Шарқ фалсафасида инсон. Қадимги Шарқ, хусусан Хитой фалсафий тизимлари асосан социоцентрик концепциялардан иборат бўлиб, уларда инсон, одатда, жамият, социум билан узвий боғлиқ деб қаралади. «Идеал муносабатлар қонуни»га одамлар ўртасида, оила, жамият, давлатда риоя қилиш инсон ҳаётининг муҳим маъноси ҳисобланади; бунга жамиятда қабул қилинган меъёрлар, қоидалар, расм-русумлар ва шу кабиларга иззат-икром билан ёндашиш имконият яратади. Бошқача айтганда, инсон ўз шахсий ҳаётини доим жамият равнақи, камолоти билан ўлчаши лозим, хусусан, у кейинчалик оила ва давлатни такомиллаштиришга ҳаракат қилиш учун ўзини камол топтириши лозим. Шу маънода машҳур қадимги хитой файласуфи Конфуций (мил. ав. 551-479 йиллар)нинг фикрлари диққатга сазовор бўлиб, у шундай деб сабоқ беради: «қилмишларнинг асослари ва тамойилларини ўргансанг, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги фикрларинг (ахлоқий билимлар) баркамолликнинг энг сўнгги даражасига етади. Ниятлар соф ва холис бўлса, қалб ростгўй ва самимий бўлади. қалб ростгўй ва самимий бўлса, инсон тўғри йўлга киради, камол топади. Инсон тўғри йўлга кирса ва камол топса, оилада тартиб ўрнатилади. Оилада тартиб ҳукм сурса, халқларни бошқариш осонлашади. Халқларни бошқариш осонлашса, бутун дунё тинч-тотув яшайди»1.
Қадимги ҳинд фалсафасига дунёнинг ички дунёсини биринчи ўринга қўйиш, яъни антропоцентризм хосдир.
Масалан, буддизмда нирванага эришиш инсон барча ниятларининг пировард мақсади деб эълон қилинади. Нирвана жоннинг шундай бир ҳолатики, бунда ҳар қандай майллар йўқолади ва ички уйғунлик юзага келади, мутлақо эркинлик ва ташқи дунёга қарам эмаслик туйғуси пайдо бўлади.
Қадимги ҳиндларнинг бошқа бир диний-фалсафий таълимоти – жайнизм нуқтаи назаридан инсон ўзининг маънавий моҳияти билан моддий моҳиятни назорат қилиш ва бошқаришга эришиш учун узоқ ва оғир йўл – жоннинг эркинлашуви йўлини босиб ўтиши лозим.
Марказий Осиё мутафаккирлари қарашларида инсонни назарий ақл бошқаради. Жумладан ал-Форобий фикрича “Инсон шахсини шакллантирадиган, уни бошқа махлуқотлардан ажратиб турадиган ва унда инсоний хислатларни ривожлантирадиган нарса унинг фаол ақлидир Бу куч аввал- бошда фақат қобилиятдир бу қувват ўйлаш, мулоҳаза юритишга қобил, аммо ҳаётга тадбиқ этиш, яъни жорий қилишга қобил эмас”8. Ақлни ҳаётга тадбиқ этиш учун, унга ташқи куч таъсир этиши керак, бу эса фаол ақлдир.Фаол ақл - мустақил қувват бўлиб, ўз моҳияти, Биринчи ва иккинчи ва бошқа сабаблар моҳияти ҳақида фикрлай олади. Айнан шу фаол ақл одам имкониятларининг ташқи воқеаларга таъсир этиши ва уни ривожлантиришга туртки беради. Форобий таъбири билан “моддий ақлдан амалий ақлнинг юқорироқ пиллапоясига кўтарилади ва унинг фаол ақлга муносабати қуёш билан кўзни солиштирландек бўлади”9. Агар қуёш бўлмаса, инсон нарсаларни кўра олмайди. Фаол ақл қуёши инсон руҳи да пайдо бўлганидан кейин, ақлий қувват фаол ақлга қарайди. Инсон табиат гултожи, яъни ақлли мавжудод. Юсуф Хос Хожиб фикрича инсон дунёда абадий эмас, бу дунёга келган ҳар қандай одам вақти етгач кетади. Инсон умрининг қиммати неча йил яшагани билан эмас, қандай эзгу ишларни амалга оширганлиги, ҳаётда қолдирган изи билан белгиланади. У киши оламдан ўтгандан сўнг, бу дунёда ундан икки хил, бири ёмон, иккиничиси яхши деган ном қолади Инсон иложи борича ўзидан яхши ном қолдириши, яхши олқиш олиши лозим деб таъкидлаган
Умуман олганда, барча замонларда инсонда умумий асосни излаш билан банд бўлган Шарқ тафаккурига ҳозир ҳам инсонни ва унинг ташқи дунё билан алоқасини тушунишга нисбатан Ғарб фалсафасидагидан ўзгача ёндашув хосдир. ХХ аср бошида ҳинд мутафаккири С.Вивекананда шундай деб ёзган эди: «Инсон табиатни ўзига бўйсундириш учун туғилади ва бу ўринлидир, аммо Ғарб «табиат» деганда фақат моддий, ташқи дунёни тушунади. Бу ташқи табиат ўзининг барча тоғлари, океанлари, дарёлари, ўзининг чексиз кучлари, чексиз ранг-баранглиги билан жуда улуғвор, лекин ундан ҳам улуғворроқ дунё борки, бу инсоннинг ички дунёсидир. У қуёш, юлдузлар, ер ва бутун моддий Коинотдан юксакроқ, бизнинг шахсий жажжи ҳаётларимизнинг тор чегарасига сиғмайдиган дунёдир. Ғарб одами ташқи дунёда «ўзиники» бўлганидек, бу ички дунёда Шарқ одами ҳам худди шундай «ўзиники»дир. Шу боис... Ғарб маънавий дунё нима эканлигини, худо нима эканлигини, инсон жони нима эканлигини билмоқчи, дунёнинг сири ва мазмуни нимада эканлигини англаб етмоқчи бўлса, у Шарқ оёқлари остига чўкиб қулоқ солиши керак. Ҳамонки дунё ҳозир маълум маънавий уйғонишга муҳтож экан, бунда у кучни Шарқдан олади»10...
Ибн Халдун фикрича, инсон табиатида эзгулик ва ёвузлик мавжуд. Агар одамлар ўз ҳолига қўйилса ва инсонийлик руҳида тарбияланмаса, унда Худо неъматини қўлга киритиш камдан –кам кишига муяссар бўлади. Хайр ва шаёрр оралиғида қолиб, ҳар иккисидан бирини танлаш лозим бўлганида, унда шаррни танлайди, зеро инсон табиатида шаррга мойиллик кўпроқ. Адолатсизлик ва бошқаларга ҳужум қилиш инсонларга хос хислат. Шунинг учун жамиятда кишиларнинг бир-бирларига жабр қилмасликлари учун маъхрифатга эришмоқ зарур
Келтирилган сўзлар нафақат теран маънога эга, балки ҳозирги дунёнинг глобаллашуви ва ягона инсониятнинг шаклланиши нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |