5.3. Дунё минтақаларидаги чўллашишнинг зарарли оқибатлари ва БМТнинг муаммони бартараф қилишдаги чора-тадбирлари
Ер ресурслари: Африка. Африка қитъасининг умумий майдони 29,6 млн кв.км жойни эгаллаган бўлиб, унинг 2/3 қисми унумдор ерлар қаторига киради. Африкада ер ресурсларини ўзлаштириш асосий ролни ўйнайди, чунки аҳолининг таҳминан 20 %и қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш орқали кун кечиради2.
Африка ер ресурслари билан боғлиқ асосий муаммолар деградация ва чўлланиш масштабларининг ортиши билан боғлиқ бўлиб, ердан норационал ва нотўғри фойдаланиш каби ер сифатининг ёмонлашишида муҳим рол ўйнайди. Бошқа кенг тарқалган муаммолар қаторига тупроқ унумдорлигининг пасайиши, унинг ифлосланиши, ер ресурсларини назорат қилиш ва ҳимоя қилиш, ер мулки соҳасида эркак ва аёллар ҳуқуқларининг тенг эмаслиги кабиларни киритиш мумкин.
Ер деградацияси. Охирги 30 йил ичида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг кенгайиши натижасида маргинал ерлар ҳайдалди ва муҳим табиий ерларнинг ўсимликлари йўқ қилинди, масалан, ўрмонлар ва сув-ботқоқ ерлари. Айнан ана шу нарса ер деградациясининг асосий сабаби ҳисобланади. Масалан, Ҳинд океанининг ғарбий қисмидаги оролларда ерга бўлган талаб шу даражада ошиб кетдики, қирғоқ бўйи намланган ерлар атайлаб йўқ қилинган эди, орол ичидаги ботқоқлар эса қурилиш ишлари учун қуритилган эди.
Ер ресурсларини бошқариш сиёсати, одатда, ер деградациясининг асосий сабабларига барҳам беришга қодир эмас. Бу сабабларга мустамлакачилик даврида ерларнинг нотўғри тақсимланиши, ерларнинг ҳимояси учун рағбатлантиришларнинг йўқлиги, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашларнинг йўқлиги кабилар киради. БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенциясида ер деградацияси қашшоқлик билан боғлиқлигини таъкидлаб ўтилган бўлиб, бу масаланинг ечими ресурслардан фойдаланувчиларнинг иштироки ва уларга даромаднинг алтернатив манбаларини тақдим қилиш билан топилиши алоҳида эътироф этилган. Африканинг кўпгина давлатлари бу конвенцияга имзо чекдилар ва тасдиқладилар. 2000 йилда эса 15 та мамлакат миллий дастурларни кўриб чиқишга тақдим этишди. Мағриб давлатлари иттифоқи, Жанубий Африка тараққиёти бирлашмаси, Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий бирлашмаси ва Сахарадаги давлатлараро қўмиталар ҳам субрегионал тадбирлар режасини ишлаб чиқдилар, бу эса аҳоли атроф-муҳит муҳофазаси ва ресурслар барқарорлиги билан боғлиқ масалаларни яхшилаб ўрганиб олишларига имкон яратди. Бироқ бу тадбирларни амалга ошириш учун ажратилаётган маблағлар етарли эмас. Яқин кунларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, чўлланиш жараёнлари Африка ҳудудининг 46 % ерини қамраб олган, бу ерларнинг 55 %ига кучли хавф туғдирмоқда. Чўлларнинг чекка ҳудуддаги районлари кўп даражада зарар кўрди, умуман олганда, чўлланиш 485 млн. инсон ҳаёти учун салбий оқибатларни келтириб чиқарди1.
Ер ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича дастурнинг муваффақияти бир неча факторларга ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларга боғлиқдир. Муҳим факторлар сифатида бойликларни тақсимлашни мукаммаллаштириш, ресурслардан фойдаланиш имкони ва иқтисодий вазиятларни айтиш мумкин. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг такомиллашуви, мос ва қиммат бўлмаган технологиялардан фойдаланиш имкони, кредит олиш имконининг мавжудлиги, тижорий тўсиқларга барҳам бериш кабилар қишлоқ хўжалиги барқарорлигини тиклашнинг қатъий шартлари ҳисобланади.
Ер ресурслари: Осиё-Тинч океани минтақалари. Осиё-Тинч океани минтақаси қуруқликнинг таҳминан 23 %ини эгаллаган. Минтақада ер ресурслари деградацияси (шунингдек, чўлланиш), ердан фойдаланишнинг ўзгарганлиги ва тупроқнинг ифлосланиши муаммолари муҳим ўрин эгаллаган. Аҳолининг ортиши ва унинг юқори зичлиги, ердан оқилона фойдаланмаслик – охирги 30 йил ичида содир бўлаётган ўзгаришларнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Деградация жараёнлари ва ресурсларга бўлган эҳтиёжнинг кўплиги минтақанинг турли қисмларида турличадир. Экин майдонларини ёйиш ва кенгайтириш, неорганик ўғитларнинг кўп миқдорда берилиши барча субрегионларга характерлидир. Фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, ёғоч тайёрлаш, монокультура маданияти кабилар Тинч океанининг орол давлатлари учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |