Турли мамлакатлар молиявий институт (муассаса)лари бир-биридан фарқланишининг бир қатор сабаблари мавжуд. Улар қаторига ҳар хил ўлчамлар, технологияларнинг мураккаблик ёки оддийлик даражаси, шунинг-дек, давлатларнинг сиёсий, маданий ва тарихий ривожланишидаги фарқлар киради. Бундан ташқари, молиявий институт (муассаса)лар вақтнинг ўтиши билан бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиб туради. Уларнинг бажарадиган функциялари, муассасанинг номи ўзгармасдан олдингидай қолишига қара-масдан, жуда кучли ўзгариши мумкин. АҚШдаги замонавий банклар ушбу мамлакатда 1928 ёки 1958 йилларда бўлган банклардан катта фарқ қилади ва шунингдек, Германия ёки Буюк Британияда банклар деб номланадиган институтлардан ҳам жуда кўп фарқланади. Шўролар даврида Ўзбекистонда мавжуд бўлган банклар билан ундаги ҳозирги банклар ўртасида ҳам жуда катта фарқлар мавжуд. Мазкур бўлимда биз турли мамлакатларнинг молиявий институт (муассаса)лари нимага ва қандай бир-биридан фарқ қилишини ҳамда вақт ўтиши билан ўзгаришини Сизларнинг яхшироқ тушунишингизга имкон берадиган кўп нарсани ўз ичига олган консептуал тузилма (ёндошув)ни ишлаб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Фойдаланилаётган ёндошувнинг асоси шуки, мўлжал сифатида молия-вий институт (муассаса)ларнинг ўз-ўзлари эмас, балки уларнинг функция-лари олинган. Таҳлилнинг бундай услубини биз функционал ёндошув деб атадик (фунcтионал перспеcтиве). У қуйидаги дастлабки икки шартга асосланган:
• молиявий тизим функциялари унинг институт (муассаса)ларига қараганда кўпроқ барқарорлик характерига эга. Бу функциялар вақтнинг оқими (ўтиши)га боғлиқ равишда камроқ даражада ўзгаради ва мамлакатдан мамлакатга унча катта фарқланмайди.
• молиявий институт (муассаса)лар шакли мантиқан уларнинг функция-ларидан келиб чиқади. Молия соҳасидаги инновация ва институтлар ўртасидаги рақобат охир-оқибат молиявий тизим фаолияти самарадорлиги-нинг ошишига олиб келади.
Молиявий ресурсларнинг самарали тақсимланишидан иборат молиявий тизим бош функцияси таҳлилига асосан, таҳлилнинг кўпроқ умумий дара-жасида бу тизимнинг қуйидаги олтита базавий (туб) ёки муҳим функциялари тўғрисида гапириш мумкин (5.1-расм).