КИРИШ
Ҳозирда ҳар бир мамлакатнинг техника жиҳатдан ривожланиш даражаси асосан унинг энергетикасининг ҳолатига, электр станцияларининг қуввати ва электр энергияси ишлаб чиқариши миқдори билан аниқланади.
Турбогенераторлар миқдори ва гидрогенераторларнинг қувватлари табора ошиб бормоқда. Саноатда, қуввати 300 ва 500 минг кВт ли турбогенераторларни сериялаб ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, ҳозирги вақтда фойдали иш коэффициентлари юқорироқ бўлган 800, 1000 ва 1200 минг кВт бўлган турбогенераторлар тайёрланмоқда. Электр энергиясини узатувчи юқори кучланишли электр тармоқларнинг узунлиги ва кучланиши тобора кўпаймоқда. 500 ва 750 кВ ли кучланишни узатиш электр линиялари ишлаб турибди, 1150 ва 1500 кВ ли кучланишга ўтиш мўлжалланган ва амалга оширилмоқда.
Электр энергетиканинг юқори даражада ривожланиши халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларини қайта жиҳозлашга, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва транспорт каби унинг етакчи соҳаларида электр энергиясини кенг жорий қилишга имконият яратди.
Саноат корхоналарида электр энергияси ёрдамида миллионлаб, станок ва механизмлар ҳаракатга келтирилади, металл эритилади, гальваник усулда металлар юзасига занглашга қарши ва кислотага чидамли, ҳимояловчи қопламалар қопланади, турли деталлар электр майдонида бўялади, технологик жараёнлар, станок ва конвейерларнинг мураккаб автоматик линиялари автоматик тарзда бошқарилади.
Саноат ишлаб чиқаришининг янада ривожланишини таъминлаш учун мамлакатимизда янги завод ва фабрикалар қурилмоқда, амалдагилари эса қайта қурилмоқда. Ҳар қандай саноат корхонасини қуриш ва қайта қуриш, шунингдек, турар жой бинолари, мактаблар, касалхоналар, театрлар ва бошқаларни қуришда катта ҳажмдаги электр монтаж ишларини бажариш лозим бўлади.
Замонавий саноат корхонасининг электр жиҳозларини монтаж қилиш анча мураккаб ишлар комплексидан иборатдир. Уларга: корхона ва цехлардаги тақсимлаш ҳамда трансформатор подстанцияларини, электр энергиясини узатиш жуда узун ва турли кучланишли кабель ҳамда ҳаво электр тармоқларини; цехлардаги йиғма тақсимлаш қурилмаларини ва бошқариш пультларини, кўтариш–ташиш қурилмаларини (лифтлар, юк кўтаргичлар, кўприк кранлари, электр тельферлар ва цехлардаги электр ўтказувчи катта токли ва ёритиш тармоқларини; технологик электр ускуналарни; автоматик бошқариш, ростлаш ва ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш қурилмаларини монтаж қилиш киради.
Бундай мураккаб электр монтаж ишларини бажариш учун электр монтажчилар зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишлари лозим.
Электр монтажчининг касбий тайёргарлигидан ташқари иқтисодиёт ва электр монтаж ишларини режалаштириш ва ташкил қилишнинг замонавий услубларини ўрганиш талаб қилинади. Монтаж ташкилотлари режалаштириш ва иқтисодий рағбатлантиришнинг янги тизимига ўтаётган бир пайтда электр монтаж корхонасининг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари амалда ҳар бир монтажчи ишининг сифатига боғлиқ бўлиши билан бирга, биринчи навбатда ишлаб чиқариш унумига; монтаж қилишда ишлатиладиган материаллар ва ўрнатиладиган буюмларни тежашга, монтаж қилишда ишлатиладиган мавжуд механизм ва мосламалардан унумли фойдаланишга, электр монтаж ишлаб чиқаришининг рентабеллигига боғлиқ.
Ушбу қўлланмани ёзишдан мақсад техника таҳлими тизимидаги билим юртларининг студентларига ёритиш электр қурилмалари ва катта токли электр жиҳозларини тузилиши ва уларни монтаж қилиш, шунингдек, электр монтаж ишларини ташкил қилиш, режалаштириш ва индустрлаштиришга оид зарур ҳажмдаги назарий ва амалий маълумотларни беришдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |