ФАО нинг 2020-йилда глобал дон етиштириш прогнози янгиланди, 2021-йил учун дастлабки прогнозлар Шимолий яримшарда буғдой етиштиришнинг мўътадил ўсиши ва Жанубий яримшарда маккажўхори етиштиришнинг қисқаришини кўрсатмоқда.1 Суғориладиган ерлар лалмикор ерларга нисбатан ғалла етиштиришда юқори самарали ерлар ҳисобланади. Шу сабабли ҳам олимларнинг суғориладиган ерлар самарадорлигини янада оширишга бўлган эътиборлари юқори бўлган ва самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган тадқиқотлари ривожланмоқда.
Суғориладиган ерларда кузги буғдойдан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришнинг назарий асосларини яратган бўлиб, минтақалар шароитига мос бўлган агротехнологик тадбирлар ўтказилганда дон ҳосилдорлиги 100 ц/га ва ундан ҳам ошиши мумкинлиги назарий ва амалий жиҳатдан асосланган.
Мамлакатимиз суғориладиган ерлари мустақиллик йилларигача асосан пахта етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб бошоқли дон экинлари фақат лалмикор ерларда етиштирилган.
Мамлакатимиз ғалла мустақиллигига эришиш билангина чегараланиб қолмасдан ғалла ҳосилдорлигини ва ҳосил сифатини оширишга йўналтирилган ташкилий илмий-амалий тадқиқотлар тобора ривожланиб бормоқда.
Ғаллачиликни янада ривожлантириш нафақат мамлакатимизнинг балки бошқа минтақаларнинг ҳам асосий вазифаларидан бирига айланган.
Ҳозирги вақтда бошқа минтақаларда яратилган кузги буғдой навлари мамлакатимиз шароитида юқори ҳосил бериши сабабли бундай навлардан ҳам кенг фойдаланилмоқда.
2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 546-сон қарорида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш, шунингдек, ғалла майдонларини минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш учун етказиб бериладиган сувдан самарали фойдаланиш ҳамда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилишини таъминлаш, ва дон ҳосилдорилигини ошириш чораларини куриш назарда тутилган.2 Мамлакатимиз суғориладиган ерлар ҳисобига ғалла мустақиллигига эришиш билан бирга тупроқ унумдорлиги билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳам юзага келди. Чунки, суғориладиган ерларнинг бир қисми кузги буғдой етиштириш учун ажратилиши ғўза ва беда алмашлаб экиш тизими ўрнини интенсив ғўза ва кузги буғдой навбатлаб экиш тизими эгаллаганлиги сабабли тупроқ унумдорлиги билан боғлиқ бўлган муаммолар юзага келди. Шу билан бир қаторда йирик колхоз ва совхозлар асосида фермер хўжаликлари юзага келиши натижасида гўнг жамғариш мумкин бўлган йирик фермалар сони кескин камайиб, гўнг ва бошқа маҳаллий ўғитлар жамғариш билан боғлиқ бўлган муаммолар юзага келди.
Демак, маҳаллий ўғитлар танқислиги шароитида минерал ўғитлардан кенг фойдаланишга мажбур бўламиз. Бироқ, минерал ўғитлар етишмаслиги, нархининг баландлиги, қўллаш меъёрлари билан бирга нисбатларининг бўзилиши тупроқ унумдорлигини янада пасайиб кетишига олиб келмоқда.
Бундай шароитда ғўза, кузги буғдой ҳосилдорлигини ва ҳосил сифатини ошириш билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал этиш билан бирга, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш шу куннинг долзарб муаммоларига айланган.
Ҳар қандай ҳолатларда ҳам ғўза ва кузги буғдойни озиқлантириш учун қўлланилган маҳаллий, фосфорли ва калийли ўғитларнинг учдан бир қисми қолдиқ сифатида тупроқда қолиб кетиб, самарадорлигини пасайтириш билан бирга тупроқ экологиясига салбий таъсир этади.
Шунинг учун ҳам асосий экин сифатида етиштирилган кузги буғдойни озиқлантириш учун қўлланилган минерал ўғитларнинг тупроқдаги қолдиқларидан анғизида ёзнинг иккинчи ярми мобайнида такрорий экинларга минерал ўғитлар қўлламасдан тупроқдаги минерал ўғитлар қолдиқларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва асосан ҳозирги даврнинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади.
2 2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 546-сон қарори https://lex.uz/docs/4988675