Ўйин фаолияти. Фаолиятнинг оддий шаклларидан бири ўйин ҳисобланади, лекин у тобора такомиллашиб, содда ҳаракатлардан кейинчалик сюжетли, роли ўйинларга, ҳатто спортгача мураккаблашиб боради, атроф-муҳитни акс эттиришида иштирок эта бошлайди. Инсоннинг борлиқни инъикос этишидаги дастлабки уринишни ҳаракат орқали намоён этади. Ҳаракатлар боланинг табиатга, уни қуршаб турган кишилик дунёсига нисбатан муносабатини, улар тўғрисидаги илк таассуротлар, содда тасаввурлар, билимларни ўзлаштиришни англатиб келади. Кейинчалик оддий ҳаракатлар муайян маъно касб этиб, сюжетли ва ролли ўйинларга айланади. Ўйинлар миллий (этник) ва умумбашарий туркумлардан таркиб топган бўлиб, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини ўзида акс эттиради. Ўйинлар такомиллашиб бориб спорт турларига, спорт фаолиятига ўсиб ўтади, жумладан, шахмат, дамино, футбол, шашка ва ҳоказо. Спорт ўйин фаолияти сифатида барча ёшдаги инсонларга хос бўлиб ҳисобланади.
Ўйин фаолиятида бола ижтимоий воқеликни тақлид, роль орқали ижро этишга ҳаракат қилади ва шу йўсинда атроф-муҳит тўғрисидаги, ижтимоий турмушдаги шахслараро муносабатларни ўзлаштира боради. Ижтимоий турмушдаги у ёки бу ҳодисани роль орқали ижро қилади. Сўз билан ҳаракатнинг бирикуви натижасида ўйин фаолият тусини олади ва муайян маъно, ахборот бериш, узатиш имкониятига эга бўлади. Дастлабки ўйин айнан катталар хатти-ҳаракатини такрорлаш, уларга тақлид қилиш билан тавсифланади. Сюжетли ўйинлар борлиқнинг гоҳ англанган, гоҳо англанмаган тарзда у ёки бу томонларини эгаллашга хизмат қилади.
Ўйин даставвал бола учун вақт ўтказиш, уни машғул қилиш функциясини бажарса, кейинчалик ижтимоий-тарихий тараққиёт намуналарини ифодалаш даражасига ўсиб ўтади. Роллар, маъноли ҳаракатлар, ибратли имо-ишоралар, тушунчалар бола шахсини шакллантиришда фаол иштирок этади. Бола туғилганидан то мактаб таълимигача даврида унинг учун ўйин фаолияти етакчи фаолият ролини бажаради, шунингдек, ўйин дидактик тус касб этиши ҳам мумкин.
Болалар ўйинларининг дастлабки илмий таҳлили рус олими Ё.А.Покровский томонидан 1887 йилда амалга оширилган. Унинг фикрига кўра, “ўйин” тўғрисидаги тушунчалар ўзига хосликни ва тафовутни у ёки бу халққа мансубликни билдиради.
Орадан ярим аср вақт ўтгандан кейин 1933 йилда “ўйин” тушунчасининг этимологик таҳлилини амалга оширган ва унинг ўзига хос аломатларини таснифлашга ҳаракат қилган голланд олими Ф.Бойтендайк ҳисобланади. Бойтендайк ўйиннинг аломатлари қаторига қуйидагиларни киритади: “у ёққа ва бу ёққа” ҳаракат, ихтиёрсизлик ва эркинлик, қувонч ва эрмаклик. Бундай аломатлардан қаноатланмаган муаллиф, унинг феноменини болалар фаолиятини кузатиш орқали аниқлаш мумкин, чунки ўйиннинг қиймати ва аҳамияти уларнинг ўзлари томонидан оқилона баҳолаш, деган хулосага келади.
Ўйинни вужудга келиш тарихига илмий ёндашиш немис психологи В.Вундтга 1887 йилда насиб этди. Унинг мулоҳазаларига кўра, ўйиннинг манбаи ҳузур қилиш, роҳатланишдан иборатдир. В.Вундт билдирган фикрлар ёйиқ хусусиятга эга бўлиб, ўйиннинг у ёки бу жиҳатларини ёритишга хизмат қилади. Унинг фикрича, ўйин – бу болаларнинг меҳнатидир. Ҳеч бир ўйин йўқки, у жиддий меҳнатнинг у ёки бу шаклининг прототипи бўлмасин, ҳамиша унинг вақтдаги ва фазодаги ҳақиқий ҳолатини ўзида акс эттирмасин. Яшаш зарурати инсонни меҳнат қилишга мажбур қилади. Меҳнат орқали инсон ўз куч-қудратини баҳолашга ўргана боради, ҳузур қилиш ва роҳатланишининг манбаи эканлигига иқрор бўлади. Унингча, ўйин меҳнатнинг фойдали жиҳатини йўқотиб боради. Шунингдек, меҳнат жараёнидаги энг ёқимлилик, унинг натижаси мақсадга айланади. В.Вундт меҳнат предметини ҳаракат усулларидан алоҳида ҳукм суришига ишора қилади. Бу билан у психология тарихида устунлик қилиб келаётган “ўйин инсоннинг биологик жабҳаси” деган ғояга қўшимча тариқасида унга ижтимоий-тарихий жиҳатни киритади. В.Вундтнинг ушбу ғояси психология фани учун алоҳида аҳамият касб этади ва ўйиннинг тадқиқотига кенг имкониятлар очади.
Жаҳон психологияси фанида ўйин назариясига йирик улуш қўшган олимлардан бири – К.Гросс ҳисобланади. Йигирманчи асрларнинг бошларида ўйин назарияси учун энг қулай ва сермаҳсул давр бўлган. У ўз замондошлари Д.А.Колоцца ва Г.Спенсерларнинг фикр ва мулоҳазаларига асосланган ҳолда ўйин назариясини яратди. К.Гросс ўз ғоясини умумлаштириб, уни “машқлантириш назарияси” ёки ўз-ўзини тарбиялаш деб атайди ва уни қуйидагича таснифлашга ҳаракат қилади:
Ҳар қайси тирик мавжудод ирсий берилувчанлик, майл хусусиятига эга бўлиб, унинг хулқ-атворида мақсадга мувофиқликни касб эттиради. Юксак даражадаги жониворларнинг туғилишидан берилган хислатлари қаторига фаолиятга импульсив интилишни киритиш мумкин, чунки у жисмоний ўсиш даврида яққол намоён бўлади.
Юксак даражадаги мавжудодда, хусусан инсонда ирсий жавоб ҳаракатлари мураккаб ҳаётий муаммоларни бажаришга етарли эмасдир.
Ҳар қайси юксак тараққий этган мавжудод ҳаётида болалик даври мавжуд бўлиб, у ўсиш ва ривожланиш хусусиятига эга. Лекин мустақил ҳаёт ва фаолиятни таъминлай олмайди. Чунки унга бундай имкониятни ота-онанинг парвариши яратади ва у туғма майл ва мойилликларга асосланади.
Болалик даври ҳаёт учун энг зарур шарт-шароитларга ва уларга мослашувни эгаллаш мақсадига табиий равишда йўналган бўлади. Бироқ ирсий жавоб ҳаракатларига бевосита асосланмайди. Инсон зотига узундан-узун болалик даври берилади. қанчалик фаолият мукаммал бўлса, унга шунчалик кўпроқ тайёргарлик жоиз.
Болалик хусусиятига биноан ҳаётга кўникиш йўллари турли-тумандир. Кўникиш ёки мослашиш йўлининг энг табиийси ва шунинг билан энг зарури шундан иборатки, бунда фаолиятга нисбатан импульсив эҳтиёжнинг мавжудлиги ирсий реакциялар ўз-ўзича намоён бўлишига замин ҳозирлайди. Бундай шароит ирсий ҳаракатларга асосланган ҳолда янги малакаларни эгаллашни вужудга келтиради. Аввало янги одатий ҳаракатлар яралади.
Кўникиш ёки мослашиш йўллари инсонни тақлид қилишда ўз ифодасини топувчи наслий интилиш, майл орқали амалга оширилади. Бу нарса кекса авлоднинг қобилиятлари ва одатлари билан узвий боғлиқ равишда кечади.
Шахсий ички қўзғалиш хусусиятига кўра, ривожланувчи индивидуум ҳеч қандай мақсаднинг ташқи кўринишисиз ўз майли ҳамда интилишини намоён қилади, мустаҳкамлайди ва ўстиради. Бу ўйиннинг дастлабки нишоналаридан далолат беради.
К.Бюлер К.Гросснинг огоҳлик назариясини тан олиб, ўйин филогенезга тааллуқли эканлигини таъкидлаб, унинг дрессура босқичи учун огоҳлик эканлигини уқтиради. У ўйиннинг моҳияти ва томонларини очишда ўзининг гедоналогик (ҳузур қилиш) реакциянинг бирламчилиги назариясига асосланади. К.Бюлер З.Фрейднинг роҳатланишга интилишдан иборат ғоясини эътироф этса-да, лекин инсон фаолияти ва ривожи учун ҳаракатлантирувчи эмас эканлигини уқтиради.
Ўйин назариясига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган олимлардан бири – бу Бойтендайкдир. У К.Гросснинг огоҳлик назариясига икки хил мазмунда эътироз билдиради.
Ўйнай билмаган ҳайвонлар инстинкт даражасига кўра заиф дейишга ҳеч қандай далил йўқ. Чунки инстинктив фаолиятда машқланишнинг роли етарли юксак эмас. Шунинг учун фаолиятнинг инстинктив шакллари машқланишга боғлиқ бўлмасдан, балки улардан ташқари муҳитда такомиллашади.
Машқланиш ўйиннинг моҳиятида ётмайди, лекин унинг тайёргарлик машқлари мавжуд бўлиб, улар ўйин дейилмайди.
Ф.Бойтендайк ўйин предметининг танишлиги ёки нотанишлиги ўртасидаги муносабатини унинг образлилиги деб атайди. Образнинг аффектив ва гностика муносабати (нотаниш ёки ҳаётий) фантазияни келтириб чиқаради. Бинобарин, антропоморфизм саҳовати сифатида фантазиялашган образлар, тасаввурлар вужудга келади.
Ўйин назариясига оид илмий қарашлар Э.Клапаред, Дж.Колларитс, Х.Шлосберг, Дж.Брунер каби хорижий психологлар асарларида ўз ифодасини топган.
Собиқ совет психологиясида ўйин фаолияти назариясини ишлаб чиққан тадқиқотчилардан бири Е.А.Аркин бўлиб ҳисобланади. Унинг фикрича, болалар ўйини ва ўйинчоғи ўйин назариясига негиз бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ўйинчоқлар тарихига асосланиб, у уларни қуйидаги турларга ажратади:
Овозли ўйинчоқлар – тартарак, визиллагич, қўнғироқлар, шақилдоқлар ва бошқалар;
Ҳаракатланувчи ўйинчоқлар – бизбизак, копток, варрак, бильбок кабилар;
қурол (яроғ, аслаҳа) ўйинчоқлари – камалак (ёй), ўқ, бумеранг сингари;
Образли ўйинчоқлар – ҳайвонлар, жониворларнинг тасвири ва қўғирчоқлар;
Арқон ўйинлари – шакллар ясаш, сакраш ва ҳоказолар.
Ўйинларнинг сюжети хилма-хиллигига қарамай, уларни махсус гуруҳларга бириктириш имконияти мавжуддир. Масалан, психолог Е.А.Аркин ўйинларнинг қуйидаги таснифини таклиф қилади:
Ишлаб чиқаришга (техникага): саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, касб-хунарга оид ўйинлар;
Маиший ва ижтимоий сиёсатга: боғча, мактаб, кундалик турмушга оид ўйинлар;
Ҳарбий: уруш-уруш ўйинлари;
Драмалаштирилган: кино, спектакль ва бошқаларга оид ўйинлар.
Д.Б.Эльконин мактабгача ёшдаги болаларга хос ролли ўйинларнинг сюжетига кўра учта гуруҳга ажратишни тавсия қилади:
Маиший мавзу сюжетига оид ўйинлар.
Ишлаб чиқариш сюжетига тааллуқли ўйинлар.
Ижтимоий-сиёсий сюжетли ўйинлар.
Д.Б.Эльконин ҳаракатли ўйиннинг қоидалари мазмуни ўзаро боғлиқлигидан келиб чиқиб, уларни беш гуруҳга ажратади:
Ҳаракатга тақлид қилиш: тақлидий-процессуал ўйинлар.
Муайян сюжетни драмалаштирилган ўйинлар.
Сюжетли ўйинлар.
Сюжетсиз ўйинлар.
Аниқ мақсадга қаратилган машқлардан иборат спорт ўйинлари.
Бошқа халқлардан, миллатлардан ўзбек миллий ўйинларнинг ва ўйин фаолиятини уюштиришнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
Ўйинда ёки ўйин фаолиятида ўзбек халқининг(ҳудудий хусусиятидан қатъи назар) яшаш тарзи, интилиши, хоҳиши, истаги, эзгу нияти, унинг мавсумийлиги, касб-корга тааллуқли жиҳатлари, ҳолатлари акс эттирилган бўлади. Эмоция, ҳиссиёт, характер, миллий қиёфа, таъб, билиш жараёнлари, хулқ-атвор, уларни намоён бўлиш тезлиги (суръати), давомийлиги, кечиши миллий хусусиятга эгадир. Нафақат миллий ўйинлар, балки халқнинг (миллатнинг, элатнинг) рақслари; уларнинг сюжети, тезлиги, осойишталиги; унинг қўшиқлари частотаси, тембри, амплитудаси, бадиий ижодиёти хусусиятлари умумий миллий калорити билан уйғунлашгандир.
Миллий ҳаракатли ва спорт ўйинларининг моҳияти, мазмуни, маъно ифодалаши, манбаи, негизи, уларнинг инъикоси, уларда акс эттирилувчи кечинмалари, сюжетда ўз аксини топган шахслараро муносабат, муомала, характериологик ва шахс хусусиятларидан келиб чиқади.
Ижтимоий ва ижтимоий-психологик омил(сабаб, фактор)лардан ташқари миллий ўйин фаолияти табиий, географик қонуниятларга (иқлим, ёғингарчилик, жойлашиш сатҳи, қулай ва ноқулайлиги, шамол, офатлар эҳтимоллиги), хоссалари, уларга нисбатан хайрихоҳлик, қатъий ёки беаёв кураш ёки сажда, ёлвориш, илтижо қилиш миллий идрок, тасаввур, иродавий кучга асосланади.
Ижтимоий тажриба ва уни эгаллаш, шаклланган этник стереотипларга асосланиш натижасидан келиб чиқувчи миллийлик, умумийлик, хусусийлик, алоҳидалик, яккаҳоллик, гуруҳийлик, жамоавийлик, табиатга ва жамиятга муносабатни акс эттириш тарзида ўйин вужудга келиши мумкин.
Табиат мўъжизалари, илоҳий кучларга эътиқод, ақл-заковатдан ҳайратланишни ифодаловчи сюжет ва мазмундан иборат бўлган миллий ўйинлар.
Касбни тасвирловчи, унга барол тиловчи, уни такомиллаштиришга олиб борувчи имконият, интилишни ҳаракат ва ҳис-туйғу ёрдамида намоён этувчи, қадрият, маънавият, руҳиятга асосланувчи миллий ўйинлар.
Миллатлараро таъсир натижасида яралувчи, лекин миллийликнинг у ёки бу қирраларини сақлаб қолувчи байналмилал хусусиятли ўйинлар.
Ижтимоий гармония таъсири, ижтимоий онг ривожи, маданият, фан ва техника маҳсуласи сифатида туғилувчи янги тоифага хос миллий ўйинлар.
Миллий ўйинлар ҳудудий кўринишлари, такомиллашиш имконияти, ёш даврлари хусусияти, жинсий тафовути, мавсумийлиги, мавсумбоплиги, расм-русумга йўналтирилганлиги билан ажралиб туради.
Миллий ўйинлар муайян сюжет, мазмун, қоида, муддатга асосланади. Улар унутилиш, янгиланиш, такомиллашиш хусусиятига эга бўлиб, кўникма, малака ва одатларни машқлантиришни тақозо қилади. Бу нарса ижтимоий тажрибани авлодлар томонидан ўзлаштириш тариқасида юзага келиб туради. Оқибат натижада мангулик хусусиятни касб этади, шахсни у ёки бу йўсинда камол топишига ўз таъсирини ўтказувчи ўйинлар туғилади.
Жаҳон психологияси фанида ўйинлар юзасидан мулоҳаза юритилганда аксарият ҳолларда уларни оилавий турмушга, деҳқончиликка, қурилишга, саноат соҳасига, сиёсатга, ҳарбийга, касбга тааллуқли эканлигига қараб гуруҳларга ажратилади. Энг қадимий миллий ўйинлар қаторига ҳаракатли ва спорт ўйинлари киритилади ҳамда халқнинг кенг тарқалган, севимли ўйинлари бўлиб ҳисобланади. Улар ўзининг сюжети, мазмуни, роли билан бир-бирларидан кескин тафовутланиб туради. Баъзи ҳолларда ҳаракатли ўйинлар бир даврнинг ўзида ҳам спорт ўйинлари бўлиб ҳисобланади. Ёинки спорт ўйинлари ҳаракатли ўйинлар қаторига киритилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |