Бироқ кузатиш методининг камчиликлари ҳам мавжуд. Булар :
1.Текширувчининг пассив ҳолатни эгаллаганлиги.
2.Қайд этишдаги хатолар.
3.Қайтариш имконининг йўқлиги.
4.Натижаларни таҳлил қилишдаги субьективизм.
Кузатиш методининг ижобий томони шундаки, экспериментал равишда ўрганиш имкони бўлмаган фаолиятни анализ қилиш, бола хулқ-атворини табиий шароитда ўрганиш имконияти мавжуд.
Кузатиш педагогик амалиётда қўлланиладиган асосий методлардан биридир.Кузатиш интерваллари ёшга боғлиқ бўлиши керак.
Туғилгандан 2 - 3 ойгача – ҳар куни
- 3 ойдан - 1ёшгача – ҳар ҳафта
Илк болалик яъни 1 – 3 ёшда – ҳар ойда
ёшдан 6 – 7 ёшгача – ярим йилда 1 марта
7 – 11 ёшда – 1 йилда 1 марта кузатиш ўтказилиши зарур.
Эксперимент методи. Эксперимент методи табиий ва лаборатория эксперименти турларига бўлинади. Бу метод психик ҳолатни таърифлашгагина эмас, балки уларни тушунтириб беришга ҳам имкон беради.
Кузатишдан фарқли ўлароқ, психологик эксперимент тадқиқотчининг синалаётган фаолиятга фаол аралашуви мумкинлигини назарда тутади. Жумладан, психологик факт аниқ намоён бўлишига, унинг тадқиқотчи хоҳлаган йўналиш бўйича ўзгартирилишига, ҳар жиҳатдан тадқиқ қилиш учун бир неча марталаб такрорланишига имкон берадиган шарт-шароитни яратади.
Лаборатория экспериментининг характерли белгиси фақат унинг лаборатория шароитларида махсус психологик асбоб-ускуналар ёрдамида ўтказишларида ва синалувчининг хатти-ҳаракаталари йўл-йўриққа биноан содир бўлиши билангина эмас, балки синалаётганлигини биладиган синалувчи (гарчи, одатда, синалаётган киши экспериментнинг моҳияти нимадан иборатлигини, қонкрет нимани ва нима мақсадда тадқиқ қилинаётганлигини билмаса ҳам) кишининг муносабати билан ҳам белгиланади. Лаборатория эксперименти ёрдамида диққатнинг хоссаларини, идрок, хотира ва бошқаларнинг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ қилиш мумкин. Ҳозирги пайтда лаборатория экспериментини кўпинча шундай тарзда ўтказишадики, унда одам одатдаги шароитларда бажариши мумкин бўлган фаолиятнинг баъзи психологик жиҳатлари моделлаштирилиб қўйилади. Жумладан, экспериментда анчагина ҳиссий зўриқиш вазияти моделлаштирилиб, унинг жараёнида синалувчи, масалан, касби-кори учувчи бўлган киши англанилган ечимлар қабул қилиши мумкин. Юксак даражадаги уйғунликни тақазо этадиган мураккаб ҳаракатлар қилиши, асбоблардаги кўрсаткичларга муносабат билдириши ва ҳоказолар белгилаб қўйилган бўлиши мумкин.
Табиий эксперимент (биринчи марта 1910 – йилда А.Ф. Лазурский таклиф этган) мўлжалланганига кўра, эксперимент ўтказилаётганини биладиган синалувчида ҳосил бўладиган зўриқишга йўл қўймаслиги ва тадқиқотни одатдаги, табиий шароитларга (дарс, суҳбат, ўйин, уй вазифаларини бажариш ва бошқалар) кўчириши лозим.
Масалан, материални ёдлашнинг самарадорлиги уни узоқ вақт хотирада сақлаб қолиш тўғрисидаги кўрсатмага боғлиқлигини тадқиқ қилиш табиий экспериментга мисол бўла олади. Болалардан бир гуруҳи ўрганилиши лозим бўлган материал билан таништирилади ва ушбу материал юзасидан эртасига сўралишини айтади. Бошқа бир гуруҳда эса ўқув материали худди шундай тарзда ўтилиб бўлгач, болаларга ўтилган дарс бир ҳафтадан сўнг сўралиши айтилади. Ҳақиқатда эса ҳар иккала гуруҳда ҳам болалардан икки ҳафтадан кейин сўралган. Ана шу табиий эксперимент жараёнида материални узоқ вақт хотирада сақлаб қолишга мўлжалланган йўл- йўриқнинг афзалликлари аниқланади.
Психологик-педагогик тадқиқот вазифаларини бажарадиган табиий эксперимент психологик-педагогик эксперимент деб аталади. Ҳар хил ёш босқичларида болаларнинг билиш имкониятларини ўрганишда, бола шахсини шакллантиришнинг қонкрет йўлларини аниқлашда унинг роли бениҳоя каттадир. Психологик-педагогик эксперимент уч қисмдан иборат. Аниқловчи, шакллантирувчи, назорат экспериментлари. Аниқловчи экспериментда синалувчилардаги бирор психик жараённинг ривожланиш
даражаси аниқланади. Масалан, боладаги хотиранинг ривожланиш даражаси “Мейли” тести ёрдамида аниқланиши мумкин. Шакллантирувчи экспериментда аниқланган психик жараён меъёрдан орқада бўлса, уни ривожлантириш бўйича махсус машғулотлар ўтказилади. Мисолга қайтсак, хотирани ривожлантириш бўйича машғулотлар ўтказилади. Назорат тажрибаларида шакллантирувчи таъсирнинг самарадорлигини аниқлаш учун диагностик метод яна бир марта такроран ўтказилади.”Мейли” тести яна бир бора ўтказилиб, махсус математик- статистик методлар ёрдамида шакллантирувчи таъсирнинг самарадорлиги аниқланади.
Анкета. Саволлар ёрдамида психологик ахборот тўплашнинг методик усулидир. Бунда саволлар мантиқан бир-бири билан боғланган бўлиб, тадқиқотнинг мақсадига мос келади. Анкета ёрдамида ўқитувчи болалар шахсий сифатларини аниқлаш учун материал тўплайди.
Таклиф этиладиган саволларга қараб, анкеталар мазмун, функцияси, шакли бўйича турли хил бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |