Мактабда онажон –устозлар тарбияси: Ўқувчилар ярим кунини ота-онаси, ака-укаларининг олдида ўтказса, ярим кунини мактабда ўтказадилар. Мактабда эса ҳар хил одамлар, нотаниш ўқитувчиларга дуч келишади. Ана шундай руҳий қийинчиликларга дуч келганларида биринчи ўқитувчисининг муносабати уларга катта мадад кучи бўлиб хизмат қилади. Ҳаммамиз ҳам кичкина бўлганмиз, дунёни умуман, бошқача тасаввур қилганмиз. Ўқитувчимиз ҳар биримизнинг қўлимиздан ушлаб ҳарф ёздиргани ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Биринчи ўқитувчимнинг исми Робия эди. Биз уларни Робия опа деб чақирар эдик. Улар ҳақида мактабдан сўнг уйдагиларга хурсанд бўлиб, шошиб-пишиб айтиб берардик. Улар билан дарс ўтиш мароқли эди. Битта гаплари ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди: “Олим бўлма, одам бўл”, деб доим таъкидлардилар. Бу гапнинг тагида қанча маъно борлигини энди тушуниб етмоқдамиз. Робия опа ўз дарсларига шундай берилиб кетардики, худди ёш болага ўхшаб шеърлар, латифалар айтиб берарди.
Лекин асосий мавзуга келганда, шундай жиддий ва дона-дона тушунтирардики, биз уларнинг сўзларини диққат билан эшитишга ҳаракат қилардик. Эсимизда қолган, улар бизнинг ҳеч қайсимизга ёмон гапирмаганлар. Фақатгина шуни таъкидлар эдики, ёшликда ўқиб қолинглар, билим олинглар дердилар. Ёшимиз катта бўлгани сайин, фанлар сони ҳам, ўқитувчилар сони ҳам кўпая борди.
Вақт оқар дарё мисоли тез оқиб борди. Мана кўз очиб юмгунимизча биз ҳам катта бўлиб қолдик. Олдинги шўхликлар, эркаликларимиз ўтиб кетди. Энди биз ота-онамиз, она юртимиз олдидаги бурчларимизни адо этадиган вақт етиб келди. Бурчни адо этишнинг биринчи галдаги вазифаси бу маънавий баркамол, ақлли-билимли шахс бўлиб етишмоқдир. Бу эса бизнинг илоҳий ғуруримиздир. Мана шу ерда ахлоқ, одоб, ақл ҳақида ўқиган ҳикояни ҳозир сизларга изоҳлаб бермоқчиман. Зеро, ўтган замонларда ҳам ахлоқ, одобнинг ўрни катта маданий бойлик ҳисобланган.
Айтишларича, Миср ҳукмдори Рим ҳукмдори билан келишиб, ораларидаги адоватни бартараф қилдилар. Дўстлик аҳдини туздилар. Дўстликларини кучайтириб, абадийлаштириш учун Миср ҳукмдори ўз қизини унинг ўғлига никоҳлади. Шундай қилиб ҳар икки ҳукмдор бир-бирига қарши қуда бўлдилар. Бу ошнолик туфайли ҳар икки томондан элчи ва мактуб бот-бот бориб-келиб турибди, ҳар иккиси ҳам бир-бири билан маслаҳатлашиб иш олиб бордилар.
Бир куни Миср ҳукмдори қудаси Рим ҳукмдорига шу мазмунда хат ёзиб юборди:
-вафотимиздан кейин ҳам, кўзларимизнинг нурлари бўлган фарзандларимизнинг роҳат ва фароғатда яшашлари учун шу топдан бошлаб чора кўришимиз керак. Мен ўғлим учун жуда кўп мол-дунё жамладим. Чиройли боғ ва иморат вужудга келтирдим. Сиз ҳам куёвим бўлган ўғлингиз учун шундай қилган бўлсангиз керак.
Рим ҳукмдори қудаси Миср ҳукмдорининг хатини ўқиб, табассум қилди ва шу мазмунда мактуб битди: -Мен сиздан кўра бошқачароқ йўл тутдим. Вафосиз мол-дунё, матоларга илтифот этмайман. Шунинг учун мен ўғлимга молу дунё тўпламай, уни илм-ҳунарли, одоб-ахлоқли қилиб ўстирдим, одоб жилоси билан уни безатдим, яхши ҳислатларни ўғлим учун мерос этиб қўйдим. Мол-дунёга завол етади, аммо, одобга завол етмайди.
Миср ҳукмдори қудасининг хатини ўқигач, унинг сўзини маъқуллаб;
-Қудам тўғри айтади, одоб, ахлоқ - олтиндан ҳам қимматли, дейди.
Тарих ҳам шундан далолат беряптики одоб, ахлоқ ва билим инсоннинг шахсий бойлигидир. Мол-дунё, зебу зийнатларни ўғирлаш мумкиндир, лекин ҳеч қачон ҳеч, ким сиздан билимни, маънавий бойлигингизни тортиб, ўғирлай олмайди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ўзбек хонадонларида қизини касб-ҳунарли, ўқимишли, одобли йигитларга турмушга беришганлар.Чунки чиройли Шарқона мулоқот одоби бор қизлар ҳурмат қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |