3.3 Ўсимлик ва ҳайвонларнинг ҳаётий формалари
Ўсимликлар ва ҳайвонларда, узоқ тарихий ривожланиш давомида улар яшаб турган муҳитга мос равишда ҳар хил морфологик ва биологик мосланиш хусусиятлари келиб чиққан. Бундай ҳолни Е.М.Лавренко экобиоморфа— ўсимликларнинг экологик, биологик ва морфологик мосланиши деб атади.
Серебряков И. Г. ўсимликларнинг ҳаётий формаси деганда, маълум ташқи муҳит шароитида ўсимликлар гуруҳининг ўсиши ва ривожланиши натижасида келиб чиқадиган умумий кўринишни тушунади. Ана шундай қиёфа тупроқ, иқлим шароитларига мослашиш ифодаси сифатида тарихан келиб чиққан.
Ўсимликларнинг ҳаётий формаларига доир турли классификациялар мавжуд бўлиб, шулардан даниялик ботаник К.Раункиер томонидан таклиф қилинган система ўсимликларда янгиланиб турадиган органлар, айниқса куртакларининг жойлашиши ва уларнинг қишнинг ноқулай шароитидан сақланиши ёки қурғоқчиликдан ҳимояланишга асосланади. Ана шу белгиларга биноан ўсимликлар қуйидаги ҳаётий формаларга бўлинади:
1. Фанерофитлар.
"Фанерос" — яққол кўриниб турувчи деганни билдиради, фанерофитлар дарахт ва буталар бўлиб, уларнинг янгиланувчи куртаклари ер юзасидан анча юқори жойлашган, қишда новдалари совуқдан нобуд бўлмайди.
2. Хамефитлар.
"Хаме"— паст, ер бағирловчилар деган маънони билдиради. Улар майда ва чала бутачалардан иборат бўлиб, уларнинг янгиланувчи куртаклари ер юзасига анча яқин жойлашган, сирти эса тангачалан билан қопланган. қишда бу куртаклар қор билан қопланади. Новдалари қишда нобуд бўлмайди.
3. Гемикриптофитлар.
"Геми" —ярим, "криптос" — яширин деган маънони билдиради, булар кўп йиллик ўсимликлар бўлиб, уларнинг ер устки қисми қишда қуриб қолади, янгиланувчи куртаклари эса ер сатхи билан баробар жойлашган бўлади.
4. Криптофитлар.
Кўп йиллик ўт ўсимликлари бўлиб, уларнинг ер устки органлари қишда бутунлай қуриб қолиб, янгиланувчи куртаклари ер остки органларида, тугунаклар, илдизпоялар ва пиёзбошларда сақланиб қолади.
5. Терофитлар
Бир йиллик баҳорги ўсимликларнинг ер остки ва устки қисмлари қишда қуриб, фақат уруғлари қолади. К.Раункер классификациясидан ташқари бир неча классификациялар ҳам бор.
Зоологияда ҳайвонларнинг ҳаёт формларини аниқлашда турли ҳолатлар ва ҳайвонларнинг биологик ҳислатларини ҳисобга олишга тўғри келади. Жумладан, бир ҳолларда ҳайвонларни ташқи қиёфаси асос қилиб олинса, иккинчи ҳолда уларнинг кўпайиш йўллари, учинчи ҳолда эса, ҳаракат қилиши ёки озуқаланиш йўллари асос қилиб олинган. Масалан, Д.Н.Кашкаров ҳайвонларнинг ҳаёт формалари бўйича, тубандаги классификацияни беради:
1. Сузиб юрувчи формалар.
а) Тўла сув формлари — нектон, планктон, бентос.
б) Ярим чала сув формалари — шўнғувчилар, шўнғимайдиган, сувдан фақат озуқа топувчилар.
2. Ер ковловчи формалар:
а) мутлоқ ер қазирлар (бутун ҳаёти ер остида ўтади)
б) қисман ер қазирлар (ер устига чиқиб турадиганлар)
3. Ер усти формалар:
а) Ин қилмайдиган: югурувчилар, сакровчилар, судралиб юрувчилар.
б) Ин қурувчилар: югурувчилар, сакраб юрувчилар, судралиб юрувчилар.
в) қоя ҳайвонлари.
4. Дарахтларда ўрмаловчи формалар, дарахтдан тушмасдан яшовчилар ва вақтинча дарахтга ўрмаловчилар.
5. Ҳаво формалари.
Озуқани ҳаводан туриб топувчилар, ердаги озуқага ҳаводан қарайдиган формалар.
Д.Н.Кашкаров классификациясида ҳайвонлар морфологияси, ҳаракат қилиши ва овқатланиши каби хислатлари инобатга олинган. Ҳайвонлар, муҳитнинг намлик даражасига қараб намлик севар (гигрофиллар) ва қуруқликни севар (ксерофиллар) гуруҳларга бўлинади.
Озиқланишига қараб ҳайвонлар ўтхўр; ҳамма нарса билан овқатланувчилар; йиртқичлар ва ўлаксалар билан овқатланувчиларга бўлинса, яшаш жойида кўпайишига қараб ер остида кўпаядиган формалар; ер устида, ўсимликларда, буталар орасида ва дарахтлар устида кўпаювчи гуруҳларга бўлинади.
Сув муҳитида учрайдиган гидробионтлар тубандаги ҳаёт формаларига (Зернов, 1949, Константинов, 1972) бўлинади:
Планктон: ҳаракатсиз, шарсимон, нурланувчи, Таёқчасимон формалар. Ҳаракатчан —соябон, патсимон, нурланувчи, таёқчасимон формалар.
Нейстон: илонсимон, торпедосимон, курак оёқли турлар ва қопсимон формалар.
Ҳаракатчан эпибионтлар: ўрмаловчилар, киприклилар, чувалчангсимонлар, ихчам танали оёқли формалар ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |