси бор? Нечун шарқдан ғарбга, ғарбдан шарққа ўтувчи барча йўловчи унинг соясида тўхтаб ўтади, ўсмир Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса доимо унинг соясида устози Мирзо Уллоҳдан сабоқ олади? Ёки қадим-қадимларда улкан дарахт бўлган анор бизнинг давримизга келиб бутага айланиб қолганми? Бизнинг фикримизча, муаллиф бу ерда чинор дарахтини анор билан алмаштирган. Тарихдан маълумки, Андижоннинг теварак-атрофи XV-XVI асрларда географик жиҳатдан чўл ҳудудларидан иборат бўлган, шаҳар ва қишлоқларни қум бўронларидан асраш учун сада-қайрағочлар экилган. Бу дарахтлар улкан бўлиб, узоқ йиллар яшаган. Анор дарахти эса бутасимонлар оиласига киради ва уларнинг энг каттаси 10 метргача ўсади.
Ф.Вёртле ўз асарида немис ўқувчисига имкон даражасида Шарқ халқлари ҳаёти ва Фарғона водийсининг географик ўрни, аҳолисининг тумуш тарзи ҳақида етарлича маълумотлар беришга ҳаракат қилган. Қиссанинг “Отда тоғдан ошиш” деб номланган бобида Фарғонани тоғлар билан ўралган ям-яшил водий эканлиги, водийга кириш учун довон ошиш кераклиги, одамлар буғдой унидан нон ёпиши, қўй ёғини кўп истеъмол қилиши ва қимиз ичишини ўзига хос бадиий тарзда тасвирлаб беради. “Бобур жангчилари тоғ ошиб яшил водийга етиб келишганда тун чўка бошлаганди. “Ҳадемай кеч тушади. ...Одамлар ейиш учун нимадир тайёрлашди, бу кўчманчиларнинг оддий овқати эди. Баъзилари буғдой унидан хамир қориб, уни силлиқ тош устига ёйиб, оловга қўйишди. Шу тахлит нон пиширишди. Туз ва қўй мойи солинган чой ичишди. Бошқалари ёғоч идишлардан ичида янги қайнатилган балиқлар сузиб юрган қимизни ичишарди. Шундай қилиб қорин тўйдиргач, жангчилар дарров ухлагани ётишди”.[1; 151-б.]
Муаллиф ўз асарида Шарқнинг гўзал табиатини тасвирлаш учун бўрттириш, муболоға, ўҳшатиш каби бадиий тасвир воситаларидан кенг фойдаланганлигини асарни ўқиш давомида кўришимиз мумкин. Умуман олганда асарда баъзи камчиликлар бўлишига қарамасдан, унда тасвирланган шарқнинг гўзал ва бетакрор табиати ҳар қандай немис ўқувчисини ўзига ром эта олади.
Немис ёзувчиси Фриц Вёртьле ижодида Шарқ табиати тасвирлари турли ташбеҳлар ва қиёслар билан ўзига хос тарзда яратилган ва ёзувчи ижодига юксак бадиийлик баҳш этган.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Woеrtle F. Babur, der Tiger. S. Joergle & Co.Wien 1947. – S.165.
2. Вюртле Ф. Андижон шаҳзодаси. Саргузашт қисса. – Тошкент: 2011.
– 165 б. (Таржимон: Я.Эгамова)
3. Худойбердиев Э. Адабиётшуносликка кириш. – Тошкент: 2003. – 360 б.
Do'stlaringiz bilan baham: |