Диққатга оид илмий тушунчалар изоҳи
Доминанта (лат. dominans–ҳукмронлик қилувчи) –муайян нерв участкасидаги кучли қўзғатувчанлик қобилиятига эга бўлган қўзғалиш маркази. Доминанта мавжудлигида ундан бошқа нерв марказлари тормозланган бўлади. Доминанта марказий нерв тизимига келган ҳар қандай қўзғалиш, импульсларни қабул қилиб, уларга тегишли жавоб қайтаради-да, шу тариқа бошқа марказларни тормозлаш эвазига ўз фаолиятини яна кучайтиради.
1. Доминанта тушунчаси физиология фанига А. А. Ухтомский томонидан киритилган. Унинг исботлашича, Д. орқа миядан тортиб то бош нерв марказларини ишлаш принципини ташкил қилади. Доминанта диққатнинг физиологик асосидир.
Нерв жараёнларининг индукцияси-олий нерв фаолиятининг қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари ўртасидаги ўзаро муносабат: МНСининг бирор марказида қўзғалиш пайдо бўлса, у бошқа марказларда тормозланишнинг келиб чиқишига, тормозланиш эса қўзғалишнинг келиб чиқишига сабаб бўлишдан иборат қонуният.
Нерв тизими жараёнларнинг концентрацияси- марказий нерв тизимидаги қўзғалиш ёки тормозланиш жараёнларининг вақт ўтиши билан дастлабки пайдо бўлган участкасига тўпланиш қонуни.
Диққатнинг кўлами-бир даврнинг ўзида диққат томонидан қамраб олиниши мумкин бўлган объектларнинг миқдори.
Диққатнинг кўчувчанлиги-фаолият жараёнида диққатнинг онгли равишда бир объектдан иккинчи объектга кўчирилиши. Диққатнинг кўчувчанлиги ҳар қандай фаолиятда, айниқса пульт бошқарувидаги алоҳида аҳамиятга эгадир.
Диққатнинг тақсимланиши-диққатнинг бир вақтнинг ўзида бир қанча объектларга қаратилишидан иборат хусусияти. Диққатнинг тақсимланиши мураккаб фаолият жараёнини амалга оширишда алоҳида аҳамиятга эгадир. Масалан: шофернинг, ўқитувчининг иш жараёнидаги диққати тақсимланган диққатдир.
Диққатнинг барқарорлиги-диққатнинг ўз объектига кучли йўналтирилиши ва фаол тўпланишидан иборат ижобий хусусияти.
Паришонлик-диққатни маълум бир объектга қарата олмасликдан иборат салбий хусусият. Паришонлик вақтинча ҳолат бўлиши ҳам, шахснинг нисбатан барқарор хислати сифатида гавдаланиши ҳам мумкин. Паришонликнинг икки тури мавжуд бўлиб, бири диққатни умуман ҳеч нарсага қарата олмаслик ҳисобланса, иккинчиси диққатнинг муайян объект устига кучли тўплантириб, бошқа нарсаларга қаратилмаслигидир. Паришонлик психопатологик сабабларга кўра келиб чиқиши ҳам мумкин.
Касбга хос диққат-маълум бир касбда кўп йил ишлаш натижасида шу касбнинг талабалари ва объектив хусусиятларига мос равишда таркиб топган диққат тури. Масалан: чорраҳада кўча ҳаракатини бошқарувчининг диққати билан микроскоп ёрдамида илмий кузатиш олиб борадиган олимнинг диққати бир-биридан кескин тафовут қилади. Биринчиси диққатнинг тақсимланишини, иккинчиси эса марказлашув хусусиятларини талаб қилади.
Ихтиёрий диққат- онгнинг олдиндан белгиланган мақсадга мувофиқ иродавий ва асабий фаоллик кўрсатган ҳолда муайян объектга йўналиши ва унга тўпланишдан иборат диққат тури.
Ихтиёрийдан кейинги диққат- диққатнинг муайян объектга аввало ихтиёрий равишда қаратилиб, сўнгра унинг аҳамияти тушунилган сари ўз-ўзидан қаратилиб бориладиган (автоматлашган) диққат тури. Ушбу тушунча психология фанига Н. Ф. Добринин томонидан киритилган.
Диққат чалғиши-маълум бир фаолият жараёнида диққатнинг бир объектдан бошқа бир объектга ихтиёрсиз равишда ўтиб туришидан иборат салбий хусусияти.
Диққатнинг ҳажми-диққатнинг бир вақтнинг ўзида қамраб олиши мумкин бўлган мустақил объектлар миқдори билан белгиланадиган хусусияти. Диққатнинг ҳажми экспериментал шароитда 2-6 мустақил объектга тенгдир. Диққатнинг объектлари ўртасида қанчалик яқин боғланишлар мавжуд бўлса, унинг ҳажми шунчалик кенгдир ва аксинча.
Диққат объекти- онгимиз атрофдагилардан ажратиб олган ҳолда йўналтирилган ва фаол тўпланган нарса ёки ҳодиса. Диққат объекти фақат объектив нарсалар эмас, балки субъектив ҳодисалар, ўз ҳис-туйғуларимиз, фикрларимиз, хаёл ёки хотира тасаввурларимиз ва бошқа шу кабилар ҳам бўлиши мумкин.
Ихтиёрсиз диққат- онгимизнинг олдиндан белгиланган мақсадсиз равишда муайян объектга йўналтирилиши ва унга тўпланишидан иборат диққат тури. Ихтиёрсиз диққат объектлари нарса ва ҳодисаларнинг одатдан ташқари ҳолати, белгиси, сифати ва бошқалардир.
Диққатсизлик-диққатни объектга йўналтира ва тўплай олмаслик, атрофдаги кишиларга нисбатан эътиборсизлик ёки илтифотсизликдан иборат салбий характер хислати.
Диққатнинг ўзгариб туриши- идрок, хотира, тасаввур ёки тафаккур жараёнида диққатнинг маълум вақт ичида дам кучайиб, дам сусайиб туришдан иборат қонуният; диққат баъзан минутига 25-30 марта ҳам ўзгаради. Диққатнинг ўртача ўзгариш-тебраниш частотаси 2-3 секундга тенгдир.
Кўрув диққати-нарса ва ҳодисаларни кўрув органи орқали идрок қилиш, эсга тушириш муносабати билан намоён бўладиган диққат тури.
Иккинчи тартибли ихтиёрий диққат-онгимизнинг муайян объектга ихтиёрсиз равишда йўналтирилса-да, унинг устига маълум вақт барқарор ҳолда, тўпланиб туришидан иборат ихтиёрий диққат тури; диққат тўпланган объектининг мазмунига қараб ихтиёрсиз диққатнинг ихтиёрий диққатга айланиши.
Ички диққат-онгимизнинг ўз субъектив таассуротларимиз, ҳис-туйғуларимиз ва интилишларимизга қаратилишидан иборат диққат тури.
Ташқи диққат- онгимизнинг объектив воқеликдаги нарса ва ҳодисаларга, уларнинг айрим белги ва хусусиятларига йўналтирилиш, уларда фаол тўпланадиган диққат тури.
Ретикуляр формация- бош мия тепа қисмидаги (узунчоқ мия, Воролиев кўприги, ўрта мия) нерв ҳужайралари бўлиб, улар ўз тузилишига кўра, қалин тўрни эслатадиган ўсимталарга эгадир. Кўзғовчилар таъсир остида турли рецепторлардан бош мияга сигналлар олиб борадиган сезувчи нервларнинг ўсимталари. Р. Ф. га туташган бўлиб, мавжуд сингал Р. Ф. ни ҳам қўзғайди. Р. Ф. да хос бўлган қўзғалиш, ўз навбатида, бош мия қобиғидаги турли марказларни қўзғайди. Бош миядаги қўзғалиш эса Р. Ф. нинг фаолиятини ё кучайтиради, сусайтиради. Демак, Р. Ф. нинг ҳар бир ҳужайраси сезги органидан кўп сигналлар қабул қилиб олиб, бош мия ва орқа мия фаолиятига умумий ҳолда таъсир кўрсатиб туради.
Бедор ҳолат- бош мия ярим шарларидаги тегишли нерв марказларининг қўзғалиши билан белгиланадиган уйқудан ташқаридаги ҳолат, онгли ҳолат. Шахс бедор ҳолатидагина маълум бир фаолият турини амалга ошира олади.
қўзғалиш маркази-марказий нерв тизимининг қўзғалиш жараёни рўй берган участкаси.
Эргограф (юнон. ergon) –мушакларнинг ишини график усулда ифодалашда қўлланиладиган, айниқса, толиқиш жараёни ўрганишда қўлланиладиган асбоб.
Вигиллик( лат. vigil –хушёр, синчков)-зийраклик; диққатни янги объектларга, айниқса субъектив таассуротларга тез тўплай олиш қобилияти.
Диққат депрессияси (лат. depresio –пасайиш)-турли ташқи ва ички омилларга кўра объектда тўпланиш ва мустаҳкамланишнинг кучсизланиши ва бузилиши.
Альфа-ритмасининг экзальтамияси (лат. Exatatio-кучайиш)-биоэлектрик потенциаллар амплатудасининг кучайиши; сигналларга жавоб беришда томирларнинг торайиши ўрнига уларда кенгайишнинг юз бериши.
Куч қонуни (И. П. Павлов)-кучли қўзғовчилар кучли, кучсизлар эса кучсиз реакция бериш ҳолати.
Парадокс фазаси-кучли қўзғатувчиларга қараганда кучсиз қўзғатувчиларнинг кучли реакциясининг вужудга келтириши (патологик ҳолатлар назарда тутилади).
Ориентир рефлексининг электрофизиологик симптомларининг барқарорлашуви-ихтиёрий диққат бузилганда мақсадга мувофиқ топшириқ ва оқилона инструкция (ёки установка) бериш ҳамда вазиятга қараб уни ўзлаштириш орқали инсонда ориентировка рефлексини қайтатдан тиклашдан иборат коррекцион фаолият.
Диққат коррекцияси (лат. correctio-тузатиш)-инсонда диққат патологик ҳолатга (бузилишга) учраганда махсус усул ва услублардан фойдаланиб тузатиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |