Ер юзида абадий бўлсин ҳаёт! Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатиб,ўз юртини



Download 5,96 Mb.
bet1/14
Sana13.11.2022
Hajmi5,96 Mb.
#865001
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   14
Bog'liq
Ер юзида абадий бўлсин қуёш


Ер юзида абадий бўлсин ҳаёт!
Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатиб,ўз юртини
ҳимоя қилган ботир ватандошларимизга бағишланади…

“ Уруш оддий қилиб айтганда сиёсатни бошқа йўл билан олиб бориш”


(Клаузен­ )
Тарихни эслаш, Ватан озодлиги учун жон берган қаҳрамонларни ёдга олиш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади. Ўтмишни эслар эканмиз ,ҳар бир боланинг ҳаётида юз берган ўтмиш воқеалари кўз олдимизда гавдаланади.Сиз ҳам болалигингиздаги”Уруш-уруш” ўйинини эслайсизми…?Қай биримиздир душман яна қайсимиздир ҳимоячи бўлиб уришардик,қўлимизда ёғоч тўппончалар,қийқириқлар ва яна” ОЛҒА” деган даъватлар…Ўша пайтларда бувиларимиз бу ўйинларимизни кўриб,худди ҳақиқий урушни устидан чиқиб қолгандай типирчилашлари,уларнинг ‘’Урушни номи ўчсин ,ўт тушсин шу урушга’’каби сўзларини сира тушунмаганман,аммо ҳозир нима сабабдан бу жумлалар ишлатилганлигини англаб етгандайман. Ҳақиқатан ҳам, жаҳон урушлари инсониятнинг бошига не- не кулфатларни солмаган дейсиз…!!!
Урушга баҳо бера туриб Эрнест Хеменгуей ‘’Алвидо қурол”асарининг сўз бошида шундай ёзади: ”…Мен кўп урушларда қатнашдим,шунинг учун бу масалада ғаразим қаттиқ,ҳатто жуда ҳам қаттиқ.Урушларда жанг қилаётган одамлар дунёдаги энг ажойиб одамлардир,фронтнинг қизғин қисмларига кириб борганинг сари бундай ажойиб кишиларга кўпроқ дуч кела бошлайсан. Лекин урушни бошлаганлар,унинг оловига яна олов ташлаб турганлар иқтисодий рақобатдан, фойда ундиришдан бошқа нарсани ўйламайдиган тўнғизлардир. Мен урушда бойлик орттирганлар,уруш оловини ёққанларни, урушнинг биринчи кунларидаёқ мамлакат фуқароларининг мухтор вакиллари томонидан отиб ташланмоғлари зарур, деб ҳисоблайман.”
Биринчи жаҳон уруши каби,Иккинчи жаҳон уруши олови ҳам Германия милитаристлари томонидан ёқилган эди.Иккинчи жаҳон уруши 1939-йил 1-сентабрда фашистик Германиянинг Польшага хужуми билан бошланган. Польшага ёрдам бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган Англия ва Франция давлатлари 3­-сентабрь куни Германияга қарши уруш эълон қилдилар.Шундай қилиб, инсоният тарихида энг дахшатли ва ҳалокатли бўлган иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетди.Бу уруш тарихда мисли кўрилмаган дахшатли урушлардан бири эди. Тиш­-тирноғигача қуролланган,деярли бутун Европани ўзига бўйсундирган,урушларда чиниққан ва катта тажриба орттирган фашистлар армияси Собиқ Совет Иттифоқига 1941­-йил 22­-июнь, тонгги соат 4:00да вахшийларча ҳужум қилди.Бу билан 1939-йил 23-августда СССР ва Германия ўртасида ўзаро уруш қилмаслик тўғрисида имзоланган шартномани фашистлар Германияси хиёнаткорона бузиб СССРга қарши ҳужум қилиши билан СССР давлатининг Улуғ Ватан уруши (1941-1945)бошланган.Бу вахшиёна уруш бизнинг халқимизни ҳам четлаб ўтмаган, албатта.Қонли урушнинг биринчи куниданоқ ўзбек халқининг ҳар бир оиласидан мард ўғлонлар Ватан ҳимоясига отланди.Архив ҳужжатларида кўрсатилишича Хоразм вилояти Ҳарбий Комиссариатига урушни биринчи кунидан ихтиёрий равишда фронтга юбориш ҳақида 1156 та ариза келиб тушган,шулардан 147 таси хотин­-қизлардан эди.Бундай аризаларнинг сони чексиз булган.
Биз бу воқеалар тўғрисида ўша йилларда ёзилган,уруш йилларининг дахшатини очиб бера олган,жангчиларни Ватан ҳимоясига даъват этган қуйидаги асарлардан ва мисралардан билиб олишимиз мумкин:*
Ҳамид Олимжоннинг ‘’Муқаддас олов ‘’ тўпламига киритилган ‘’Қуролни қўлингга ол’’, ’’22-июн тонгги’’, ’’Жангчиларни фронтга жўнатиш’’, ’’Гвардиячиларга салом’’, ’’Кутиш’’ кабилари. Зулфиянинг ''Биз учрашамиз'', ''Қор эримоқда…’’, ’’Жасурларга’’, ’’Қасос ол’’, Ғафур Ғуломнинг ‘’Сен етим эмассан’’, К.Симоновнинг “Алёша, эслайсанми Смоленшина йўлларини…”, ”Кутгин мени”, ”Қасос ол”, Александр Твардовскийнинг “Василий Тёркин”, Василий Гросманнинг “Уруш йиллари”, Михаил Шолоховнинг “Инсон тақдири” Юрий Бондаревнинг ”Ёнган қор” , Васил Биковнинг «Унинг баталёни”, Борис Василевнинг “Хур қизлар”, К.Симоновнинг “Тирик ва ўликлар”, ”Салдат бўлиб туғилмайдилар”, Чаковскийнинг “Қамал” асарлари жангчиларимизни жасоратга етаклаган десак адашмаган бўламиз.
Бўлсин десанг дунё сенга кенг ,
Қолсин десанг қўлингда эркинг ,
Бўлай десанг сен одамга тенг,
Бўлмай десанг ёвларга ҳаммол
Қўлингга қурол ол!
Олай десанг фашистдан қасос,
Қўлингга ол қилич ва олмос,
Яғринингга винтовкани ос!
Қолмай десанг айтишганда лол
Қўлингга қурол ол!
Юрса агар томирда қонинг ,
Азиз бўлса бир парча нонинг ,
Керак бўлса номус,виждонинг,
Бўлсанг йигит,бўлсанг ҳамки чол
Қўлингга қурол ол!
Худди шу каби шеърлар ўзбек ўғлонларини Ватан учун жондан кечишга ундаган десак муболаға бўлмайди.
Қанчадан-қанча одамларнинг ёстиғини қуритган бу вахшиёна уруш бизнинг халқимиз, маҳалламизни ҳам четлаб ўтган эмас. Биз бу мақоламизни айнан ўша жасур, жонфидо Бўйрачи ўғлонларига бағишладик.Қишлоғимиздан 383 нафар ёш, навқирон, ҳаётнинг аччуқ-чучугини татиб кўрмаган, кўплари оила қурмаган, оила қурган бўлса ҳам фарзанд дийдорига тўймаган, 25 ёшга тўлиб улгурмай ҳаётдан бевақт кўз юмган жангчилар Ватан ҳимоясига отланишган.
Василий Гросманнинг ,,Уруш йиллари'' асарида шундай сатрлар бор:,,Сталинградга бораётиб йўлда кўп фикрлар келарди миямга… Қаерга кўз ташлама, қай кўз билан қарама;
…Барча ерларда, далаларда суришда-ю ҳосилни йиғиб олишда, омоч ортида, тракторларда, комбайнларда, юк машиналарнинг рулларида ва ҳатарли,қийин,оғир фронт яқинидаги далаларда аёллар тиним билмай ишламоқда…Унинг қуёшда қорайган қўллари тиним билмай тонг отишдан то, кун ботгунча ишлайди. У фронт яқинидаги ерларни бошқармоқда.Унинг ёрдамчилари ёш болалар-у чоллар…
Ўз қўлларига оғир дала-ю заводларни ишларини олиб ишлаётган аёлларга енгил эмас эди!
Аммо ундан-да оғирроқ юк босади унинг елкасини, бу юк унинг юрагида! У кечалари урушда ҳалок бўлган эрини,боласини,оға-иниларини эслаб хўрсиниб-хўрсиниб йиғлаб чиқади!
У умид билан бедарак йўқолганлардан ҳалигача хабар келмасмикин дея кутади.
У урушнинг бахтсиз ҳодисаларини ўзининг теран фикри, очиқ ва меҳрли қалби ила тушуниб, бахтли кунлар келишига ишонади. У қанча сабр-тоқатли, онгли, инсонпарвар, фикри ва қалби кенг ожиза, бу уруш дахшатини чуқур ва теран қабул қилганди. ”Жангчилар! Буни унутманг! Ўз оналарингизни, жуфти-ҳалолларингизни, сингилларингизни ҳурматини йўқотишдан қўрқинг! чунки дунёда аёл муҳаббатидан,матонатидан қадрли нарса йўқ!’’
Бу сатрлар бизларнинг ўзбек аёлларимизга ҳам бевосита таллуқли! Қанчадан-қанча ёш келинлар, ёш болали аёллар, оналар, опа-сингиллар шу оғир юкни вахший уруш йиллари, ўзларининг ожизгина елкаларида, муштдеккина юракларида кўтариб юрдилар! Ҳар бир инсон улар жасорати олдида тиз чўкса арзийди!
Шу ўринда момом Шарифа онанинг юрагидаги изтиробни, ўксинишини қандай тасвирлай?! Бувам, Ишчанов Мадаминнинг эслашига кўра: ,,Мен опомни (онамни шундай чақирардик)олдида гуноҳкор сезардим ўзимни, унинг йўлларга тикилиб қараб жимгина ўтириши, қўлларини пешонасига қўйиб узоқ-узоқларга қарашлари юрагимни эзарди, чидолмасдим.
_Опо …опо… дея қилган мурожатларимни гўё эшитмагандай...- Сан, Дўсчон қайтингиз, Сопорвой…,Бобожон қани,қани болаларим,юрагим ёниб борётир, на хат, на хабар бор улардан!?-деб ўксиниб қўярди у.
-Қандай жавоб берай бу муштипар онанинг саволларига?!
Уруш тугаб орадан бироз йил ўтгач онамнинг хитоби юрагимни эзди. Улар энди мендан қаттиқ ранжигандилар. Онам ўрнидан туриб шу сўзларни айтди ” Акангларни излаштирмадинг. Кейинги галган хатни ҳам суриштирмадинг. Ўзингдан бошқани билмисан, ховор олмисан”. Мен нима дейишимни билмай, секингина шу сўзларни такрорладим;
_ “Бедарак йўқолди” деганлар ҳам бирин- кетин,эсон омон келиб турибди.Шояд акамлар ҳам бир ердан чиқиб қолишса.Куюнаверманг,_ жавобни қисқа қилдим. Айни шу пайтда чўнтагимдаги “Қора хат”ни ушлаб турардим.
Кечалари уйғониб кетиб эслардим ўтмишимизни:…Бизнинг оиламизда 4та забардаст йигит ва 3та қиз бўлган. Булар Ишчанов Дўсчан 1915-йилда, Ишчанов Сапорбой 1917-йилда,Ишчанов Бобожон 1920-йилда туғилган, мен, Ишчанов Мадамин 1923-йилда туғилганман,синглим Ишчанова Назира 1929 ва Ишчанова Жумагул 1927-йилда,Ишчанова Карима 1913-йилда туғилган.
Дахшатли урушдан олдин, 1940-йилнинг октябрда биринчи бўлиб, Бобожон акам армияга кетган. Бобожон акам Ғарбий Украинанинг Станиславский(ҳозирги ИваноФранковск) вилоятида заставада чегара соқчиси бўлиб хизмат қилган. Шу ердан хат келди ва ҳарбий формада, шлем билан тушган расми келди, ёнида расмга тушган йигит ” Москва” калхозидан бўлса керак, Рўзметов ёки исми Рўзмат бўлса керак. Шу расм йўқолган, урушдан келгандан кейин кўп суруштирдим лекин тополмадим.
Кутилмаганда уруш бошланди. Акам оиламиздан биринчи бўлиб урушни қарши олганлардан эди. Ундан охирги марта 1943 йил 2 майда шундай талқиндаги хатни олишган экан ”Мен соғ саломатман. Лекин, сизлардан хат оладиган жойда эмасман. Омон бўлсак ғалабадан кейин кўришамиз. 1943 йил 2 май”. Почта штампи бўйича хат Москвадан юборилган экан.
Ҳаракатдаги оператив қисмлар сафида хизмат қилаётганимда,1944 йил баҳорда жанговор топшириқ билан Винница областининг Жмеринка узел темир йўл стансиясида Тулчинага кетиш учун пойезд кутиб турганимда, бир кекса чол олдимдан 3 марта ўтиб кечди. Тўртинчи гал мендан: ”Қайердан бўласан “_ деб сўради(украинча “Эй,салдат иткила тий”).
__Мен Ўзбекистонданман ,дедим. Областни сўради.
_Хоразм, дедим, районни сўради,
_ Шовот, дедим . Шунда у
_Бўйрачи қишлоғидан Ишчанов эмасмисан?, деди, мени юрагим шуввв этди. Чунки бизларга оккупацияда бўлган ердаги одамлар билан ичкин гаплашманглар, сир билдирманглар,- деб топширилган эди.Ўнғайсиз ахволда қолиб ”Ҳа, Ишчановман “, деганимни билмай қолдим. Чол мени қўярда қўймай уйига олиб кетди. Қўрқдим, аммо нимадир мени боришга ундади, кўнглим ниманидир сезгандай бўлди. Изма-из пойлаб бордим, эгнимда автомат, портупеяда пистолет ва ички чўнтакимда махфий пистолет бор эди, бир томони шуларга ишонган бўлсам керак. Уйи станциядан 8 км ча нарироқдаги қишлоқчада экан. Борганимиздан кейин чол уйига кириб кетди. Ичкаридан бир қиз отилиб чиқиб мени қучоқлади ва ичкарига таклиф қилди. Ичкарига кирсам деворда бир қанча расмлар бор экан, шулар орасида Бува акамни Масква калхозидан Рўзметов деган йигит билан бирга шлемда тушган расми бор экан, шу расмни бирини уйга ҳам юборган эди, расмга 1940 йил декабрда тушилган экан. Расмни кўргач ишонч хосил қилдим ва орқойин бўлдим.
Уларнинг айтишича ярадор акамни 1941 йил сентабрда командири шу хўжаликка топшириб кетган ва 1942 йил март ойида изидан келиб олиб кетган. Акам шу хўжаликда 6 ой бўлган,тузалган ва шу вақт ичида ҳалиги қизга уйланган,уларнинг фарзанди бор экан (акам фарзанди борлигидан бехабар бўлса керак). Мени олдимга 2 яшар оғил болани етаклаб келишди. Бу ерга ҳарбий топшириқ билан келганлигимни ва кўп қололмаслигимни айтиб улардан рухсат олдим.Узоқдаги яқинларим билан шу тариқа хайрлашдим. Мен улар билан 1951 йилгача хат олишиб турдим кейинчалик хат ёзмадилар,қайерда эканлиги номаълум. Хатлари, адреслари уйни ўт олганда ёниб кетди.
Шу воқеадан кейин мен акамни излаб фронтдан Москвага мактуб жўнатдим.Қисқа вақт ичида аниқ ва лўнда жавоб хати қўлимга тегди. ”Сизнинг акангиз Бобожон Ешчанов И.И.Шитов рахбарлигидаги партизанлар қўшилмасида ҳаракат қилмоқда. У ҳақидаги аниқ маълумотларни уруш тугагач оласиз.К.Е.Ворошилов”. Хайрият тирик эканлар, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Аммо ғалабани яқинлигини хис қилганимиз заҳоти,оиламиз учун машъум ҳабар етиб келди. ”1920 йилда Ўзбекистон ССР Хоразм область Шовот районидаги Бўйрачи қишлоғида туғилган жангчи партизан Бобожон Эшчанов 1943- йил 29 -май куни гитлерчи газандалар билан бўлган юзма -юз жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди.Украин партизанлар қўшилмаси штаби”. Мен бунга ишонмасдим яна маълумот излашда давом этдим. 1978- йил март ойида Украина ССР партизанлар иши комиссиясидан сал кенгроқ маълумотга эга бўлдим. Унда айнан шундай жумлалар ёзилганди: ”Жангчи партизан Бобожон Эшчанов И.И.Шитов отрядида душманнинг муҳим объектларини портлатувчиси эди. 1943- йил 29- май куни Житомир области Гродница районидаги жангларнинг бирида қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Аниқ маълумотларга қараганда у Фелисово қишлоғига дафн қилинган. Бобожон Эшчанов душманнинг муҳим объектларини йўқ қилиш операцияларида кўрсатган мардлиги ва жасорати учун СССР Олий Совет Президиумининг 1944- йил 8- май фармони билан(вафотидан кейин)”Қизил Юлдуз “ордени ҳамда “Биринчи даражали Улуғ Ватан уруши партизани” медали билан тақдирланган.
Бундан бошқа маълумотга эга эмасмиз. Комиссия котиби И.Клименко”.
Сафдошларининг эслашича, акам 1941- йил уруш бошланган пайтда Ғарбий Украинада хизматда бўлган ва шу ердаги ўрмонга чекинишган. Уларнинг мақсади партизанлар отрядини излаб топиш ва куч тўплаб қайта ҳужумга ўтиш бўлган. Бу пайтда юқори ҳарбий қисмлардан жанговор топшириқлар, оператив маълумотлар олинмас,Москва билан алоқа вақтинча узилган экан. Украина ўрмонларида кичик партизанлар отрядлари ҳаракат бошлашибди. Душманнинг ҳарбий техникаси, ўқ дори, резерв кучлари ортилган эшелонларга ҳужумлар кучайган.Омборлар,кўприклар аёвсиз портлатилган. Акам 1941- йилнинг кузида “Иккинчи Харьков”партизанлар отрядида ана шундай ҳаракатда бўлган экан. Кейинги маълумотларни эса Киев шаҳрида Карл Либхнехт кўчасида жойлашган Украина ССР Компартияси Марказий Комитети қошидаги марксизм- ленинизм институти архивидан излаб топдим. Архивдаги маълумотларга кўра: ”1941- йил ноябрь ойида 3 партизан отряди “Биринчи Харьков”, ”Иккинчи Харьков” ҳамда Глухов район партизанлари отряди ўз хохиши билан бирлашиб ҳамкорликда немис фашист босқинчиларига қарши қасоскорлик урушини бошлаб юборганлар. Қўшилма камандири Собуров буйруғига кўра янги партизанлар баталёни Иван Иванович Шитов командирлигида Гродница,Емилчино, Ракитин районларига жанговор ҳаракат учун жўнаб кетганлар. Улар 3 кунлик рейддан кейин 200км масофа ошиб Гродниций районигача етиб келганлар, рейд давомида партизанлар темир йўл кўпригини,иншоатларни яксон қилганлар”.
Белгиланган районда партизанлар дадил рейдлар бошлаб юборишган. Душманнинг ҳарбий техникаси, кучлари ўқ- дори омборлари, фронт сари келаётган эшелонлари бирин кетин- яксон қилинганди. Немис казармалари, бандерачилар жойлашган полиция маҳкамаларида узлуксиз портлатишлар олиб борилган. Портлатувчи Бобожон Эшчанов, яъни акам, рейдларда кўрсатган жасорати учун 1942­- йилнинг сентабрида “Биринчи даражали Улуғ Ватан уруши партизани” медалига тавсия этилган.
Партизанлар отряди Гродница ўрмонида И.И.Шитов раҳбарлигида 1943-йил май ойида Чапаев, Киров номли отрядлар партизанлари билан ҳамкорликда Ракитно районида жойлашган темир йўл станцияси, душманнинг ўқ-дори омборлари, шиша заводига ҳужум уюштирганлар. Партизанлар Ракитно районидан 2.5 км жанубда белгиланган жойга тўпланишгач, И.И.Шитов жанговор буйруқни ўқиб эшиттирганди. Жанговор буйруққа асосан Чапаев номли отряд партизанлари немис соқчиларини гумдон қилиб,шиша заводи,электростансия ва темир йўл кўпригини портлатишлари керак эди. Бу пайтда Киров номли отряд партизанлари станцияга қўққисдан ҳужум бошлаб диққатни ўзларига қаратиши, станцияни портлатишга ёрдамлашишлари, Иккинчи Харьков”отряди партизанлари эса станцияни Ғарбдан айланиб ўтиб, ёнилғи тўла эшелонни ер билан яксон қилишлари лозим эди. Қўққисдан ҳужум бошлаган партизанлар душман соқчиларини даф этиб, Чапаев номли отряд портлатувчилари шиша заводи, электростанцияни яксон қилдилар. ”Иккинчи Харьков”отряди қасоскорлари эса станцияга қўққисдан ёриб кириб сафарга шайланиб турган паравозни автоматдан аёвсиз ўққа тутгандилар. Ҳужум пайтида 20 дан ортиқ немис босқинчилари,бандерачилар яксон этилди. Бу акамнинг охирги жангги эди’’,-деб ёзади бобом ўзининг эсталикларида.
“ Акамдан армиядалигида парад формада бир ўзи гул билан тушган расми ва хатини олгандик. Айнан шу расмни мен армияга кетмасимдан олдин Авазмурот акамга ташлаб кетгандим. Бизлар учун акамдан ягона ёдгорлик сифатида ўша расм сақланиб қолган (расм 1941­-йил 1­-майда тушилган эди )”.
Украина қишлоқларида эса халқ беаёв азоб чекарди.Архивдаги ҳужжатларда ёзилишича:”1943­-йил 2­- май куни немис жандармериясидан бир группаси Емилчино районидаги Мяковичи қишлоғига келди. Эсэсчилар партизанлар ҳаракатига қўшилганликда гумон қилинган 20- хатага вахшийларча бостириб кирдилар.Катталарни шу ернинг ўзида отиб ташлашган ва болаларнинг устидан эшикларни қулфлаб уйларга ўт қўйдилар.Бир эсэсчи ташқарида,кишилар кўзи олдида эри партизанларга қўшилганликда гумон қилиб ёшгина аёл ва унинг онасини отиб ташлади. Бу пайтда ёш аёлнинг гўдак фарзанди ҳеч нарсадан бехабар ҳолда аравачада ўйнаб ётарди.Қонхўр фашист аравача бошига келиб гўдакнинг кўзи олдида тўппончсини ўқлади. Бегуноҳ гўдак эса “ялтироқ ўйинчоққа”жажжи қўлларини чўзиб унга интиларди.Эсэсчи болани отмади.Тўппончанинг темир тутқичи билан уч яшар гўдакнинг миясига кетма­-кет тушира кетди. Қизил қонга беланган гўдак салдан кейин жон берди. Фашист эса тўппончасининг қонини дарахтга илиниб турган оппоқ сочиққа артиб, уйга ўт қўйгач , ҳеч нарса бўлмагандай нариги хатага йўл олди...!!!
1942­-йил баҳорида фашистлар Емилчино районида партизанларга ҳайриҳоҳликда шубҳаланган 50 дан зиёд кишини отиб ўлдирдилар. Бегуноҳ Пётр Борисюк , Денис Онипченколар ҳам отиб ўлдирилди. Уларнинг болалари кўчага ҳайдаб юборилди. Фашистлар 1941­-йилдаёқ аҳолига шаҳсий моли,чўчқа,паррандасини сўйишини қаттиқ таъкидлашган эди.Люберск районидаги Казенная қишлоғида уйидан 2 - 3 кг гўшт чиққани учун 10 кишини отиб ўлдиришди. Тракторчи Белинскийнинг уйидан 2 кг гўшт чиққани учун аввало уни отишга ҳукм қилинди, аммо отув қарори резина таёқ билан уриш жазосига алмаштирилди. Резина таёқ зарбига дош беролмаган Белинский бир неча кундан кейин ақлдан озди.
Держинский районидаги Новорамоновка қишлоғидан уч комсамол йигит буғдой ўрими пайтида чўнтагига 2кг буғдой яширгани учун осиб ўлдирилди.”
