12.2 Экологик хавфсизликни таъминлашнинг ташкилий асослари
Экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш атроф муҳитни муҳофаза қилишни бошқаришни такомиллаштириш билан боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси табиатни муҳофаза қилиш сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди, қонун хужжатларини қабул қилади ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолиятини мувофиқлаштириб туради. Табиий ресурслардан фойдаланганлик учун ҳақ олишнинг энг кўп-кам ҳажмини, шунингдек, тўловларини ундириб олишдаги имтиёзларни белгилайди. Шунингдек, ҳудудларни фавқулодда экология ҳолати, экология офати ва экология фалокати минтақалари деб эълон қилади ва бундай минтақаларнинг ҳуқуқий режимини ва жафо кўрганларнинг мақомини белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг Президентига давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи сифатида қуйидаги ваколатлар берилган:
-экологик ҳавфсиз муҳитни таъминлаш учун зарурий чора-тадбирлар кўради;
-экология борасидаги қонунларни имзолайди ва уларга оид фармон, фармойиш ва қарорлар қабул қилади;
-экологик қонун меъёрларини бузувчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ноэкологик ҳужжатларини бекор қилади;
-Олий Мажлис сенати тасдиғига Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг раиси лавозимига номзод тақдим этади;
-экологик инқироз ёки талофот кўрган ҳудудлар ёки бутун ҳудуд бўйича фавқулодда ҳолат жорий этади;
-республика ички ва халқаро экологик сиёсатига доир ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлатнинг табиатни муҳофаза қилиш сиёсатини амалга оширади, экология соҳасидаги давлат дастурларини қабул қилади, уларнинг бажарилишини назорат қилади, табиий ресурсларни ҳисобга олиш ва баҳолашни ташкил этади, экология маорифи ва тарбияси тизимини яратади ҳамда унинг амал қилишини таъминлайди.
Атроф табиий муҳитни давлат бошқаруви Вазирлар Маҳкамаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади.
Бир қатор вазирликлар ва муассасалар, корхоналарида табиатни муҳофаза қилишни бошқариш бўлимлари иш олиб боради.
Ўзбекистонда атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бош ижро этувчи орган Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бўлиб, у бевосита Олий Мажлисга бўйсунади. қўмитанинг ваколатларига қуйидагилар киради:
-вазирликлар, идоралар, корхоналар ва фуқаролар, табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этишлари устидан давлат назоратини амалга ошириш;
-табиатни муҳофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқиш;
-давлат экология экспертизасини ўтказиш;
-атроф муҳит сифатининг меъёрларини тасдиқлаш;
-ифлослантиручи моддаларни ҳавога чиқариб ташлаш ва сувга оқизиш, шунингдек, чиқиндиларни жойлаштиришга руҳсатномалар бериш ва уларни бекор қилиш;
-экология масалаларида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш.
Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси қорақалпоғистон Республикасида, Тошкент шаҳри ва вилоятларда, маъмурий туманлар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталаридан иборат тузилмага эга.
Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратини Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан ташқари Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Геология ва минерал ресурслар қўмитаси амалга оширади.
Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоат назорати амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |