ФАН ВА ИЖОДИЁТ
Режа:
Асосий таъриф ва тушунчалар. Илмий тадқиқотлар услублари.
Илмий тадқиқотларнинг асосий турлари ва бажарилиш босқичлари
Илмий тадқиқотлар мавзуларини танлаш ва баҳолаш.
Таянч сўз ва иборалар: фан; илмий ижодиёт; назария; илмий конун; гипотеза; илмий билиш услублари; кузатиш; таққослаш; ўлчаш; эксперимент; эмпирик тадқиқот; таҳлил (анализ); синтез; индукция; дедукция; абстрактлаштириш; формаллаштириш; моделлаштириш; фундаментал; амалий; илмий йўналиш; муаммо; мавзу; эксперт баҳолаш услуби.
2.1. Асосий таъриф ва тушунчалар. Илмий тадқиқотлар услублари
1. Илм–фан–инсон фаолиятининг махсус соҳаси бўлиб, унинг вазифаси борлиқ ҳақида объектив билимларни ишлаб чиқиш ва назарий тизимлаш–тиришдан иборат. Ушбу соҳага қуйидагилар киради:
илмий тушунчалар, тамойил ва аксиомалар, илмий қонунлар, назария ва гипотезалар, эмпирик илмий фактлар,тадқиқот услублари, усул ва йўллари шаклидаги муттасил тўлдирилиб, такомиллаштирилиб, ривожланиб борувчи билимлар тизими;
инсонларнинг ушбу билимлар тизимини яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилган илмий ижодиёти;
инсонларнинг ижодиётини илмий меҳнат объектлари, илмий фаолият воситалари ва шароитлари билан таъминловчи ташкилотлар.
Фаннинг ривожланиши фактларни тўплаш, уларни ўрганиш ва тизимлаштириш, умумлаштириш ва айрим қонуниятларни очишдан илмий билимларнинг ҳозирда маълум бўлган фактларнинг мазмун–моҳиятини тушунтириб бера оладиган, янгиларини башорат қилишга қодир бўлган яхлит мантиқий тизимини яратиш йўналишида боради. Илмий билимларнинг асосида тамойиллар (постулат, принциплар) ва аксиомалар ётади, улар тизимлаштиришнинг бошланғич шакли бўлиб, таълимот, назария ва фанларнинг пойдеворини ташкил этади (масалан, квант механикасидаги “Бор постулати”, “Евклид геометрияси” даги аксиомалар ва ҳ.к.)
Назария илмий билимларни умумлаштириш ва тизимлаштиришнинг олий шаклидир. Назария мавжуд объектларни, улар ҳакидаги маълумот–ларни, жараён ва ҳодисаларни тушуниш ва билишга, умумлаштиришга, янгиларини башорат қила олишга имкон берадиган илмий тамойиллар ва қонунларни, тадқиқот услубларини шакллантиради. Шунингдек, назария олинган билимлардан инсонларнинг амалий фаолиятида фойдаланиш бўйча тегишли тавсиялар манбааси ҳамдир.
Илмий қонунлар илмий билимлар тизимидаги муҳим таркибий қисм бўлиб, улар табиат, жамият ва инсон тафаккуридаги энг аҳамиятли, устивор ва такрорланувчи объектив ички алоқаларни акс эттиради. Илмий қонунлар, одатда, умумий тушунчалар, категориялар сарасига киритилади.
Ўрганилаётган объект ҳақидаги маълумотлар етарли бўлмаган ҳолларда тадқиқотчи томонидан илмий натижага эришиш воситаси сифатида гипотезалар қўлланилади. Гипотеза илмий башоратнинг бир тури бўлиб, унинг ишончли илмий назарияга айланиши учун тажрибада синаб кўрилиши ва назарий асосланиши талаб этилади.
Илмий билишнинг умумий ва махсус услублари илм–фандаги масалалар–назарияларни яратиш, борлиқнинг объектив қонунларини кашф этиш, илмий фактларни аниқлаш кабиларни ечишнинг қуроли бўлиб ҳисобланади.
Умумий услублар уч гуруҳга бўлинади:
Эмпирик тадқиқот услублари (кузатиш, таққослаш, ўлчаш, эксперимент);
Назарий тадқиқот услублари (абстрактликдан конкретликка кўтарилиш ва б.);
Эмпирик ва назарий тадқиқот услублари (анализ ва синтез, индукция ва дедукция, моделлаштириш, абстрактлаштириш ва б.).
Кузатиш–объектни ўрганишда унга таъсир этмасдан билиш услубидир. Бунда объектнинг хоссасини, қайд этиш ва ўлчаш билан чегараланилади, унинг ўзгариши кузатилади (масалан, иншоотнинг чўкишини кузатиш). Тадқиқот натижалари бизга реал объектларнинг объектив хосса ва алоқалари хақида маълумот олиш имкониятини беради. Ушбу натижалар тадқиқоти–нинг ихтиёри, ҳиссиёти ва ҳоҳиш–иродасига боғлиқ эмас.
Таққослаш (қиёслаш)–илмий билишнинг кенг тарқалган услуби бўлиб, у “ҳамма нарса қиёсланганда билинади“ деган тамойилга асосланади. Таққослаш натижасида бир неча объектга тааллуқли бўлган умумий жиҳатлар аниқланади. Бу эса, маълумки, қонуният ва қонунларни билиш йўлидаги биринчи қадамдир.
Таққослаш сермаҳсул бўлиши учун қуйидаги икки талаб бажарилиши керак:
Ўртасида маълум объектив умумийлик мавжуд бўлиши мумкун бўлган объектларгина таққосланиши зарур;
Объектларни таққослаш энг аҳамиятли (билиш, ўрганиш нуқтаи назаридан) хоссалари, белгилари ва жиҳатлари бўйича амалга оширилиши шарт.
Ўлчаш таққослашга нисбатан аниқроқ билиш қуроли ҳисобланади. Ушбу услубнинг аҳамияти ўрганилаётган объект ҳақидаги маълумотларнинг юқори аниқлигидадир. Эмпирик билиш жараёнида ўлчаш услуби ҳам кузатиш ва таққослаш каби кенг тарқалгандир.
Эмпирик тадқиқотнинг кўрилган услубларидан фарқли ҳолда, эксперимент илмий жиҳатдан энг умумлаштирилган тарзда қўйилган тажриба ҳисобланади. Унда кузатиш ва ўлчашдан ташқари объект жойлашган шарт–шароит, муҳит ва ҳатто тадқиқот объектининг ўзи ҳам маълум тарзда ўзгартирилади. Эксперимент натижасида бир ёки бир неча омилларнинг бошқасига ёки бошқаларига таъсири аниқланади. Кузатишдан фарқли ҳолда, эксперимент тажрибанинг қайтарувчанлигини таъминлайди, турли шароитларда объектни тадқиқ этиш имконини беради, уни “соф ҳолда” ўрганиш мумкин бўлади.
Илмий билишда эмпирик тадқиқот услублари муҳим аҳамиятга эга. Улар фақатгина гипотезаларни тасдиқлаш асосигина бўлиб қолмасдан, кўп ҳолларда янги илмий кашфиётлар, қонунларни очишнинг манбааси ҳам бўлиб ҳисобланади. Эмпирик ва назарий тадқиқотларида анализ ва синтез, дедукция ва индукция, абстрактлаштириш каби универсал услублар кенг қўлланилади.
Анализ (таҳлил)–объектни қисмларга, бўлакларга, томонларга, элементларга ажратиб, уларнинг ҳар бирининг мазмун–моҳиятини ўрганиш, билишдир. Анализ услуби бутунни ташкил этган қисмлар, бўлаклар, томонлар, элементлар уларнинг бутун таркибидаги ўрни аниқланади. Анализ орқали предмет ва ҳодисаларнинг таркиби (структураси), тузилиши ўрганилади ва билинади.
Синтез (ажратиб олиш)–анализ туфайли ажратилган бўлаклар, томонлар, қисмлар, элементларни ўзаро бириктириб, уларни бир бутун ҳолга келтиришдир. Синтез услуби тадқиқотчига бутуннинг бўлаклари, қисмлари, томонлари, элементлари ўртасидаги ва уларнинг бутун билан бўлган алоқа ва боғланишларини билишга имкон беради.
Анализ билан синтез тадқиқот жараёнидаги бир моддий ёки мантиқий амалнинг икки томонидир, улар бир–бири билан боғлиқ ва бир–бирини тўлдиради, уларни бир–биридан ажратиб бўлмайди, чунки табиат ва жамиятда ҳамма жараёнлар кўп томонламадир.
Илмий тадқиқотларда эмпирик, элементар–назарий, таркибий–генетик, анализ ва синтез услублари қўлланилади.
Индуктив услуб ёки индукция–билишнинг шундай усулики, бунда тадқиқотчи ўз тафаккурида текшираётган предмет ёки ҳодисалар тўғриси–даги бир қанча жузъий фактлардан, улар ҳақидаги айрим билимлардан умумийроқ билимларни ҳосил қилади.
Илмий тадқиқотларда индуктив услуб билан ҳосил қилинган билимлар доимо дедуктив услуб ёрдамида текширилади.
Дедуктив услуб ёки дедукция–бу билиш жараёнида фикрида умумий билимлардан жузъий, қисман билимларга келишдир. Дедукция воситасида тадқиқотчи бир синф, бир жинс, бир гуруҳ предмет ёки ҳодиса тўғрисидаги умумий билимлардан уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида билимларни ҳосил қилади. Инсоннинг билиш тажрибасидан шу нарса маълумки, агар бирор хусусият бир синф ёки бир жинсдаги ҳамма придмет ёки ҳодисаларга хос бўлса, бу хусусият шу синф ёки жинсга оид ҳар бир предмет ёки ҳодисага ҳам хос бўлади.
Тадқиқотчи ўрганаётган предмет ёки ҳодисалари устида олиб борган кузатиш ва экспериментлари, анализ ва синтезлари асосида ҳосил бўлган эмпирик фактлар ва маълумотларни ўз тафаккурида умумлаштиради, абстрактлаштиради ва конкретлаштиради. Тафаккур жараёнида юз берадиган бу амаллар ҳам илмий билишнинг умумий илмий услубларини ташкил этади.
Илмий билишнинг умумлаштириш, абстрактлаштириш ва конкретлаш–тириш услублари фақат тафаккур жараёнига оид бўлиб, улар илмий тадқиқотларнинг назарий даражасига хосдир.
Умумлаштириш–бу тадқиқот олиб борилаётган бир қанча предмет ёки ҳодисаларга хос бўлган томонлари, хусусиятлари ва хоссаларини фикрда эътибордан соқит қилиб, тадқиқот учун зарур бўлган бирорта белги ёки хусусиятни мавхум холга келтиришдир.
Абстрактлаштириш–текширилаётган объектларнинг ҳусусий, унчалик эътиборга молик бўлмаган жиҳатларини соқит қилиб, унинг моҳиятини очиб берувчи ҳоссаларини ажратиш ва ўрганишдир.
Абстракция воситасида тафаккурнинг умумлаштирилган натижалари шакллантирилади, улар фикран бошқа ҳодисалар ичидан ажратиб олинади, бу эса улар орасидаги боғланишларни тадқиқ этиш имконини беради. Абстракт фикрлаш–ижодий ёндошишнинг мажбурий шартидир.
Конкретлаштириш–бу умумлаштириш ва абстрактлаштириш жараёнида ажратиб олинган, эътибордан соқит қилинган, олдинги бутун белги ва хусусиятларни яна предмет ва ҳодисалар билан боғлаб, шу предмет ва ҳодиса ҳақида аниқ бир фикр ҳосил қилишдир.
Умумлаштириш, абстрактлаштириш ва конкретлаштириш тафаккурдаги бир мантиқий амалнинг турли томонларидир. Тадқиқотчи умумлаштириш, абстрактлаштириш ва конкретлаштириш усуллари асосида тафаккур жараёнида янги назарий билимларни ҳосил қилади. Бу усулларнинг ҳар учаласи тафаккур жараёнида доимо биргаликда қўлланилиб, бир–бирларини тўлдириб боради.
Умумлаштиришдан абстрактликка ва ундан конкретликка ҳамда конкретликдан умумлаштириш орқали яна абстрактликка томон бориш билишнинг умумий усулларидир.
Тарихийлик–бу ўрганилаётган предмет ёки ҳодисанинг пайдо бўлиши, ривожланиш ва емирилиш жараёнлари бирлигини, унинг тарихий тараққиёт жараёнида бошқа воқеалар билан алоқадорлигини назарий билишга оид усулдир. Тарихийлик деганда, тадқиқ этилётган предмет ёки ҳодисанинг конкрет шароитда пайдо бўлиши, яшаши, ривожланиш ва емирилиш ёки йўқ бўлишидан иборат жараённинг тафаккурда ифодаланиши тушунилади.
Мантиқийлик эса, ана шу тарихийликнинг тадқиқотчи фикридаги умумлаштирилган, абстрактлаштирилган, конкретлаштирилган, қисқарти–рилган, тасодифлардан тозаланган абстракт конкретлик шаклидаги ифодала–нишидир.
Мантиқийликда тарихийликнинг энг зарур ва энг асосий томонлари, хусусиятлари, қонуниятлари ифодаланади. Тарихийлик ва мантиқийлик ўзаро чамбарчас боғлиқ. Тадқиқотчи бирон бир объект устида изланишлар олиб борганида илмий билишнинг бу усулларини тўғри қўллаши лозим. Ҳақиқатан ҳам, тадқиқ этилаётган предмет ёки ҳодисанинг реал тарихини тўғри ўрганиб чиқмай туриб, унинг моҳиятини тўғри ифодалаб бўлмайди.
Кейинги вақтда ЭҲМ ва компьютерларнинг яратилиши, уларнинг ишлаб–чиқаришга кенг жорий этилиши, математик усулларнинг конкрет фанлар соҳаларида самарали қўлланилиши формаллаштириши ва моделлаш–тириш каби янги усулларнинг пайдо бўлишига олиб келди.
Илмий тадқиқотнинг формалаштириш услубининг асосини математик абстраклаштириш ташкил этади.
Формаллаштириш–бу текширилаётган предмет ёки ҳодисанинг маълум конкрет томонлари, хосса ва хусусиятларининг мазмунини мавҳумлаштириб, уни маълум абстракт ифода, формула ёки схемалар билан ифодалашдир. Бу услуб ёрдамида тадқиқ этилаётган объектларнинг ўртасидаги алоқадорлик, уларнинг муносабатлари маълум ифодаларда белгиланади. Масалан: Алгебрадаги математик ифодалар: а+b, ab, a2–2ab+b2 кабилар миқдорий муносабатларнинг формаллаштирилган кўринишидир.
Формаллаштириш усули энг кўп даражада математика, физика, кимё, математик мантиқ, муҳандислик ва техника соҳаларида олиб бориладиган тадқиқотларда қўлланилади. Формаллаштириш усули ўз навбатида модел–лаштириш усули билан чамбарчас боғлиқ.
Моделлаштириш–услуби ўрганилаётган объектга тузилиши ёки функциясига кўра унга ўхшаш лекин унинг ўзи эмас, унинг нусхасини яратиб, шу нусха орқали ҳақиқий объектнинг тегишли хосса ва хусусиятларини ўрганишдир. Илмий тадқиқотларда бу усулнинг вазифаси одатда, текширилаётган объектнинг бевосита оригиналида ўрганишнинг иложи бўлмаган пайтда унинг аслига ўхшаш, унга мос моддий ёки фикрий нусхасини, яъни моделини (модел–лотинча mоdele–нусха, шартли образ, схема маъноларини билдиради) ясаб, шу модел асосида оригинални ўрганишдан иборатдир. Моделлаштириш ва моделнинг ўзига мисол қилиб, биз глобусни олишимиз мумкин.
Моделлаштириш кўп босқичли жараёндир. Унинг 1–босқичи моделни куришдир. Қурилган моделнинг оригинал билан мослигини аниқлаш моделлаштиришнинг 2–босқичидир. Моделлаштиришнинг 3–босқичи–бу модел асосида ҳосил қилинган билимни оригиналга тадбиқ этишдир. Моделлаштиришнинг сўнгги, 4–босқичи эса модел оркали эга бўлинган янги билимнинг ҳақиқатлигини аниқлашдир.
Табиатига кўра моделларни 2 гуруҳга бўлиш мумкин:
Моддий моделлар;
Фикрий моделлар.
Моддий моделлар моддий жисмлардан ясалган моделлардир. Фикрий моделлар эса тил белгилари, тилдаги символлар, ҳар хил кодлар, ЭҲМ дастурлари ва шулар кабилардир.
Моделлаштиришнинг чекланган томонлари ҳам бор. Масалан, ҳеч бир модел оригиналнинг хусусиятларини тўла ифодалай олмайди. Чунки ҳар қандай модел оригиналнинг тадқиқот учун муҳим бўлган хусусиятларини ифодалаб, бошқа барча хусусиятларини мавҳумлаштиради.
Илмий тадқиқотларда моделлаштиришнинг турли хилларини бирга–ликда қўллаш, мукаммалроқ моделлардан фойдаланиш яхшироқ натижалар беради.
Аксарият ҳолларда назарий тадқиқотлар абстрактликдан конкретликка кўтарилиш услубига асосланади. Бу ҳолда билиш жараёни иккита нисбатан мустақил босқичга бўлинади.
1–босқичда борлиқдаги конкретликдан унинг абстракт тушунчаларига ўтиш амалга оширилади. Тадқиқот объекти қисмларга бўлиниб, кўплаб тушунча, фаразлар воситасида ёритилади, таърифланади, яъни у тафаккурда пайдо бўлган маълумотлар мажмуасига айлантирилади. Бу–тадқиқот объектини абстракциялар даражасидаги анализидир.
Сўнгра, билишнинг 2–босқичида абстрактликдан конкретликка кўтарилиш амалга оширилади. Бунда тафаккурда тадқиқот объектининг яхлитлиги тикланади (синтез).
Шу нарсани қайд этиш лозимки, юқорида кўрилган илмий билиш услублари, одатда, комплекс тарзда, бири–бирини тўлдириб қўлланилади.
Билишнинг мантиқи текширилаётган объектни бошқаларидан ажратиб турувчи муҳим, аҳамиятли, устивор қайтарилувчи ва алоҳида хусусиятларини аниқлаш жараёни тарзида ифодаланади.
Билиш жараёнида қуйидаги умумий технологияга риоя қилиш муҳимдир: оддий кузатиш, кўриш, таққослашдан абстракт фикрлашга ва ундан амалиётга ўтиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |