Халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш ва улар билан бозорни тўла қондириш
Мамлакатимизда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни тубдан ошириш бўйича ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ҳам амалий самарасини бермоқда. Ўтган йили ана шундай товарлар ишлаб чиқаришнинг ўсиш ҳажми 14,4 фоизни ташкил этди ва ялпи саноат ҳажмида уларнинг улуши 35,5 фоизга етди. Бундай товарларнинг рақобатдошлиги нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам тобора ортиб бормоқда.
2013 йил, айниқса, мамлакатимиз электр техника саноати учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистонда «Artel» бренди остида мобил телефон ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўзбекистонда ўзбек тилидаги мобил телефон ишлаб чиқариш бўйича дастлабки лойиҳа “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибидаги “Infinity Electronics” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида истеъмолчиларга олти русумдаги мобил алоқа воситаси, жумладан, сенсор экранли учта “Adi5”, “Adi5 CDMA” ва “Komi3” смартфонлари, шунингдек, “U30”, “H35” ва “D83” телефонлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг“2012-2015 йилларда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2012 йил 2 августда 234-сонли қарори қабул қилинди.
Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасидан маълум қилишларича, 2013 йили тизим корхоналари томонидан таққослама нархларда 3,3 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, барқарор ўсишга эришилди. 2013 йилда мамлакатдаги машинасозлик корхоналари томонидан 12079,5 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 121,1%ни ташкил этди. Машинасозлик тармоғининг республика саноат ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши 2012 йилдаги 17,5%дан 2013 йилда 19,8%га етди.
2013 йилда 251342 дона автомобиль ишлаб чиқарилди (ўтган йилга нисбатан 4,8%га кўп), шу жумладан юк автомобилларини ишлаб чиқариш 36,9%га, енгил автомобиллари – 4,5%га, автобуслар – 3,3%га ўсди4. 2013 йилда енгил саноат корхоналари томонидан 7955,5 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, олдинги йилга нисбатан ўсиш суръати 113,2%ни, тармоқнинг саноат ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши 13%ни ташкил этди.
2014 йилда иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион долларга тенг бўлган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.
Уларнинг қаторида йилига 60 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси» масъулияти чекланган жамияти базасида «Дамас» ва «Орландо» русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш», «Жиззах вилоятида 760 минг тонна портландцемент ёки 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш», «80 минг тонна рух концентратини қайта ишлаш бўйича рух заводини реконструкция қилиш», «Мис эритиш заводида янги сульфат кислота цехини қуриш», электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини 50 мегаваттга ошириш мақсадида «Сирдарё иссиқлик электр станциясини тўлиқ миқёсда модернизация қилиш», Қорақалпоғистон Республикасидаги «Манғит» масъулияти чекланган жамияти базасида йилига 5 минг тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга бўлган ип-калава йигирув корхонаси ташкил этиш» ва бошқа объектларни тилга олиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |