ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАР
ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАР — одам ва ҳайвонларни даволаш, касалликларнинг олдини олиш учун, шунингдек, озиқ-овқат, атир-упа ва косметика саноатида ишлатиладиган ўсимликлар — гиёҳлар. Ер юзида Доривор ўсимликларнинг 10—12 минг тури борлиги аниқланган. 1000 дан ортиқ ўсимлик турининг кимёвий, фармакологик ва дориворлик хоссалари текширилган. Ўзбекистонда Доривор ўсимликларнинг 700 дан ортиқ тури мавжуд. Шулардан табиий шароитда ўсадитан ва маданийлаштирилган 120 га яқин ўсимлик турларидан илмий ва халқ табобатида фойдаланилади. Ҳоз. даврда тиббиётда қўлланиладиган доридармонларнинг қарийиб 40—47% ўсимлик хом ашёларидан олинади. Ўсимликлар мураккаб тузилишига эга бўлган жонли табиий кимёвий лаб. бўлиб, оддий ноорганик моддалардан мураккаб органик моддалар ёки бирикмаларни яратиш қобили-ятига эга. Доривор ўсимликларнинг қуритилган ўти, куртаги, илдизи, илдизпояси, туганаги, пиёзи, пўстлоғи, барги, гули, ғунчаси, меваси (уруги), данаги, шарбати, қиёми, тошчойи, эфир мойи ва б. дан доридармон тарзида фойдаланилади.
Доривор ўсимликларни 2 хил таснифлаш қабул қилинган:
1) таъсир қилувчи моддаларнинг таркибига қараб — алкалоидли, гликозидли, эфир мойли, витаминли ва б.,
2) фармакологик кўрсаткичларига қараб — тинчлантирувчи, оғриққолдирувчи, ухлатувчи, юрак-томир тизимига таъсир қилувчи, марка-зий нерв системасини қўзғатувчи, қон босимини пасайтирувчи ва бошқалар. Доривор ўсимликларнинг таъсир этувчи моддалари алкалоидлар, турли гликозидлар (антрагликозидлар, юракка таъсир этувчи гликозидлар, сапонинлар ва б.), флавоноидлар, кумаринлар, ошловчи ва шиллиқ моддалар, эфир мойлари, витаминлар, бўёқ моддалар, ферментлар, фитонцидлар, крахмал, оқсиллар, полисахаридлар, азотли моддалар, мой ҳамда мой кислоталари ва б. бирикмалар бўлиши мумкин.
Доривор ўсимликларнинг организмга таъсири унинг таркибидаги кимёвий бирикмаларнинг миқдорига боғлиқ. Бу бирикмалар ўсимликнинг қисмларида турли миқдорда тўпланади. Доривор ўсимликларнинг таъсирчанлик қуввати ҳамда сифати юқори бўлиш даври уларнинг гуллаш ҳамда уруғлаш даврининг бошланиши вақтига тўғри келади. Доривор моддалар баъзи ўсимликларнинг куртаги, барги ёки поясида, баъзи ўсимликларнинг гули ёки мевасида, баъзиларида илдизи ёки пўстлоғида тўпланади. Шунинг учун ўсимликларнинг асосан биологик актив моддалари кўп бўлган қисми йи-ғиб олинади. Ўсимликларнинг илдизи, илдизпояси, пиёзи ва туганаги, одатда, ўсимлик уйқуга кирган даврда — кеч кузда ёки ўсимлик уйғонмасдан олдин — эрта баҳорда тайёрланади. Ўсимликнинг мева ва уруғлари пишиб етилганда йиғилади, чунки улар бу пайтда дори моддаларига бой бўлади. Янги йкғиб олинган доривор ўсимлик маҳсулоти таркибида (ер устки аъзоларида 85% гача, илдизида 45% гача) нам бўлади. Бу нам йўқотилмаса (қуритиш йўли б-н), ўсимлик чириб, дори моддалари парчаланиб, яроқсиз бўлиб қолади.
Одамлар қадим замонлардан табиат неъматларидан фойдалана бошлаганидан буен доривор ўтлардан касалликларни даволашда фойдаланиб келганлар. Бундан 3—4 минг йил илгари Ҳиндистон, Хитой, Қад. Миср мамлакатларида шифобахш ўсимликлар ҳақида маълумотлар берувчи асарлар ёзилган. Шарқда, хусусан Ўрта Осиё халқ табобатида Доривор ўсимликлардан фойдаланиб даволаш ўзининг қад. анъаналарига эга. Шифобахш ўсимликлардан тиббий мақсадларда фойдаланиш борасида Абу Али Ибн Синонинг «Ал-қонун» асарида 476 га яқин ўсимликнинг шифобахш хусусиятлари ва уларни ишлатиш усуллари тўғрисида маълумотлар келтирилади. Ҳоз. вақтда Доривор ўсимликларнинг тури кўпайиб, халқ табобати шифобахш ўсимликлар билан бойиган. Доривор ўсимликлардан кўпроқ, анор, аччиқмия, бодом, дўғбуй, доривор гулхайри, ёнғоқ, жағ-жағ, зубтурум, исириқ, итбурун, омонқора, писта дарахти, сачратқи, чойўт, шилдирбош, ширинмия, шувоқ, янтоқ, ялпиз, кийикўт, тоғрайҳон, қизилча, қоқиўт ва б. тарқалган. Аччиқмиядан пахикарпин, оққурайдан песни даволашда қўлланиладиган псорален, исириқдан гармин, итсигекдан анабазин, омонқорадан галантамин, шилдирбошдан сферофизин ва б. алкалоидлар олинади. Анор пустидан гижжа ҳайдовчи пельтерин танат ва экстракт тайёрланади. Доривор гулхайри препаратлари балғам кўчирувчи ва юмшатувчи, жағ-жағ ва лагохилусдан тайёрланган дорилари қон кетишини тўхтатувчи, писта бужғуни ва чойўтдан тайёрланган дорилар меъдаичак касалликларини даволашда ишлатилади. С. Қ. Исломбеков номидаги Тошкент фармацевтика здида Ўзбекистонда ўсадиган ва экиладиган Доривор ўсимликлардан турлитуман дорилар тайёрланади. Доривор ўсимликларни топиш ва улардан алколоидлар олишда Ўзбекистан ФА Ўсимлик моддалари кимёси институтининг хизмати катта. Интда 4000 дан ортиқ ўсимликнинг турли органлари алколоид олиш мақсадида ўрганилиб, улардан 1000 га яқин табиий бирикмалар ажратиб олинган. Шу асосда цитизин, галантамин каби 20 дан ортиқ қимматли препарат яратилган ва тиббиётга жорий қилинган. Ўзбекистон ФА Ботаника ин-ти ва Ботаника боғининг эфир мойли, доривор ва бўёқли ўсимликлар лаб. илмий ходимлари мутахассислар б-н ҳамкорликда Ўрта Осиё ҳудудида кўп тарқалган юқумли касалликлардан энг хавфлиси сариқ (гепатит)ни даволашда экологик жиҳатидан тоза, самарадорлиги юқори бўлган Доривор ўсимликларлар хом ашёларидан тайёрланган «Сафро ҳайдовчи Ҳожиматов йиғмаси»ни яратдилар ва бу йиғма илмий тиббиётда қўллашга ва ишлаб чиқаришга рухсат этилди (1997). Шунингдек, СамДУ Ботаника кафедрасида, Тошкент давлат фармацевтика интида Доривор ўсимликларни экиб етиштириш технологияси ўрганилмоқда. Тошкент, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Хоразм Маъмун академиясида Доривор ўсимликлар етиштирадиган махсус хўжаликлар бор. Ёввойи Доривор ўсимликлар хом ашёлари асосан «Ўзфармсаноат» республика давлат-акциядорлик концерни, матлубот ширкатлари ва Ўзбекистан Қишлоқ ва сув хўжалик вазирлигининг «Шифобахш» ишлаб чиқариш бирлашмаси хўжаликлари томонидан тайёрланади (яна қ. Фитотерапия).
Do'stlaringiz bilan baham: |