Бундай вахшийликлар аҳолининг яшаш жойидагиларидир,бундан баттарлари эса уларнинг тилида концлагер деб аталган ўлим ошёнларида амалга оширилган. У жойларда тирик одамлар устида ҳар хил тажрибалар ўтказилганлиги ҳеч кимга сир эмас.Мен Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаянинг “Бир юз бир“асарида шундай ҳолатни ўқигандим.Самарқандлик 101 жангчининг бошига мисли кўрилмаган азоб уқубатларни солишади. Бу газандалар,оддий йиринглаган бармоқни (у бола ҳали 19 кирмаган эди) наркозсиз қулочкашлаб чопиб ташлаши,одамларни темир қирғич билан ювунтиришлари,худди қўйларга ўхшатиб, қўра деб номланган, очиқ осмон остида жойлашган,жойда сақлашлари ,яна қорни оғриган салдатни атай ўлдириб ундан тажриба сифатида бош чаноқларини қайнатганликлари ёзилган.Бу вахшийликларни ўқир эканман уларга нисбатан нафратим юз чандон ошди десам адашмаган бўламан
Яна тарих фактларига асосланган ҳолда бобомнинг кундаликига юзлансак…:“Бобожон акам армияга кетиши билан мени колхозда унинг ўрнига табелчи қилиб қўйишди.
1942- йил 5- сентабрь куни Сопор акамга чақирув қоғози бердилар.Мен шу куни чақирув қоғозни Янгибозор М.Т.С га олиб бориб, акамни топиб чақирув қоғозини бердим. У 8 -сентабрга чақирилган эди.Мен шу куни кечки соат 9 ларда уйга келдим,опом(онам) менга :,,қоровул Ибрайим келиб Мадаминга ҳам повестка бор, келса идорага борсин’’ деб кетди”,- деди.Мен овқатланиб бўлгач идорага бордим.Ибрайим повесткани менга узатиб ўзи йиғлади. Қарасам мени 6- сентабрь 1942- йил соат 8 00 га чақиришган,кетадиган бўлиб келиш топширилган эди. Уйга келгач воқеани опомга айттим. Опом Сопор акам учун ёпилган чўрак(кулча)ни олиб кетишимни айтди. Кеч қолмаслик учун эртаси эрталаб нон халтани орқалаб 1942- йил -6 сентабрь куни соат 6. 30 да Шовотга йўл олдим. Мен соат 8 дан бурун ҳарбий комиссариатга бордим, улар келганлардан ҳеч кимни ҳеч қайерга чиқармади.Рўйхатдан ўтказиб соат 10ларда нон халталаримиз билан аравага юклаб Урганчга юборишди.Аравалар колхозлардан чақирилган экан ( у вақтда Остона, Беглар, Масит, Подачи элатлари яъни 4 бригада бир колхоз эди).Бизни Чкалов колхозидан ўзимизни Назар акамни аравасини юборган эканлар. Киров колхозини 1- бригадасига келганда мен аравадан тушиб югурганимча уйимизнинг тўғрисига келдим. Йўлда опом, Дўсчан акам,Карима апкам (опани шундай атардик),Ойлар чечам (келинойим),Жумон акам ,Рейма чечам ва болалар кутиб туришган эканлар.Опом ‘’Болаларим соғ бориб,омон қайтинглар’’,- деб фотиха ўқиб қолди.Мен ҳам хўшлашиб, аравага миниб йўлга равона бўлдим.
Мен билан бирга Бўйрачи қишлоғидан Абдримов Йўлдош, Ўйрат қишлоғидан Қаландаров Хажи, Манглибойлар кетди,район бўйича 58 бола кетдик. Шулардан мен танийдиганларим Эшметов Йўлдош, Довутов Ғаппор, Эшчанов Тогон, Эшчанов Шермат, Ваисов Очил,’’ХIХ Партсъезд’’ колхозидан Дўсчанов Рўзим ва бошқалар бор эди. Урганч районидан Болтаев Сопо (Шукурулло дойининг укаси)ҳам бор эди. Бизларнинг тенгқурларимизни қолганларини 8 , 10, 18 , 24, 28- сентабрларда урушга юборганлар.
Мени армия сафига чақирилганлигимга мукаммал тўхталишимнинг сабаби:
1.Опомни кучли ирода эгаси эканлигини ,,Бололарим! Соғ бориб, омон қайтинг”,- деган фотихаси, йиғламасдан кулиб хайрлашгани…
2.Шу давр одамларини ва раҳбарларини софдил, виждонли ҳаётга ишонч билан қараганлигини гувоҳи бўлдим.
Ва бу воқеалар келгуси авлодларга намуна бўлишини истардим.
1942- йил кечда Чолишда баржага миндириб Чоржўйга ҳайдади. 10- сентабрь куни Чоржўйга етиб келдик. Темир йўл боғида тонг оттирдик. 11 -сентабрь куни кечда Сопор акам ,Раим Авезмуротовни акаси Қуронбой, Қўзи ака, Оллоёр масхарабоз деган( Москва колхозидан )артист бизларни ёнимизга ўрнашдилар. Бизнинг ёнимизга’’ Коммунизм’’ колхозидан артист Оллазаров Раим келиб қўшилди. У рубобини ҳам олиб чиқган экан. Шу кечани ашула ва ўйинлар билан ўтказиб тонгни отганини ҳам сезмай қолдик. 12-сентабрь куни Сопор акам билан расмга тушдик, 2 донасини уйга юбордим бирисини акам бирисини мен олдим. Шу куни кечда пойездга миндириб бизларни жўнатишди, акамлар эса қолди. Уруш даврида Сопорвой акамдан ҳеч қандай хабар бўлмади. Урушдан қайтгандан кейин у билан бирга кетган дўстлари (Қурбонбой Авазмуротов, Қўзи Йўлдошевлар) билан учрашганимда, акамни 1942­-йилда танкист сифатида Сталинград йўналишига олиб кетишганини айтишди.
Сталинград! Мамаев қўрғон! (Мамаев тепалиги). Дахшатли жанглар, ҳаёт мамот жанги! Бир қадам ҳам орқага чекиниш мумкин эмас! Сталинград остонасида фашистлар қурол­-яроғ жиҳатдан ҳимоячилардан устун эди.Чунки бу ерга Европани Польша, Белгия, Франция ва бошқа давлатларни босиб олиб ғолибона руҳдаги фашистларни илғор танкчилар тўдаси, генерал Поулюс ва Готнинг армиялари ҳужум қилганди. ”Сталинград остоналарида­, ­-деб ёзади Маршал В.Чуйков ўз асарида (В.Чуйков ‘’Ёшлик жангларда тобланади’’)­- Поулюс ва Готнинг танкчилари катта талофатга учрадилар, айниқса Сталинградни ҳимоя қилаётган танкларга қарши курашиш бўлинмалари томонидан, оддий қуролланган жангчилар ПТРлардан, ёнувчи суюқлик солинган шишалардан, гранаталардан, 45-калибрли тўплардан фашист танкларини яксон қилардилар. Сталинград остонасида жанг қилаётган фашистларнинг 14­-танк корпусининг командири генерал Фон Виттергейм ўз кундалигида шундай сатрларни қайт этган: ”Қизил армиянинг қўшинлари бизга бутун Сталинграднинг маҳаллий халқи ёрдамида ҳужум қиладилар, уларнинг жасорати бизни лол қолдирди. Жанг майдонида оддий ишчилар ўз кийимида, қўлида оддий қуроллар билан ястаниб ётади… Бундай жасоратни биз ҳеч қайерда кўрмаганмиз”…Бу ҳақиқат эди.
Кичик Рассошик районида 1379­-ўқчи полкнинг 87­-ўқчи дивизиясини 33 жангчиси политрук,комсамол Леонид Ковалёв бошчилигида катта жасорат кўрсатдилар.
Улар фашистларни 70 та танки қуршовида қолиб чекинмай жанг қилдилар. ПТР дан отиб иккита танкни ёқишди. Жангчилар граната ва танкни ёқувчи шишалар билан қуролланиб ҳужум қилаётган танкларни бирин­-кетин пистирмада туриб ёқа бошладилар. Биринчи танк пистирмага яқинлашганида оддий салдат Семён Калита шишани танк устига ирғитди, танк шу захотиёқ ловуллаб ёна бошлади. Калита яна иккита танкни кулини кўкка совурди, Василий Матюшенка эса ёнган танклардан тушиб келаётган фашистларга автоматдан ўт очиб қириб ташлади.Шу тарзда ҳимояда турган барча 33 жангчи фашист танкчиларига қаршилик кўрсатди.Биринчи ҳужумда жами 12 танк ва 30дан ортиқ фашист салдатлари қириб ташланди. Ҳужум бу билан тугамади, фашист танклари жангчиларни қуршаб олишга киришди, шу пайт кичик политрук,комсамол Евтифеев 4танкни гумдон қилди. Душманлар жангчиларни қуршовга олдилар. 33қаҳрамон чекинмади, улар мардонавор жанг қилиб енгиб чиқдилар. Фашистларнинг 27 танки, 150тадан зиёд салдатини ер тишлатдилар. Жанг майдонида кечаси билан ёнган танк ва фашист машиналарининг олови ярқираб атрофни, Волга бўйини ёритиб турди.Фашистлар Сталинграддан ўтолмади, Волгани кеча олмади. Шундай қилиб фашистларни кучли танк армиялари Сталинград остоналарида кучсизлана борди.Техника ва сон жиҳатидан гитлерчиларнинг ҳарбий машинаси ўз қудратини йўқота бошлади. 1942­-йил 12­­­­­­-сентабрда мен ­- деб ёзади Чуйков­, ­-62­-армияни қўмондонлигини ўз қўлимга олдим”…
Сталинград остонасида бундай жасоратларнинг кўпчилигида Ватандошларимиз ҳам қатнашган, уларнинг тарихи ҳали очилмади…
-‘’Бизлар,-деб ёзади бобом,- Жанбул, Олмаота ,Новосибирск,Байкал кўли бўйлаб Хабаровск орқали Владивастокга бордик.
1942- йил 21- сентабрь куни Владивастокдан Сучан шаҳрига ва шу номдаги дарё бўйида жойлашган Екатериновка қишлоғидаги кичик камандирлар тайёрлаш ўқиш масканига келдик. Мен, Абдримов Йўлдош,Қаландаров Хоживой ва Манглибойлар шу даргоҳда ўқидик. Бизларни олиб борган Жуманиёзов Мангли ака (қишлоқ шўраси)бизлар билан хайрлашиб 22- сентабрь куни жўнаб кетти. 1942- йил 1 -октабрь куни қасамёд қабул қилиб училишига курсант сифатида қабул қилиндик,шунгача 600гр нон берардилар 1- октабрдан бошлаб 900гр нон 50 гр сариёғ,50гр шакар бера бошлади. Машғулотлар жуда оғир эди, 4- 5 соат ухлардик қолган вақтимиз машғулотга кетарди.Бир куни, яъни 1942- йил 1 -декабрдан 6- декабргача бизларни ротага наряд келди. Денгиз бўйига бориб АҚШ дан келган парохотдан юк тушурдик. Халталарда гуруч, яшикларда кансерва ва калбасалар, юмшоқ булочкалар тушуриб хайратда қотиб қолдик,чунки кансерва ва калбасаларни биринчи бор кўришимиз эди. Бизлар билан борган шафёрлар эса Судобеккер машиналарни тушуришди, уларга ўқ дорилар ортилган эди. 7- декабрдан 27- декабргача тоғ ўрмон ичидаги ўқ-дори складларини қоровуллайдиган нарядда бўлдик. 1943- йил январда училишини Тюмен шаҳрига кўчирдилар. 5-январь 1943-йилда Владивастокдан чиқиб Ворошиловск шаҳрида (Хабаровскга етмай)2 кун тўхтадик ва вагонларга юкларни юкладик,балки ишчи кучи керак бўлгандир. Шу стансияда Идоятхўжа акани учратдим. У фронтга от олиб бораётган эди. Идоят ака темир йўл орасидан ўтин териб юрган экан, мен Идоят оға деб қичқирдиму ёмбошга қарадим, у мени овозимни эшитиб ялт этиб қаради. Ҳақиқатан шу эканини билгач яқин бордим, йиғлаб кўришди. Уларни эшелони шу куни жўнаб кетти, у армиядан келгач мактабда фаррош бўлиб ишлади, уйланди, боласи бўлса керак. Бизлар 1943- йил 12-январда Тюменга келдик, у ерда 15- июнгача бўлдик, имтиҳон олиб сержант унвонини бериб урушга жўнатди.
Урушга яқинлашгач ҳар биримизни бўлак -бўлак ҳарбий частларга бўлиб юборди. 1943- йил 4-июлда Белгород шаҳрида жангга кирдим. 20 кун жангда бўлдим,жанг жуда оғир бўлди. Чап оёғимдан енгил ярадор бўлиб санбатда даволандим. Августни бошида частга келдим, бизларни Жанубга ҳайдадилар. Ҳарбий қисимимизни аскарлар билан тўлдиргач яна фронтга ҳайдадилар. Октабрь ойида Кременчук шаҳринининг пастида Шевченковский қишлоғи тўғрисидан Днепр дарёсидан ўтадиган бўлдик. Санаси эсимда йўқ, кун ботиш арафаси эди, энди резина қайиқларга минишга тайёрланганимизда немислар бизни артилериядан ўққа тутди. Камандиримиз оғир яраланиб, 3салдат ўлди,4 салдат оғир ярадор бўлди,омон қолганлар билан дарё қирғоғидаги ўрмонга чекиндик. Буйруқ қатъий эди, кечаси қоронғида дарёдан ўтиб, дарё қирғоғида оборон тутдик,асосий кучларни ўтказиш учун бизлар немисларни дарё яқинига йўлатмаслигимиз керак эди.Қишлоққача чамаси 4км масофа дарёлик, майдон, қумлик, унда саланг, бурган, сўзан, тўранги ва бошқа ўсимликлар ўсиб турган ва яна 2км масофа кўллик эди. Немислар шу қишлоқларда мустаҳкам оборон(ҳимояланиш чизиғи)тутган экан. Шу ердан туриб бизларни артилериядан ўққа тута бошлади,ноилож, кутиб туриш иложи йўқ, қисқа- қисқа югуриб, эмаклаб,ўзимизни ўқлардан пана қилиб 4км лик масофани бир кунда зўрға босиб ўтдик. Менинг бўлимимдан 1 салдат ўлди, бошқа бўлиммаларда ҳам қурбонлар оз эмасди. Кун ботиш арафасида кўл бўйига келиб тўхтадик. Ярим кечада ҳар ким ўзи турган тўғрисидан сувга тушиб кулни кесиб ўтишга буйруқ бўлди. Сув совуқ,тонгда сувдан кечиб қишлоқ четига келдик. Немислар қишлоққа киришни қийинлаштириш учун кўлга қараган қирғоғини тик девор каби қилиб қириб кўлга тушуришган экан, баландлиги 3 - 8 метр келади, мана сизга табиий тўсиқ. Немислар кузатувчи пунктда одам қолдириб, асосий кучини чекинтирган экан. Йўлини топдик, бизлар биримизни эгнимизга иккинчимиз ва учинчимиз миниб,тусикни енгиб қишлоққа чиқсак немисдан дарак йўқ. Кечаси билан отиб турган пулемётлар одамсиз турубди. Қишлоқни ўртасига борганда 2 немисни файтунда қочиб бораётганини кўрдик ва отиб олдик,юришни давом эттирдик. Қишлоқни нариги чегарасидаги тепаликни эгаллаган эдик, тепаликнинг ўнг томонидаги паст жойидан немисларни йигирматача танки ва пиёда аскарлари бизларни ўраб олиш мақсадида юриш бошлади. Чекинишга буйруқ берилди,қишлоқ марказига чекиниб ПТР(противотанковое ружье-танкга карши курол) лардан душман танкларига қарши ота бошладик. 4танкни ёндирдик қолганлари чекина бошлади. Шу пайт менинг отделеням(бўлимма)даги бир ПТР чининг отувчисига ўқ тегди. Уни ўрнини ўзим олай деб ҳам югурган эдим, ўзимизни бир салдатимиз менга қараб граната отди,мен окопга ташландим оёғим ташқарида қолди, тўпиғимга кичкина осколка кирди, мен билмадим.Жанг тамом бўлгач ярадорларни санбатга жўнатди, шунда мени камандир чақирди ва: ” Сенга ўқ тегмадими?”- деб сўради,мен:” йўқ”- дедим у: “Этигингни еч”- деди,чап этигимни ечган ҳам эдим-ки қон оқиб кетди,” Кимни ўқи тегди”- деб сўради. Мен:” Душманникидир- да “ дедим ” Сен билмадингми?”- деб сўради у, мен: “йўқ”- дедим (билган эдим,айтишни истамадим). Оёғим бир ҳафтада санбатда битди яна частга қайтдим. Мен у салдатни фронтга киришдан олдин,Варонеж шаҳрида тўхтаганимизда тартибни бузгани учун тартибга чақирган эдим ва бироз пластунский(ҳарбийча эмаклаш)юритган эдим холос, айбим шу деб ўйладим ўзимча ва камандирга буни айтмадим.Бу воқеани тўлалигича ёзишимнинг сабаби: Ўқувчи ўзига керак ҳаётий хулоса чиқарсин дедим, яъни Ватан учун кураш- душманлик ва дўстлик, яхшилик ва ёмонлик ҳақида ўйлаб,фикрлаб ҳаракат қилса- демоқчиман.
Бизларни ҳарбий частимиз(кисмимиз) Харьков устидан Киевга юриш қилиши керак эди, бу ноябрь ойларини боши эди. Частимиз Харьковни озод қилгани, Киев учун жангда бўлганини билмадим, чунки Харьков трактор заводини бараклари ёнида тўхтаганимизда (бу 1943- йил ноябрь ойларининг бошларида бўлса керак)немис самолётлари Харьковни бомбардимон қилди. Мен ва яна бир неча салдат бомбёшкада қолиб кетиб, контузия бўлдик. Мени ва яна икки салдатни бомба ўйиб ташлаган тупроқдан топиб олишди, ўзларимизча сўзлаймиз аммо ҳеч ким эшитмас ва тушунмас экан,контузия дегани шундай бўлар экан.Санбатда 3 кун ётдик, доктор товонимизга игна суқиб қичқиртириб кўрарди, аммо биз қичқирганимизни ҳеч ким эшитмайди. 3 кунига чидадик, 4- куни доктор палатага кириши билан Лапатнюк исмли солдат(Сибирда туғилган, узун бўйли, қувватли йигит эди)докторни бўғди, бизлар иккилаб қўлидан олмоқчи бўлдик аммо кучимиз етмади, медсестра чиқиб ёрдамга одам чақирди, улар келгунча доктор ҳаётдан кўз юмди. Шу куни ярадор бўлганларни санбатдан олиб госпиталларга тарқатдилар, Лапатнюкни нима қилганларини билмадим. Госпиталда 25 кун ётгандан кейин қулоғим очилди, товушим чиқди. Ана шу воқеада ,,За отвагу’’(жасорат) медалим,ҳужжатларим йўқолди. 1943- йил декабрни охирида госпиталдан чиқдим, мени бошқа частга юбордилар. Бу иккинчи Украина фронти 52- армиянинг 49 - алоҳида минамётчилар полки экан, бу полк саставини тўлдиргач январь ойининг охирида Киев орқали Жануби Ғарбга юра бошлади. 1944- йил апрелгача жанг кўрмадик. Озод қилинган Жанубий Ғарбий Украина, Бессарабия(Молдовия) дан ўтиб апрель ойининг бошида Руминянинг Ясси шаҳри тўғрисидаги фронт чизиғига келдик, шу ерда оборонда 4 ой, яъни 1944 -йил 20- августгача турдик. 4 ой ичида полкни ва армия аскарлари сафини тўлдириш учун озод қилинган Украина областларидан армияга одам олдик. Май, июнь, июль ойларида Ленинград фронтидан (Ленининград озод қилингандан кейин)салдатлар ўз полклари билан қўшила бошлади. Улар шу иссиқда постинларда, кигиз этикларда келдилар.
Аскар йиғиш чоғида Венница областига 4 марта комондировкага бордим.Шу камандировкаларнинг бирида Тулчина районидан юқорида келтирганимдек акам,Бобожон Эшчановнинг дарагини топдим. Камандировкадан Яришевский районидан 90,Рибница районидан 102, Тулчендан 85 ва Жмиринка районидан 97 болани армияга олиб,соғ- саломат частга топширдим. Шу вақт ичида 2 марта тил тутиб келишда қатнашдим. Шуларни ҳисобга олиб менга 10 кун дам олишга рухсат беришди. Шунда мен уйга келиб кетишга улгура олмасман дея, Винница областида Ярашевский районининг Нишевский қишлоғидаги партизан Малавичкони уйида бўлдим(камандировка даврида военком мени шуларнинг уйида қўйган эди). Малавичкони Василий, Иван, Ганка, Мария деган фарзандлари бор экан. Отасини немислар отган, онаси билан бирга яшардилар таниш бўлганим учун шу ерда дам олишни афзал кўрдим. Уларнинг уйида 1944- йилнинг 7- августидан 17- августигача бўлдим. 18- августда частга келдим. 20- август куни соат 6 00 дан 12 00гача артподгатовка бўлди. Ундан кейин ҳаммамиз ҳужумга ўтдик, бизлар соат 17 00 да Ясси шаҳрига кирдик. (Эсдан чиқибди…1944- йил июнда тил тутиб келишга буйруқ олдик,13 кишидан иборат гуруҳ немислар томонга ўтдик, биздан 2таси ярадор ва биттаси ҳалок бўлди. Тутиб келтирилган немис офицер экан. Бизларни орденга тавсия этишди, аммо орден менга етиб келмаган еди. 80- йилларда ваянком Саиджонов шу тавсия қилинган орденни архивлардан излаб топиб олиб берди. Бу орден “Қизил Юлдуз “ордени екан.) 23-25 августда Кишинёв группировкасида, 30-31 августда Бухарестни озод қилишда иштирок этдим. 1944- йил 1- сентабрь кечқурун Дунай дарёсини кечиб ўтиб Булгарияга кирдик. 2- сентабрь эрта билан,кун чиқиш арафсида овқатланиб оладиган бўлдик.Минамётлар тақилган судобеккер(АҚШ ники) машиналар йўл четида тўхтаб ,салдатлар ювинишга киришдилар.(йўлнинг икки томонидаги қармдан тиниқ сув оқиб турган эди,йўлнинг кун чиқиш томони маккажўхорилик,кун ботиш томони ўрмон эди).Камандир батарея камандирларини чақириб картани карабинга илиб қўйиб борадиган еримизни энди картадан кўрсатган ҳам эдики,ўрмондан отилган ўқ овози эшитилди.Мен чап томонимга ёнбошлаб картадан кўрсатилган жойга қараб ётган эдим, бошқалар ҳам шу тарзда ётган эди,ўтирган еримиз йўл қармига қараб пастга кетадиган ясси қия эди.Уч батарея камандири шу солмога йиқилдик.Камандир ва икки батарея камандири ўлди,яна икки батарея камандири ҳам ярадор бўлибди. Салдатлар кимдир кийинган кимдир кийимсиз ўрмон томонга ҳужумга ўтиб, ўрмонда яширинган 20 одамдан иборат немис группировкасини тутиб келтирганларича қармда,сувда қонимизга беланиб ётдик.Келиб бизни қутқаришга югурдилар. Мендан сўрашганда мен оёғим дедим.Оёғимни боғлаб дархол машинага чиқардилар,шунда чап қўлим тушиб кетти, жонсиздай, сезилмади қўлимни ярадор бўлганини шунда билдим. Қўлимни ҳам боғлаб дарҳол машинани ҳайдадилар. Бир майдонда тўхтадилар шу ерга иккита санитар сомолёти келиб қўнди. Бирисига иккита ярадорни иккинчисига учта ярадорни юклаб самолётлар учди. Руминияникими ёки Молдавияникими билмадим Хушей деган шаҳарга келтирдилар.Шу куни соат 12 00 да операция қилдилар. Бошлаб берган наркозда 48 тагача санадим,врач ишонмади ва менга қайтадан сана деди, мен 18 айтиб 19 ни айтолмай хушимдан кетдим.Операциядан кейин уйғонганман аммо онгим бўлмаган.5- сентабрь кунигина ўзимга келдим. 1944- йил 7 -сентабрь куни ҳўкиз аравага юклаб темир йўл станциясига чиқардилар. Поездга миндириб Украинани Тулчин шаҳридаги госпиталга ётирдилар. 10- октабргача шу ерда бўлдим. Бу ерда оёғимни иккинчи марта операция қилдилар.10- октабрда поездга юклаб Саратовга келтирдилар. Дарёни нариги қирғоғида Энгельс шаҳарчаси бор екан. Бизларни шу шаҳарчага ўтказиб, госпиталга ётқиздилар. Госпиталда октябрни охирига қараб қўлимни яралари битди, чап қўлим йўқ, энди қандай бир қўл билан яшайман, деган фикр келди. Бу фикр миямдан сира кетмасди. Оёғимни яралари ҳам битгач мени юришга қўшдилар. Юрганимдан кейин оёғимни яраси яна очилди. Энгелсдаги госпиталда тошкентлик рус йигити, капитан Сокович (унинг ўнг қўли эгнидан йўқ) ва Янгиариқ Бўстон деган еридан Матёқуб исмли йигитлар билан бўлдим .Шу ерда оёғимни учинчи марта операция қилиб кесиб ташлайдиган бўлдилар. Мен рухсат бермадим,
- Ўлдирсангиз ўлдиринг, оёғимни кестирмайман , дедим , қўлсиз оёқсиз қандай яшайман ахир?!
Сокович шу соҳада менга жуда катта ёрдам қилди, мени оёғимни сақлаб қолди. Унинг ёрдами билан оёғимни кесмай даволай бошладилар. Ўқ тешиб ўтган суяк ичини шомпал билан дори дармон юбориб тозалаб даволадилар. Оёғим етти саккиз ойлар чамаси бита бошлади,аммо таёқсиз юра олмас эдим кейинчалик ўрганиб кетдим.
Мен тузалиб кетгач, 24- декабрлар бўлса керак, аниқ эсимда йўқ, Сокович ва Матёқубдан олдин уйга қайтдим, мени демоблизация қилдилар.Сокович уй адресини бериб,уйига бориб онаси ва хотинига айтишимни тайинлади, мен унинг уйига бордим. Уйи темир йўл вокзали қаторидаги йўл бўйи пасёлкасида экан.Онаси, хотини ва қизи ҳамда синглиси бор экан. Хол-аҳволини айтиб, адресларини бериб, Ашхабад поездига миниб Чоржўйга келдим. Бу 1945- йилнинг январь ойлари боши эди. Мен поездда бир ўзим келдим.Чоржўйда ҳарбий комиссариат комендатураси кутиб олди ва мени дарёнинг ўнг соҳилига Фараб деган ерга пригородний поездга миндириб ўтказди.Фарабдан нарёғига машиналарда кетиларкан, темир йўл йўқ экан,Фарабга кечикиб келибман. Мен келганда Хоразм, Қорақалпоғистон ва Тошовузга борадиган демоблизация қилинган инвалит салдатларни бир калонна қилиб,машинага миндириб эрталаб жўнатган эканлар. Менга: “Шу ерда бўласиз,қистаниб(шошилиб) кетувчи бўлманг, йўл ёмон, ҳаво совуқ деб”- мени шу ердаги пристань пункити поварига топшириб кетишди.Повар аёл киши экан ,
“-Бир одам учун овқат пишириб, печь қиздириб юрмай,бизникига юринг,шу ерда бўлаверасиз”,-деб уйига олиб кетди. Эртасига ҳам индинга ҳам салдат келмади,учинчи куни 4, тўртинчи куни 6 салдат келиб,кундан кун кўпая бошлади. Мен поварни уйида 4 кеча бўлдим,кейин ётоқхонага келдим. Повар менга ‘’Орттирган нонни бераман сотиб йўл харажати қиласан,шундан менга ҳам берасан “-деб тайинлади ,ўзи сотишга қўрқарди,гражданлар ҳам бундан қўрқарди.Ҳар куни 4- 5 буханка нон орттириб берарди,Чоржўйга ўтказиб ёки йўлда 120 - 130 сўмдан сотиб қайтардим ярмини поварга берардим,шу тариқа 8 кунни ўтказдим.9 чи куни Иноятов Қозоқ келди.Мени танимади,иккинчи куни ҳам танимади.Овқат олиб турган пайтимда туртиб юбордимда поварга бунга ҳам гўштли қилиб(калбаса солинган) солинг деган ишорани қилиб”Қазақ! Мени танимадинг а?”-дедим.Қозоқ қувонганидан қучоқлаб олди,шу тариқа яна танишдик.Инвалид бўлсак ҳам тирик қайтганимиз учун ҳам қувончимиз ичимизга сиғмас эди.Шу сабабли даврга мос ўйин кулги ва бошқа ҳордиқ чиқариш билан Фаробда уйга қайтишни кутиб ўтирдик.1945 -йил 16- январь куни бизга 3 - 5 кунлик сухой паёқ берилди ва Чоржўйга ўтказишди.У ерда ФЗО(Фабрично-заводское училище-завод-фабрика кошидаги билим юрти) дан қайтган бир қизни учратдик, унинг эгнида кўна, йиртиқ гуппи,ҳаво совуқ, қиз фақат йиғларди.Овқат бердик,бир тоза гуппи олиб бердик” Мени юртимга олиб кетинглар “-деб йиғларди у. Нима қилиш керак, уларни машинага минишга рухсат бермас эканлар.Иложини топдик, бозордан катта халта олдик, уни халтага солдик,машинага чиқариб анча ерга боринча халтада сақладик,қиз Гурландан экан,сухой паёқ олганимизда повар хотин бизларга қўшимча ўн кунлик озиқ берганди.Бу овқатликларни учинчи вешмешоқга жойладик (Қозоқда запас мешоқ бор экан ). Ҳаво совуқ, Дарғонотага келганда кун ботди.Совуқ ҳам 20 - 25 градусга етди, 10 та судабеккер машинада одам,2 машинада ёқилғи, озиқ овқат, запчаст ва ҳоказолар юкланган эди.Ҳар бир машинада 20 - 25 тадан одам бор эди.Шу кечаси Дарғонотада бўлдик, хўжалик жойларига тарқалдик. Қозоқ менга ишонган мен Қозоққа ишониб учинчи мешоқни қолдириб тушибмиз, қайтиб машинани қарасак мешоқ йўқ. Жойлашиб бўлгач мешоқ қидириб кеттик,салдатлар жойлашган хоналарни ойнасидан қараб боравердик, 4 жойдан ўтиб бешинчи жойни ойнасидан қарасак бир салдат девор томонга қараб ниманидир еб ётибди.Шу ерга кирмоқчи бўлиб эшик қоқдик, уй эгаси “Бизни жой тўлди,жой йўқ”­,-деб очмади ­­­.
­­­-­ Бизларга жой керак эмас,дўстимизни кўриб кетамиз ­– дедик. Эшик очилди,кириб ҳалиги салдатни қарасак бизни мешокни очиб колбаса ва нонни еб ўтирибди.Мен уни бир тепдим,таёқ билан уриб,халтани Қозоқга бериб сўкиниб чиқиб кетдик.Бўладиган жойга келиб,ҳалиги қиз,Қозоқ учимиз овқатландик.Бошқалар овқатланиб бўлиб ухлашга шайланган эканлар.17­-январь куни эрта тонгда сигнал бўлди,туриб машиналарга миндик.Қизни яна халтага солдик,ишқилиб кундуз соат 2 ларда Урганчга келдик.Қозоқ,қиз ва мен Урганчда тушиб,Тошовузга ўтиб кетувчи салдатларга Бўйрачи чегарасига киргач ёки якка тўрангига етгач ким йўлда кўринса,”Мадамин ва Қозоқ келяпти”­­­­­- деб қичқириб ўтинглар деб топширдик. Бозорга кирдик, Бозорда Чоткўпирли Одомбоев Қўшназарни (Қўшоқ) кўрдим.Сўрашиб бўлгач ундан “Нимага сочларинг оқариб кетибди?”,­-деб сўрадим. У “Мени кўрганимни кўрсанг,сени суякинг ҳам оқарарди”,­­-деди.Мен:”Нималарни кўрдинг “,­-деб сўрадим.У 9 ой қамоқда бўлганини айтди.Ҳозир нима қилаётганини сўраганимда ўқишдалигини айтди. Буни ёзишимга сабаб у урушни кўрмаган,шунинг учун менга юқоридаги гапни айтган.Унинг учун турма ҳаётида энг оғир кунлар бўлган,чунки у адолатсизлик азобини чеккан ҳамда қамалди деган номдан уялган.У буғдой ўроқи кунлари бошоқ терган уни буғдой похолини ўғирладинг деб қамаганлар.Иккинчидан эса мени ўқишга боришимга у сабабчи бўлди. Қўшақ билан хайрлашдик кейин Қозоқ билан орқа йўлдан пиёда уйга қайтдик.Ҳозирги Урганч район маркази тўғрисидан ўтган пайтда Бўйрачили Садулла Хотам отли изимиздан етди,бизларни таниб отдан тушдида мени отига миндирди. Чунки мен таёқ билан юрардим, шу тариқа ундан­­-бундан гаплашиб ҳозирги “50 йиллик” колхозининг идорасига келдик. Садулла ака биздан уйдагиларни хабари бор йўқлигини сўради, бизлар Тошовузга бораётган салдатларга айтганимизни айтдик. У сизларни дарагингизни уйдагиларингизга етказаман ва сизларни кутиб олишга чиқишади, бизларни қаердан топишларини сўради. Биз Чоткўпирда Ботир Қиличникида (синглим Назираларда )ёки Хударган Қиличникида (синглим Жумагулни тушган жойи)да бўламиз дедик. У отини қамчилатиб кетти, бизлар пиёда Назираларникига келдик. У ердан чиқиб кун ботиш арафасида Шовот каналидан ўтиб Хударган дойимникига кириб, энди бир коса чой ичаётган эдик Жумон акам аравали келди.Биз аравага миниб уйга жўнадик,ҳаво жуда совуқ эди,30 ­­-35 градус атрофида, ой йўлимизни ёритиб турарди, совуқни сезмасдик, чунки уйга келгандик. Иноятов Қозоқ уйини тўғрисида тушиб қолди.Мен уйга келсам опом эмаклаб уйдан юз метрча барига келган экан. Кўришдик­­­-сўрашдик, у 4 болани дахшатли уришга узатиб ўтирма бўлиб қолган экан. Ичкарига кирсам қўшнилар, раис, бригадир ўтирган эканлар.Ҳаммаси билан кўришиб бўлгач мени печ қоптолига ўтказдилар. Қайрдан Авазмурот акам келган экан ,бир қўй сўйибдилар, акам эшикдан кираверишда ўчоқ олдида ўтирди. Эсон ­­­-омон уйга қайтганимдан ниҳоятда хурсанд эдим.Бу воқеалар ҳеч қачон кўз олдимдан кетмаса керак”,-деб ёзган ўз кундалигида бобом Мадамин Ишчанов. Кундалигида ёзишича бобом колхоз раисининг таклифларига кўнмай ўқишга кетган. Институтда ўқиб юриб, 4­- курсда сиртқи бўлимга кирганларга таълим бера бошлаган, кўп дўстлар орттирган. Онасининг истагига кўра қишлоққа мактабга қайтган. Бу воқеа 1952­­-йил 21­-августда рўй берган. Институтда ўқиб юрган чоғи уйланган ва оиласи билан қишлоққа кўчиб келган. Ўқитувчилик қилган, мактаб директорилик лавозимига кўтарилган,195­­4­­-йил августдан 1­­­-сонли Стрелков номли ўрта мактабга директор қилиб тайинлашган. Мактабни номини республика даражасига кўтарган, 1960­-йил директорликдан бўшаб, 1962­-йил 26­­-мартдан районога инспектор қилиб тайинланди.Шовот райони Маориф системасини юқори чўққиларга кўтарди,ўқитиш тизимини яхшилади,янги мактаб биноларини қурилишини,ўқитувчиларни қўллаб­-қувватлашни ўз бурчи деб билган ва бу лавозимда 1984­-йилгача ишлади. 1984­­-йилдан 1995­­-йилгача Маориф касаба уюшма раиси лавозимида ишлади. “Халқ Маорифи аълочиси”унвонига сазовор бўлган,кўплаб фахрий ёрлиқлар ва дипломлари ҳалигача биз набиралар учун намуна сифатида хонаси деворларига илиниб турибди. Кўп ўқитувчиларга ғамхўрлик қилди, шу сабабли бобомни барча танишига амин бўлдим. Бобом ўз ўқувчилари билан бир қаторда ўз касбининг етук мутахасислари бўлмиш 11 нафар фарзандни ҳам юртга таянч сифатида ўстирди.
Бобом қанчалик ҳаёт ташвишлари, иш маъсулияти оғир бўлишига қарамасдан жанг майдонларида қолган акалари Сопорвой ва Бобожон Ишчановларнинг қабрларини излашдан асло тўхтамаган, бу изланишлар ўз натижасини берди,акаси довюрак партизаннинг қабрини аниқлади. 1984-йил бобомнинг номига Украина Республикасининг Ракетина район Ҳарбий комиссариатининг комиссари Бичковдан таклиф қоғози келди.Унда бобом Ишчанов Мадамин Улуғ Ватан уруши партизани, акаси Бобожон Ишчановнинг ҳокини эски Фелисово қишлоғидан янги Боровое қишлоғига кўчириш маросимида қатнашишга таклиф қилинган эди.Таклифни олгач бобом укалари Назира, Жумагул Ишчановаларни, турмуш ўртоғи Бикажон Матёқубоваларни, поччаси Болтаев Шукурулло ва жияни Қиличов Жобберганни олиб йўлга отланган эдилар. Бобомни эслашича воқеа бундай бўлган: “1980 йилларда урушда ҳалок бўлганларни қидириш ёшларга ,”Қизил изтопарлар”га топширилган эди.Менинг хатим уларнинг қўлига тушган,қидирув пайтида улар эски Фелисова партизанлар қишлоғини топишган.Қишлоқ ўрмонга айланиб кетган,ёғочдан қурилган уйлар ичидан дарахтлар кўкариб, уларни шохларда кўтариб турган экан.Шу қишлоқ чеккасида кичик қабристон топилган.Акамни кўмилган жойида ёғочдан ясалган хочда лотинча ёзувда Эшчанов Ба деган сўзи бор, қолган қисми ёниб кетган экан.Мана шу ёзувдан ва партизан отрядининг архивда сақланган ҳужжатларига асосланиб партизан Бобожон Эшчановнинг ҳоки Фелисова қишлоғидан топилди.Қишлоқдагилар бизни ўз яқинларидек кутиб олдилар.Ҳокини кўчириш маросимида қатнашдик ва акам хотирасига бағишлаб ош бердик.
Боровое қишлоғининг мактаби олдида ўзбек халқининг мард ўғлони Бобожон Ишчанов хотирасига кўчирилган ҳоки устига кичик монументи ўрнатилди ва мармар тошга “Бу ерга партизан Бобожон Ишчанов дафн этилган” деб ёзилди.Бу маросимга бутун қишлоқ йиғилган экан ва Ватан ҳимоячилари шаънига мадҳиялар айтилди.Мен кўз ёшларимни тиёлмай қолдим, синглим Назира чидаб туролмай қабр устига саждага эгилди.”
Бобом ва катта аммам Назира Ишчанова акаси дафн қилинган жойидан бир сиқим табаррук тупроқ келтириб Шарифа момомнинг қабри ёнига рамзий қабр қуриб,унга табаррук тупроқни жойладилар.Қон-қариндошлик рамзи сифатида ўзбек ва украин тупроғи бир-бирига қоришиб кетди. Улуғ Ватан уруши партизани Бобожон Ишчановни жанговор ишларига ҳали охирги нуқта қўйилганича йўқ.
Қадрли ўқувчи! Сиз ҳозир ўз юрти учун жонфидо инсонларнинг бир ёинки иккитасининг тарихини ўқидингиз.Аслида эса бундай инсонларнинг саноғи йўқ. Айнан бизнинг кичкина қишлоғимиздаги баҳодирлар ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади.Улар жангдан ярадор,инвалид ҳолда қайтишига қарамасдан,умрининг сўнгги лаҳзаларигача ўз юрти,халқи учун хоҳ ишчи, хоҳ раҳбар бўлиб қайси жабҳада ишламасин, Ватан олдидаги ўз бурчларини адо этишган. Энди айтингчи, биз шу қадар ўз бурчига садоқатли инсонларни унута оламизми?!
Уруш жангоҳларида жасорат кўрсатган 380дан ортиқ Бўйрачилик жангчилар ҳукумат орден ва медаллари билан тақдирланганлар.Уруш миллионлаган кишиларнинг ёстиғини қуритгани ҳеч кимга сир эмас .Бўйрачидан фронтга кетган жангчиларнинг кўпчилиги ҳам қайтиб келмади .Ватан ҳимоячиларидан миннатдор халқимиз уруш йилларида ҳалок бўлган ўғил­­-қизлар хотирасини ўз қалбида абадий сақлайди. Шу сабабли ҳам биз бу инсонларни ўз қаламимизга олишга аҳд қилдик.



Download 5,96 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   14




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish