3. МЕЗОЛИТ, НЕОЛИТ ВА ЭНЕОЛИТ ДАВРИ ТЕХНОЛОГИК КАШФИЁТЛАРИ
Мезолит (мезо... ва lithos — тош) — ўрта тош даври; палеолитдан неолитта ўтиш даври (мил. ав. 10—7-минг йил-лик). Геологик плейстоцендан ҳозирги голоценга ўтиш даври. Мезолитда ҳайвонот дунёси, ландшафтлар музлик давридан халос бўлиб ҳозирги табиий шароитга мослашган. Музлик даврига мослашган йирик ҳайвонлар (мамонтлар) йўқ бўлиб, янгилари пайдо бўлган. Инсон ҳаётида катта ўзгаришлар содир этилган. Мезолитда ўқ-ёйнинг кашф этилиши билан якка оила бўлиб яшаш имконияти туғилган. Тош, суяк, ёғочдан микролит қуроллар (пичоқ, қирғич, болта) кашф қилинган. Бу қуроллар ёрдамида одамлар якка ҳолда ов қилиш имконига эга бўлишган. Шу тариқа жамоа бўлиб яшашга барҳам берилган. Мезолит даври одамлари овчилик, балиқчилик, теримчилик билан шуғулланганлар.
Ўзбекистон ҳудудида мезолит даврига оид энг қадимги ёдгорлик Қўшилиш бўлиб, у мил. ав. 10-минг йиллик билан даврланади. Ундан микролит қуроллар, пайкон ва учбурчак шаклдаги қуроллар, қўлга ўргатилган тур (буқа ёки сигир) суяги топилган. Бу эса мезолит даври бошида Ўзбекистон ҳудудида одамлар чорвачиликдан хабардор бўлганликларидан далолат беради. Республикамизда мезолитга оид кўплаб ёдгорликлардан Фарғона водийсининг Сўх туманидаги Обишир I ва Обишир V манзилгоҳлари (қ. Обишир маданияти), Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги Мачай ғори кабиларни кўрсатиш мумкин.
Сўнгги палеолит даври такомиллашган тош қуроллари мезолит даври қуролларининг пайдо бўлишига замин яратади. Евросиёнинг жанубий минтақаларида ҳажми 1-2 сантиметрдан иборат геометрик шаклли тош қуролларда фойдаланила бошлайди. Сигмент, трапеция ва учбурчак шаклли кремень (чоқмоқ тош) қуроллари ҳажми жиҳатдан анча кичик бўлиб, улар археология фанида микролитлар (юн. микрос-кичик, литос-тош), деб номланади. Бундай тош бўлакчаларидан одатда қадама сифатида қўлланилган. Микролитлар одат бирор восита ёғоч ёки суякга қотирилиб, камон ўқи учи, бошоқли ўсимликларни ўриш учун ўроқ сифатида фойдаланилган. Шунингдек, терига ишлов бериш каби нозик ишларини бажаришда қурол сифатида ҳам ишлатиш мумкин бўлган. Микролит техникасига асосланган тош қуроллар дастлаб жанубий ўлкаларда аҳолиси орасида тарқала бошлаган бўлса, шимолий минтақаларда сўнгги палеолит даври анъанасига эга бўлган пластикасимон (япалоқ шаклдаги) тош қуроллардан фойдаланиш давом этган. Шимолий ўлкаларда микролит шаклли то қуроллар нисбатан кейинроқ вужудга келади. Ўрта тош даврда микролитлар билан биргаликда макролит (юн. макрос-катта, литос-тош)) қуроллари, хусусан тош болталар ҳам пайдо бўлади. Макролит қуролларнинг ўрмон минтақалари ва тоғли ҳудудларда аҳамияти юқори бўлган. Тош болталар йирик тошларни текис ёриш ва сиртини силлиқлаш асосида амалга оширилган.
Микролит тош қуроллар
Ўқ-ёй
Мезолит даври табиий-геогафик ўзгаришлари ибтидоий давр кишиларининг турмуш тарзини кескин ўзгаришига олиб келади. Жамоа аъзолари маҳаллий ҳудудларда тарқаган фауна ва флораси хусусиятларидан келиб чиқиб ўзлаштирувчи хўжалик шаклларини ташкил этишиб, бу соҳада маълум ихтисослашишни келтириб чиқарган. Натижада ибтидоий аждодларимиз овчилик, балиқчилик ва термачилик ёки уларнинг икки тури билан шуғулланиб кун кечиришган.
Дуккакли ўсимликларни термачлашга асосланган қабилалар бошоқли ўсимликларни маданишлаштириш, овчи қабилалар эса ёввойи ҳайвонларни хонакилаштириб, охир оқибат илк ишлаб чиқариш-деҳқончилик ва чорвачилик шаклларининг вужудга келишига замин яратишган. Бу жараён нисбатан илгарироқ мезолит даврининг ўрталарида Яқин ва Ўрта Шарқ ҳудудларида содир бўлган.
Микролит тошлардан камон ўқларининг, йирикроқ тош учриндиларидан эса найзанинг учига қадама сифатида фойдаланилган. Кишилар тери, суяк ва ёғочларга ишлов бериш, чиғаноқ ва тошлардан тақинчоқлар ясаш, ишлов берилган терилардан кийим-кечак тикиш каби уй ишларини бажарганликларидан далолат берадиган ашёви даллилар учрайди.
Неолит (нео... ва юн. lithos — тош) — янги тош даври, тош даврининг сўнгги босқичи. Осиё ва Европа минтақаларида қайд этилган ва қазиб ўрганилган. Неолит даври осори атиқаларининг аксарияти мил. ав. 6—3-минг йилликлар билан саналади. Тош даврининг бу янги босқичи қарийб 3 минг йил давом этган. Неолит даврида одамзоднинг турмуш тарзи ва иқтисодий ҳаётида бир қатор йирик туб ўзгаришлар содир бўлади. Овчилик ва теримчилик каби табиатга боқим ҳаётий машғулотлар негизида ибтидоий деҳқончилик ва хонаки чорвачилик юзага келиб, кишилик тарихида илк бор дастлабки ишлаб чиқарувчи хўжаликларга асос солинди. Неолит одамининг хўжалик ҳаётидаги тараққиёт тақозоси билан сополдан идиш-товоқлар ясалиб илк кулоллик, суяк ва ҳайвон шохларидан дук, игна, бигиз ва урчуқ тошлар ҳамда оддийгина ёғоч дастгоҳлари ясалиб, ип йигириш, балиқ ови тўрларини тўқиш ва хонаки тўқимачилик юзага келади. Чакмоктошлардан турли хил майда ва йирик махсус (ўқ-ёй ва найза пайконлари, парма, пона, арра, болта, ўроқ, ўроқранда) қурол ва асбоблар ясалиб, тош қуроллар ясаш услубияти такомиллашди. Тош қуроллардан кенг фойдаланилди. Тош болталарни пармалаб дастага ўрнатиш, силлиқлаб тиғини чиқариш, синган сопол идишларни чегалаш, мунчоқ ва турли тошлардан ясалган маржонларни ипга ўтказиб шодалаш учун пармалаш каби техник усуллар кашф этилди. Тош болта, пона, ўроқ, ўрокранда, арра, чопқилар каби хўжалик қуроллари воситасида деҳқончиликдан ташқари, синчкори чайла ва кулбалар каби турар жойлар барпо этилиб, қайиқлар ясалади. Неолит одамининг меҳнат фаолиятидаги ўзгаришлар, хўжалик ҳаётида юзага келган ихтиролар туфайли бу тарихий боскич, фанда «Неолит инқилоби» деб аталди. Бу босқич давомида она уруғдошлиги тизимлари камол топди. Ибтидоий деҳқончилик ва чорвачиликка асос солинди, кулоллик ва тўқимачилик каби касб-ҳунарлар кашф этилиб, ота уруғдошлигига ўтиш учун замин яратилди.
Бироқ, табиий географик шароитларнинг тақозоси билан Неолит кабилаларининг турмуш тарзи турли минтақаларда ҳар хил кечди. Шу боисдан ҳар хилҳудудда ўзига хос неолит даврининг турли хил маданияти шаклланди. Ибтидоий деққончилик ва хонаки чорвачиликка асосланган маданий хаёт Яқин Шарқ мамлакатлари (Миср, Ирок, ва Эрон) ҳудудларида мил. ав. 6—4-минг йилликлардаёқ қадимги деҳқончилик ўлкаларида тош тишли қадама ўроқ, тош ҳовонча ва суякдан ясалган кертма кетмончалардан фойдаланилиб, арпа, жайдари буғдой, тариқ, ловия ва шоли каби бошоқли ўсимликлар маданийлаштирилди, гувалалардан уйлар бино қилиниб, аввал қўлда, сўнгра қўл чархида гулдор сопол идишлар ва аёл ҳайкалчалари ясалди.
Мил. ав. 6—3-минг йилликларда Ўрта Осиёда истиқомат қилган қабила ва жамоалар 2 йўналишда ривож топди. Масалан, унинг жанубий-ғарбий ҳудудларида неолит даври жамоалари илк деҳқончилик ва хонаки чорвачилик (эчки, қўй ва қорамол) билан шуғулланган бўлсалар, унинг шимолий ва шимолий-шарқий ҳудудларида эса бу даврда одамлар овчилик ва балиқ овлаш билан кун кечирадилар.
Неолит даврининг ўтрок, илк қишлоқ харобалари дастлаб Туркманистоннинг Копетдоғ этакларида топилган. Бундай ёдгорликлар Жойтун маданияти номи билан аталган. Қадама тишли ўроқ, пичоқ, суякдан ясалган игна, бигиз ҳамда турли рангли тасвирлар туширилган сопол идиш бўлаклари топилган. Бу илк зироаткор қишлоқда 150-180 нафар деҳқончилик, чорвачилик ва қисман овчилик билан кун кечирган ўтроққишлоқжамоаси яшаган. Хўжаликда аёллар, айниқса, оналарнинг мавқеи кучли бўлган. Чунки, бу даврда она уруғдошлиги муносабатлари кенгайиб, ундан кичик жуфт оилалар ажралиб чиқа бошлаган тарихий босқич қарор топган.
Ўрта Осиёнинг жанубийҳудудларида ўтроқ деҳқончилик ва чорвачилик қарор топиб, ишлаб чиқарувчи хўжалик шаклланаётган замонда, унинг шимолий ва шарқий қисмида жойлашган кенг даштликлар ва тоғликларда овчи ва балиқчи, овчи ва термачи қабилалари яшардилар. Мил. ав. 5—3 минг йилликларда Амударё, Сирдарё ва Зарафшон хавзалари ва улардан шимолда яшаган овчи-балиқчи қабилаларнинг турар жой қолдиқлари дастлаб қадимги Хоразмерларида топиб ўрганилди. Бу ёдгорликлар фанда Калтаминор маданияти номини олган. Жонбос 4 ёдгорлигидан улкан чайла қолдиклари кавлаб очилган. Унингмайдони 300 кв.м гатенг. Унда 100— 120 нафарли уруғ жамоасининг балиқчи-овчилари истиқомат қилган. Қайд этилган ёғоч ва қамиш қолдиқларига қараганда чайла кўп устунли, япалоқроқ шаклда бўлиб, томи қамиш билан ёпилган. Унда битта катта ва унинг атрофида 20 дан ортиқ майдароқ ўчоқ ўринлари қайд этилган. Ўчокдар гирдидан ва чайладан балиқ, тўнғиз, жайрон, буғу, қуш суяклари, тухум пўчоқлари ҳамда тош қуроллар, сопол парчалари топилган.
Калтаминор маданиятига мансуб ёдгорликлар Зарафшон водийсининг қуйи оқимидан ҳам топиб ўрганилган. Дарвозақирликлар чайласи номи билан юритилган бу ёдгорликдаги чайла тўғри бурчакли тўртбурчак шакдда қурилган. Саҳнининг узунлиги11,6 м, кенглиги 7 м, майдони 81,5 кв.м га тенг. Унда 30—35 нафардан иборат овчи ва балиқчилар жамоаси истиқомат қилган. Чайла ташқарисида бир қанча ўчоқ ўринлари қайд қилиниб, ундан чақмоқтош қуроллар (ўқ-ёй пайконлари, ўроқ, ранда, кескич, қирғич, тешгич, сўзан, парма ва болта), сопол идиш бўлаклари, балиқ, парранда ва ёввойи ҳайвон суяклари топилади.
Деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликлари ҳамда ўтроқ ҳаёт билан боғлиқ турли хилдаги касб-ҳунарларнинг кенгайиб бориши оқибатида чақмоқтошга бўлган талаб ошади. Шу боисдан тоғ ва тоғ олди ҳудудларида яшовчи қабилалар жамоасида тоғлардан юқори сифатли хом ашё конларини излаб топиш ва улардан чақмоқтош қазиб олувчи кончилар гуруҳи пайдо бўлади. Хом ашё, даставвал тоғ юзасига чиқиб қолган тош харсангларидан синдириб олинган, сўнгра қазиб чиқарилган. Бунинг учун ўра ва лаҳмлар кавланиб, конлар барпо этилган. Бундай шахтали неолит даври конларидан бири Навоий вилоятининг Учтут қишлоғи яқинида топиб текширилган (мил. ав. 5—3-минг йилликларга мансубдир.). Ўрта Осиёда, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида бундан 5—7 минг йил муқаддам илк бор кон саноатига асос солингани маълум бўлди. Неолит даври шахталари Англия, Франция, Кения, Швеция, Германия ва Белоруссия каби ҳудудларида хам ўрганилган. Неолит даврининг охирида одамлар металлдан, дастлаб мисдан ҳар хил тақинчоқлар, буюм ва қуроллар ишлашни ўрганиб оладилар.
Неолит даврида тошга ишлов бериш янада такомиллашган ва мукаммал усуллари вужудга келиб, уларнинг тури ва сони янада кўпаяди. Бу асосан кремен-чақмоқтош кўп учрайдиган Евросиёнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида кўпроқ намоён бўлади. Кремен кам учрайдиган жанубий ўлкалар, хусусан, Ўрта Осиёнинг айрим ҳудудларида тош қуролларига ишлов беришнинг архаик шакли сақланиб қолади. Жанубий ўлкаларда микролит техникаси такомиллашган бўлса, шимолда тошга ишлов беришнинг сўнгги палеолит давридан маълум бўлган “пластинкасимон”усули сақланиб қолади. Шимолнинг ўрмон даштларида макролит, хусусан тош болталар кенг тарқалади. Ёғоч ва суякларнинг турли меҳнат қуроллари ва қурол яроғлар тайёрлашдаги муҳим хом ашё сифатидаги аҳамияти янада ортади.
Тасма услубида сопол идиш ясаш
Энеолит (лот. aeneus — мис, мисли ва юн. lithos — тош), мис даври, мис-тош даври — неолитда жез асрига ўтиш даври (мил. ав. 4—3 - минг йилликлар). Энеолит даврида инсоният мисдан илк бор фойдалана бошлаган. Аммо мис юмшоқ ва мўрт эди, бу эса уни ишлатишни қийинлаштирарди. Шунинг учун мис 100 минг йиллаб ишлатилиб келинган тош қуролларни истеъмолдан сиқиб чиқара олмади. Шунга кура, бу давр мис-тош даври ҳам дейилади. Энеолит даври археологик ёдгорликлари Зарафшон қуйи оқимида Каптарнинг қуми, Катта Тузкон маконлари, Саразм, Намозгоҳтепа, Қорадепе (Туркманистон) кабиларда қазиб ўрганилган. Бу даврда одамлар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганлар. Меҳнат қуроллари тош-дан, суякдан тайёрланган. Кулолчилик анча равнақ топган: идишларга геометрик накшлар солинган, одам ва ҳайвон тасвирини солиш ҳам одат бўлган. Энеолит даври ёдгорликларидан қазиш пайтида пиширилган лойдан ясалган кўплаб аёл ҳайкалчалари (маъбудалар) топилган. Бу энеолит даврида ҳали она уруғи (матриархат) бўлганлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |