Ишсизлик даражасининг йўл қўйилиши мумкин бўлган меъёрлардан ошиб кетишини олдини олиш
Аҳоли бандлигини таъминлаш, аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича зарур шароитлар яратиш ижтимоий сиёсатимизнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолади. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш натижасида 2014 йилда мамлакатимизда 1 миллионга яқин иш ўрни ташкил этилди. Уларнинг 60 фоизи қишлоқ жойларда яратилгани айниқса эътиборлидир.
Фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва янгилаш 64,6 мингта иш ўрни ташкил этишга шароит яратди. Хусусан, «Ўзбекенгилсаноат» компаниясида (4073 та иш ўрни), «Ўзбекэнерго» (1 434 та иш ўрни), «Ўзбекистон темир йўллари» (1 010 та иш ўрни), «Ўзбекнефтгаз» (851 та иш ўрни), «Ўздонмаҳсулот» (795 та иш ўрни),«Ўзавтосаноат» (834 та иш ўрни), «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси корхоналарида (694 та иш ўрни) ташкил этилди.
«2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги дастур доирасида амалга оширилган, мавжуд қувватларни модернизациялаш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича 167 та лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши, шу жумладан енгил саноатда 19 та йирик лойиҳанинг, фармацевтикада 15 та, нефтгаз саноатида 11 та, автомобиль ва электротехника соҳаларининг ҳар бирида 10 та, пахта тозалаш саноатида 8 та, чарм-пойабзал ва дон маҳсулотлари саноатининг ҳар бирида 6 тадан лойиҳаларнинг амалга оширилганлиги бунга имкон яратди. Хусусан, «Тошкент вилоятида тўқимачилик комплексини ташкил этиш», «Story Max Invest» МЧЖ қўшма корхонасида «Газ-бетон ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Бекободцемент» ОАЖда қуруқ усулда цемент ишлаб чиқаришнинг янги линиясини қурган ҳолда мавжуд ишлаб чиқаришни модернизациялаш», «Муборак газни қайта ишлаш заводида чиқиб кетаётган қувватларни қоплаш» ва бошқа шу каби йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.
Маҳаллий истеъмол моллари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқарувчи корхоналарга технологик ускуналар харид қилиш ва айланма маблағларни тўлдириш учун 2 116,6 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида телевизорлар, энергияни тежовчи лампалар, ўсимлик мойи ва сариёғ, сутли маҳсулотлар, мева-сабзавот консервалари ва бошқаларни ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошди. Енгил саноат корхоналарида тикув-трикотажнинг 36 та янги тури ва 68 та тайёр тикув-трикотаж модели чиқарилди, «Навоий» эркин индустриал иқтисодий зона ҳудудида автомобиль газ баллонлари, ўзгарувчан арматура ва полимер маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи иккита янги корхона ишга туширилди.
76 турдаги янги маҳаллийлаштирилган маҳсулотни, шу жумладан пахта териш машиналари, насослар, синтетик комплекс иплар, ҳаво, мой ва ёқилғи фильтрлари, болалар ўйинчоқлари, ювиш воситалари, аккумулятор блоклари, ер усти транспорти учун хавфсиз ойналар, микротўлқинли печлар ва бошқаларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |