Ёнғин ўчоғини тадқиқот қилиш / 2; 6; 8/
Ёнғиннинг аниқ келиб чиқиш техник сабабини ёнғин дастлаб бошланган жой аниқланганидан сўнг билса бўлади. Ёнғин ўчоғи ҳақида тасаввурга эга бўлмасдан туриб, ҳеч бўлмаса тахминий, унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш жуда мураккаб, айрим ҳолларда эса унинг имкони ҳам йўқ. Ёнғиннинг пайдо бўлган жойини ва сабабини аниқлаш учун ёнғин бўлган жойни кўздан кечириш катта аҳамиятга эгадир.
Ёнғин ўчоғини аниқлаш учун барча ҳолатларни ва улар орасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлаш зарур. Ҳолатлардан қайси бири ёнғин сабаби, қайси бири эса унинг оқибати эканлигини ҳам аниқлаш керак (масалан, электр ўтказгичининг қобиғи қисқа туташув натижасида ёки электр тармоғидаги ортиқча юкланиш натижасида ёки унинг ёнғин натижасида куйганлигини аниқлаш).
Ёнғинларда энг кўп куйган ва энг кўп талафот кўрган жойни кўпинча ёнғин чиққан жой билан боғлашади, чунки энг кўп куйиш вақт омили билан боғлиқдир. Лекин ёнғин ўчоғини аниқлашга бундай ёндашиш хатоликларга йўл қўйишга ҳам олиб келиши мумкин. Ёнғин ўчоғини аниқлашда ёнишнинг тезлиги ва жадаллигига оид, шунингдек ёнғингача бўлган барча ҳолатларни ҳисобга олиш зарур. Буни аниқлашда ёнғиннинг ривожланиши қонуниятларини яхши билиш зарур бўлади.
Ёнғин-техник эксперти нима илгарироқ ёнганини аниқлай олиши зарур – деворларми ёки шифт, пол, ускуналар, мебеллар ва бошқа жиҳозларми. Агар ёнғин деворда бошланган бўлса, унда деворга осилган барча жиҳозлар ва нарсалар пол куйиб кетишидан илгарироқ тушиб кетиши керак.
Ёнғиннинг талафот етказиш натижалари кўпинча қуйидагиларга боғлиқ бўлади:
бинонинг, иншоотнинг ва алоҳида элементларининг меъморий-қурилиш жиҳатларига;
қурилиш элементларига тўғри келган юкланишларнинг катталигига;
ёнишнинг давомийлиги ва оловнинг ҳамда юқори ҳароратнинг таъсир этиш вақтига;
ёниш зонасидаги ҳарорат режимига (ўт ўчириш воситаларининг совитиш таъсирини эътиборга олган ҳолда);
газ алмашинуви даражасига;
ёнғинни ўчириш бўйича кўрилган чораларга ва бошқа жиҳатларга.
Ёнғинларда шарт-шароитларнинг турли-туман бўлишига қарамасдан, ёнишнинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан қатъий назар, аниқланган ёнғин ўчоғи белгиларини тўғри баҳолаш орқали ёнғиннинг қайси йўналишда тарқалганлигини аниқласа бўлади. Ёниш зонасининг турли участкаларидаги талафотларнинг ўзига хосликларини бир-бирига таққослаган ҳолда, шунингдек ёнишнинг йўналтирилганлигини эътиборга олган ҳолда ёнғин ўчоғи аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |