Фожеалилик муаммоси ҳар доим фалсафий ва эстетик тафаккур эътиборини ўзига жалб қилиб келган. Фожеалилик табиати тўғрисида фикр-мулоҳаза билдирмаган бирор бир мутафаккирни топиш амри маҳол бўлса керак, чунки фожеалиликда воқеий ҳаётнинг энг муҳим, чуқур зиддиятлари ва тўқнашувлари ҳаёт ва ўлим, озодлик ва зарурат, ақл ва туйғу, қонун ва бурч, шахсий ва ижтимоий томонлар намоён бўладилар.
Санъатдаги фожеалилик ҳақида фикр юритганимизда санъатдаги фожеали оҳанглар, фожеалилик санъати ва ниҳоят фожеалилик-санъат тури каби муаммолар алоҳида мушоҳада қилиниши лозимдир.
Деярли барча улкан ижодкорлар яратган асарларда фожеали оҳанглар мавжудлигини жуда кўп мисолларда кўриб чиқишимиз мумкин. Масалан, М.Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» ва «Мирзо Улуғбек» асарларида фожеали оҳанглар бошдан охирига қадар сезилиб (эшитилиб) туради. Мазкур драмалар махсус фожеа асари сифатида яратилмаган бўлса ҳам , аслида, фожеали оҳанглар уларда устивор даражада ифодалангандир. Шайхзода каби ижодкор фожеалилик руҳида воқеликни идрок этишга мойилдир. Санъатнинг тури намоён бўладиган фожеалилик тўқнашувлар, қиёфалар, вазиятларни энг тўла ва чуқур бадиий инъикос этиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Софокль фожеа асарлари, Шекспирникидан, Шекспир асарлари Расинникидан, Расинники Вишневскийникидан қанчалик фарқланмасин, улар ўртасида умумийлик бари-бир мавжуддир.
Ҳар қандай фожеа заминида алоҳида фожеали тўқнашув ётади ва унинг энг муҳим томони бўлиб кўламлик, ижтимоий аҳамиятлилик хизмат қилади. Гегель фожеалиликни бекорга моҳиятли кучлар тўқнашувларининг натижаси сифатида таърифлаган эмасди, чунки бу тўқнашувлар курашининг қандай тугалланиши билан инсоният истиқболи, тақдири боғланиб кетган бўлади. Бу ҳол фожеанинг санъатнинг фалсафий жиҳатдан энг ҳажмли турига айлантирадики, унда ижодкорга ҳаётнинг инсониятни бутун тарихи давомида ҳаяжонлантирадиган туб масалаларни ўз олдига қўйиб, ҳал қилиш имкониятини беради.
Фожеа қаҳрамони кўпинча ижобий тусда тасвирланади, у ўз даврининг ижобий орзу-умидлари, у ёки бу қирраларини ўзида мужассамлаштирган кучли, ёрқин, улуғвор шахсни намоён этади. Лекин фожеа тўқимасида бошқа турдаги қаҳрамонлар кам акс эттирилган бўлиб, Шекспирнинг Макбет ва Рияард Ш. Брехтнинг Кураж-онага ўхшаш қаҳрамонлари ўз тақдирлари билан томошабинда ўта зиддиятли ҳис-туйғулар қўзғайди. Улар содир қилаётган мудҳиш кирдикорлари қатъий норизилик, айрим вақтда ҳатто жирканиш ва даҳшат вужудга келтиради. Шунинг билан бирга уларга ачинасан киши, чунки қабиҳ, жирканч шароит таъсирига тушиб, улар ўзларидаги гўзал инсоний хислат-фазилатлардан ҳам бегоналашганлигини англайсан.
Одатда фожеа мазмунида қаҳрамоннинг мавжуд шарт-шароитларни тубдан ўзгартиришга фаол интилиши намойиш этилади. Фожеа қаҳрамони бу ерда фожеали драматик ҳаракатнинг асосий субъекти сифатида амал қилади. Шунинг учун фожеа қаҳрамоннинг фаоллиги, ўз орзу-иродасини, ҳатто ўзини қурбон қилиб бўлса ҳам барқарор этишга интилиши унинг моҳиятли белгисини ташкил этади. Ўз иродасини ўрнатишга интилишида у тарихий имкониятсизлик билан тўқнашиб, худди мана шу тўқнашув, мазкур тарихий шароитларда ечимсиз қолиб, фожеани юзага келтиради. Юксак фожеа қаҳрамоннинг машаққатли азоб-уқубатлари билан боғланган бўлсада, кўпинча асар унинг ҳалокати билан тугаллансада, бари-бир қайғу ва маюслик эмас, балки яшаш ва кураш истаги, бу курашда ўқувчи ва томошабинда ўзининг ҳалок бўлишини билиб турган инсон учун ғурур туйғуси қўзғалади. Инсон улуғворлигини тараннум этиш ҳаммадан ҳам кўпроқ ва ёрқинроқ санъатнинг фожеа турида ифода топгандир. Фожеавийлик санъатда ранг-баранг услубларда талқин этилиши мумкин. Бу ҳол бу жанрга хос умумий хусусиятларин инкор этмайди. Фожеа услубининг умумий белгилари қаторига кенг умумлаштиришларга интилиш, ақлий мазмун бойлиги, соддалик ва яхлитлик, ҳаяжон ва эҳтиросларнинг юксаклиги кабилар киради.
Фожеа тарихий даврнинг бурилиш пайтларида, эски ижтимоий алоқалар ва муносабатлар барбод бўлиб, эски сиёсий қарашлар, эстетик ва аҳлоқий ақида-қоидалар машаққатли қайта баҳоланаётган шароитларда равнақ топади. Фожеанинг тарихий шакли-қадимги дунё фожеаси (Эсхил, Софокл, Эврипид) эски патриархил тартиботлар емирилиб, тарихда биринчи синфий жамият ўрнатилиши жараёнида вужудга келди. Унга хос бўлган «қисмат оҳанги» табиий ва ижтимоий қонунлар ҳақидаги тасавурларни акс эттирди.
Қадимги дунё одамлари тасаввурларида инсоннинг қудратли «Қисмат» олдиндан белгилаб қўйган бало-офатлари билан тўқнашуви уни муқаррар тарзда ҳалокатга олиб келади. Лекин қадимги фожеа асарларида ифода топган фожеали инъикос этиш Қисматнинг тақдир устидан ҳукмронлигини англатмайди. Юнонлар инсоннинг азоб-уқубатлари учун маъсулиятни унинг ўзига юклаб, катта мардликка журъат этдилар. Зеро азоб-уқубатларнинг туб сабаблари инсон иродаси ва имконияти чегарасидан ташқарида эканлигини яхши сезган бўлсалар керак. Қисмат билан тақдир инсондан кучли деб уқтирган ҳолда, юнон фожеавий санъати томошабинни унга тан беришга эмас, балки у билан курашишга чақиради.
Ўрта асрларда Ғарб христиан мафкураси фожеа руҳига бутунлай қарши курашган бўлиб, бу даврда бирор-бир арзийдиган бу тур асари яратилмаганлигини биламиз. Ваҳоланки, бу даврдаги одамларнинг машаққатлари ва азоб-уқубатлари аввалгидан кам эмас эди. Азоб-уғубатларни гуноҳлар учун жазо ва инсониятнинг абадий насибаси деб эълон қилган христианлик аслида фожеани ҳам «таъқиқлаб қўйган» эди.
Фожеанинг равнақи Уйғониш даврида бошланган бўлиб, бу вақтда абадий ва қуламайдиган кўринган феодал муносабатлар замини емирила бошлаган эди. Инсонга, ҳис-туйғули воқеаларга менсимай қараш ўрнига инсонни улуғлаш, унинг чексиз имкониятларини куйлаш инсонпарварлик фалсафаси қарор топди.
Уйғониш даври фожеаси энди янги тарихий вазиятни, қадимгига нисбатан бошқа шахс мавқеини ифодалайди. Агар қадимги фожеада шахс ҳали ўзини жамиятдан ажратмаган ва шунинг учун у ёки бу аҳлоқий ғоя намоёндаси сифатида амал қилган бўлса, энди Уйғониш даври фожеасида шихсий эҳтирос ва ирода бош оҳанг сифатида жаранглайди. Тарки дунё азобидан, ўрта аср табақавий чекланганлигидан озод бўлган инсон ўз иродасини, ўзлигини ўрнатишга унга ҳали ҳам қарши турган воқелик билан тўқнашади, ьошқа одамларнинг орзува интилишлари билан муқаррар курашга киришади. Бу ерда қисмат ва тақдирга энди ўрин қолмайди, фожеа манбаи-инсоннинг ўзи, унинг ер куррасидаги ҳаёти, ўз мақсади сари интилаётган одамлар тўқнашуви, улар бошқаларга ва ўзларига нисбатан содир қиладиган ёвузликлардир. Шундай зиддиятли қарама-қаршиликларга бой Уйғониш даври фожеаси ўзининг энг тўла ва бадиий қудратли ифодасини Шекспир ижодида топди.
Шекспирда фожеалилик бутун ҳаётни, ижтимоий алоқалар ва муносабатларни қамраб олади, лекин уларнинг барчасида инсон шахси тўлақонли равишда ифодаланади. Шекспир феодал тартиботларни инкор этиш билан бирга туғилиб келаётган тузумнинг ғайриинсоний табиатини ҳам фаҳмлаб олган кўринади. Унда фожеалилик бир томондан Уйғониш даврининг ёрқин инсонпарвар орзулари, феодал аҳлоқ қоидалари билан, иккинчи томондан «ёғли аср» билан тўқнашув натижасида, бошқача қилиб айтганда, Ўрта аср ваҳшийлиги ва буржуа йиртқичлиги қотишмаси тўқнашувлари натижасида вужудга келади.
Шекспир ўзининг фожеавий асарларида кучли, жасоратли, ғурурли, эркин инсон тимсолини барқарор ўрнатади. Инсон ўз шахси эркинлигини ўрнатиш мумкинлигига ишонади ва унинг янглишиши мана шунда намоён бўлади. Шекспир ўз қаҳрамонларининг ўзлигини сақлашга, ўз озодлигини инсон руҳини синдириб ҳалокатга судраётган тузум шароитида ўрнатишга интилишини улкан кучи билан намоён қилади.
Шекспирнинг бошқа барча фожеали қаҳрамонлари орасида Ҳамлет ажралиб туради. Бошқалари Брут бундан мустасно яхлит табиатли, ўз ишининг ҳақлиги ва ҳатти-ҳаракатларининг ҳуқуқли эканлигига қаттиқ ишониб, ўз мағлубиятларини фожеали руҳ билан қабул қиладилар. Ҳамлет бўлса ўзининг ҳалокатга маҳкумлигини била туриб, бари бир охиригача бориш учун ҳеч нарсадан қайтмайди. «Ҳамлет» фожеасида эса қарама-қарши кучлар тўқнашуви ташқи муҳитдан қаҳрамоннинг ички дунёсига ўтказилган. Бу ерда Шекспир саҳнада бир неча аср кейин кенг ўрин эгаллаган ақлий-руҳий драмага йўл очиб беганлигини кўрамиз. «Ҳамлет»нинг абадий, мангу сир-аҳамияти, унинг сўнмас кучи ва таъсирчанлиги ундаги маънавий-руҳий ҳамда фалсафий бойликнинг воқеликнинг ижодий-яхлит идрок қилиш билан қайтарилмас даражада қўшилиб кетганлигидадир.
Ҳамлет-инсонпарвар мутафаккир ва айни вақтда дадил ҳамда қўрқмас жангчиҳамдир. Тўғри, у фикр-мулоҳазаларга кўп вақт сарфлайди ва сусткашлик қилади. Лекин бу ҳол унда табиати юмшоқлигидан эмас, балки Клавдийнинг ўлдирилиши билан ўша вақтда ечими топилмайдиган «майиб асрни тўғрилаш» вазифасини бажаролмаслигига ақли етганлигидан вужудга келади. Унинг аҳлоқий ғалабаси-бу қўрқмас инсон тафаккурининг ғалабасидир, гарчанд у қаҳрамоннинг ўлими эвазига эришилган бўлса ҳам, буюк сабоқ ва келажак авлодларга васият сифатида идрок қилинади.
Шекспир яратган бадиий қиёфалар фақат кенг кўламли ва аниқ-бутунгина бўлмай, балки ҳаракатчан ва таъсирчанҳамдир. Ҳамлет бу қатордан мустасно бўлаолмайди, чунки зўр бериб абадий саволларга жавоб излаётган тафаккур бевосита амал қилаётган хулқ-атвордан кам ҳаракатчан ва кам таъсирчан бўлиши мумкин эмасдир.
Ч.Айтматовнинг «Кунда» романини ҳам фожеа асари дейишимиз мумкин, чунки унинг асосий бадиий оҳанги, ундаги эҳтиросли тўқнашувлар руҳи, улкан ҳиссий таъсир кучи, қаҳрамонларининг тақдири жиҳатларидан ўта фожеали матнга эгадир. Бу роман-фожеада давримизда кенг томир ёйган ижтимоий, аҳлоқий, экологик муаммолар чуқур қўйиган бўлиб, шу туфайли бу асар кутилаётган фожеадан огоҳлантирувчи қудратли бонг овозидай жаранглайди.
Гуржистон кинорежиссёри Т.Абуладзенинг бутун бадиий ижоди юксак фожеавийлик руҳи билан суғорилгандир. Айниқса, унинг кино учлиги-«Илтижо», «Истаклар шажараси», «Тавба» фильмларида тарихий аниқлик ва сиёсий кескинлик муаммоларини четлаб ўтилган ҳолда Абуладзе ўзига хос, кўпроқ шартли-ғаройиб шакллар билан ҳаёт ва ўлим, эзгулик ва ёвузлик, ҳалоллик ва шармандалик, содиқлик ва вафосизлик каби инсониятнинг бутун тараққиёти барча босқичларида бошни қотириб, ташвишлантириб келаётган абадий туб ҳаёт муаммоларини фожеали томонлари билан яхлит бирликда ифодалай олган.
Фожеа санъати инсониятнинг доимий ҳамроҳи, умр йўлдоши бўлиши мумкин деган илмий тахминлар бир талай, анчагина, чунки у ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун интилиши, кураши доимо объектив тарихий зарурият билан тўқнашади, инсоният тараққиётининг у ёки бу босқичда унинг муқаррар тарзда имкониятлари тарихий чекланганлиги санъатда фожеали оҳанглар тўғилишига битмас-туганмас замин вазифасини ўтайди. Лекин шуни ҳам илова қилиб қўйиш зарурки, чин фожеа асари яратиш камдан-кам ижодкорга насиб қиладиган нодир қобилият маҳсулидир. У фожеа ижодкоридан фалсафий чуқур, кўлами кенг тафаккурни, ўзидан «Асрнинг барча ҳолати»(Гегель)ни чиғриғидан ўтказишга қобил шахс эҳтиросларининг юксаклиги билан чамбарчас боғлашни талаб этади, бу эса ҳар қандай ижодкорнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |