1.6.Таълим ва машғулотнинг вазифалари
Футболда ташкил қилинган машғулотлар жисмоний тарбия тизими олдида турган вазифаларни ҳал қилишга қаратилгандир. Машғулотнинг асосий мазмуни кишини мутаносиб камол топтириш, унинг ижодий меҳнат қилиш ва Ватанни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган маънавий ҳамда жисмоний қобилятини ҳар томонлама ривожланишдан иборат бўлиши керак.
Бироқ футбол амалиётида баъзан юксак натижалар кетидан қувиб, таълим ва машғулотнинг соғломлашти-ришга йўналтирилганлик томони, яъни тарбиявий характер касб этиши эсдан чиқариб қўйилади. Машғулотга бундай бир томонлама ёндашиш, одатда, нохуш оқибатларга олиб келади.
Футболчининг ниҳоятда соғлом, жисмонан яхши ривожланганлиги юксак ахлоқий-иродавий фазилатлари футбол маҳоратини эгаллаб олишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Футболчиларнинг таълим ва машғулот жараёнида қуйидаги вазифаларни ҳал этиш лозим:
а) спортчилар организмининг (нафас олиш, юрак-қон томири ва бошқа системалар) функционал имкониятларини кенгайтириш;
б) спортчининг ишчанлик қобилятини сақлаш ва ошириш;
в) спорт соҳасига оид билимни кенгайтириш ҳамда гигиена ва ўз-ўзини назорат қилиш малакаларини ҳосил қилиш;
г) меҳнатсеварлик, интизомлилик, онглилик, фаоллик хислатларини тарбиялаш.
Машғулот жараёнида бу вазифаларни изчиллик билан ҳал қилиш юксак спорт натижаларига эришиш учун инсон организмининг ғоят катта имкониятларидан тўлароқ фойда-ланиш имконини беради.
Рақобатчи жамоалар маҳорати даражасининг узлуксиз ўсиб бориши футболчилар тайёрлашга бўлган талабларни йил сайин ҳар томонлама ошириб бориш заруратини туғдиради. Футболчилар тайёрлашга қўйилаётган юксак талабларнинг тўла-тўкис бажарилиши машғулотнинг педа-гогик принципларини изчил амалга ошириш ва, биринчи навбатда, унинг жараёнларини илмий бошқариш қонуният-ларига оғишмай амал қилиш йўли билан таъминланади.
1.7.Таълим ва машғулот воситалари
Жисмоний машқлар, гигиеник омиллар ҳамда табиат-нинг табиий кучи футболчи таълим ва машғулотсининг воситалари ҳисобланади.
Малака ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда такомиллаштириш, асосан, жисмоний машқларни узвий равишда бажариб туриш билан боғлиқдир. Машқлар хилма-хил бўлиб, улар таълим ва машғулот жараёнидан келиб чиқадиган вазифаларга қараб танланади.
Жисмоний машқлар ҳаракатни координация қилишни яхшилаш, кучни, тезкорликни, чидамлилик ва эпчилликни оширишга ёрдам беради. Бунда юрак- қон томири, нафас олиш ва организмнинг бошқа тизимлари фаолияти такомиллашади, натижада спортчининг ишчанлик қобилия-ти ошади, юкламадан кейинги тикланиш жараёни тезла-шади. Ҳар бир машқ у ёки бу сифат ва малакаларга оз ёки кўпроқ даражада таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам жисмоний машқлар кўпроқ таъсир этишига қараб тан-ланади.
Футболчиларнинг машғулотсида қўлланиладиган ҳам-ма машқларни шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин: 1) мусобақа машқлари, 2) махсус тайёргарлик машқлари, 3) умумий тайёргарлик машқлари.
Мусобақа машқлари яхлит ҳаракат фаолиятидан ёхуд уларнинг мажмуидан иборат. Бу ҳаракат мажмуи эса футболда ўйин предмети ва батамом футбол мусобақаси қоидалари асосида бажариладиган ҳаракатлар йиқиндисидан иборатдир. Бу ҳаракатлар асосий жисмоний хусусиятлар, вазият ва ҳаракат шакллари муттасил ва кутилмаганда ўзгариб турган бир шароитда комплекс намоён бўлиши билан ифодаланилади ва улар «сюжетга» бирлашган турли ҳаракат фаолиятларининг шароитига қараб кўчма ва ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради.
Махсус тайёргарлик машқлари мусобақа ҳаракатлари элементларини, уларнинг вариантларини, шунингдек, иш-ҳаракатнинг шакл ва характер жиҳатидан бунга жуда ўхшаш хусусиятлар (ўйин ҳаракатлари ва комбинациялари)ни ўз ичига олади.
Махсус тайёргарлик машқлари футболда қатъий равишда ўйин хусусиятига қараб аниқланади. Айни пайтда бу машқлар ўйинда бир хил бўлмайди. Улар футболчи учун зарур бўлган хислат ва малакаларни ривожлантиришга қаратилган ва дифференциал тарзда таъсир этишни таъминлай оладиган қилиб танланади.
Ўз навбатида, махсус тайёргарлик машқлари ёрдамчи ва ривожлантирувчи машқларга бўлинади. Ёрдамчи машқлар асосан ҳаракат шакли ва техникасини эгаллаб олишга кўмаклашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |