Электр қурилмаларини энергетика тизимига улаш
1.1.38. Электр қурилмани энергетика тизимига улаш «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»га мувофиқ амалга оширилади.
Электр қурилмаларини эксплуатацияга топшириш
1.1.39. Янгидан қурилган ва реконструкция қилинган электр қурилмалар ва уларда ўрнатилган электр ускуналар ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган ва экспертизадан ўтган лойиҳа асосида бажарилган, мувофиқлик сертификатига эга ва қабул қилиш-топшириш синовларидан ўтган бўлиши шарт (мазкур Қоидаларнинг 1.8 - бобига қаранг).
1.1.40. Янгидан қурилган ва реконструкция қилинган электр қурилмалар амалдаги низомларга мувофиқ қабул комиссияси томонидан қабул қилинганидан кейин саноат эксплуатациясига туширилади.
1.2-боб. Электр таъминоти ва электр тармоқлар
Қўллаш доираси, тушунчалар
1.2.1. Қоидаларнинг ушбу боби кучланиши 500 кВ гача бўлган барча электр таъминоти тизимларига тадбиқ этилади. Ер ости, тортувчи ва бошқа махсус қурилмаларнинг электр таъминоти тизимлари мазкур бобнинг талабларидан ташқари махсус қоидалар талабларига ҳам мос келишлари шарт.
1.2.2. Энергетика тизими (энерготизим) деб, электр энергиясини ва иссиқликни ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлашнинг узлуксиз жараёнида режимнинг умумийлиги билан боғланган ва бир-бирига уланган ва режими умумий бошқариладиган электр станциялар, электр ва иссиқлик тармоқларининг мажмуасига айтилади.
1.2.3. Энерготизимнинг электр қисми деб, электр станциялар ва электр тармоқлар электр қурилмаларининг мажмуасига айтилади.
1.2.4. Электр энергетикаси тизими деб, электр энергияни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, истеъмол қилиш жараёнининг умумийлиги билан бирлашган энерготизимнинг электр қисми ва ундан таъминланадиган электр энергиясини қабул қилувчиларига айтилади.
1.2.5. Электр таъминоти деб, истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашга айтилади.
Электр таъминоти тизими деб, истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминловчи электр қурилмалар мажмуига айтилади.
1.2.6. Марказлаштирилган электр таъминоти деб, истеъмолчиларни энерготизимдан электр таъминлашга айтилади.
1.2.7. Электр тармоғи деб, маълум ҳудудларда ишлайдиган, подстанциялар, тақсимловчи қурилмалар, ток ўтказувчилар, ҳаво (ҲЛ) ва кабель линиялари (КЛ) дан ташкил топган электр энергиясини узатувчи ва тақсимловчи электр қурилмаларнинг мажмуига айтилади.
1.2.8. Электр энергиясини қабул қилгичи (электр қабул қигич) деб, электр энергиясини бошқа турдаги энергияга айлантирадиган аппарат, агрегат, механизмларга айтилади.
1.2.9. Электр энергияси истеъмолчиси деб, технологик жараён билан бирлашган ва маълум ҳудудда жойлашган электр қабул қилувчига ёки электр қабул қилувчилар гуруҳига айтилади.
1.2.10. Электр қабул қилгичнинг ёки электр қабул қилгичлар гуруҳининг мустақил таъминлаш манбаи деб, ушбу электр қабул қилувчиларнинг бошқа манбаи ёки манбаларида кучланиш йўқ бўлиб қолганда ҳам, ундаги кучланиш мазкур Қоидалар билан авариядан кейинги режим учун регламентланган чегараларда сақланиб қолинадиган таъминлаш манбаига айтилади.
Мустақил таъминлаш манбаларига бир пайтнинг ўзида қуйидаги иккита шартга риоя этадиган бир ёки икки электр станция ва подстанцияларнинг икки шиналар секцияси ёки шиналар тизими киради:
ҳар бир шиналар секцияси ёки тизими ўз навбатида мустақил таъминлаш мабаидан таъминланган бўлиши;
шиналар секциялари (тизимлари) ўзаро боғланмаган бўлиши, ёки боғланган бўлса ҳам бирор шиналар секциясининг (тизимининг) нормал ишлаши бузилганида бундай боғланиш автоматик равишда узиладиган бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |