Ботаник тавсифи. Барг. Дуккакли дон экинларнинг барги тузилишига кўра уч гуруҳга бўлинади: патсимон баргли ўсимликлар (кўк нўхат, ясмиқ, бурчоқ, нўхат, ҳашаки дуккак), учталик баргли ўсимликлар (соя, ловия, мош, вигна), панжасимон баргли ўсимликлар (люпин).
Илдиз тизими - ўқ илдиз ва ён илдизлардан иборат бўлиб 1-2 м чуқурга кириб боради ҳамда асосан тупроқнинг ҳайдалма қатламида илдиз массасининг кўпчилик қисми жойлашган. Ўзбекистоннинг суғориладиган бўз тупроқларида илдиз тизимининг 80-90 % тупроқнинг ҳайдалма қатламида жойлашади.
Поя – доккакли дон экинларида турлича тузилишга эга. Соя, люпин, ҳашаки дуккак, ловиянинг зич тупли шакли, нўхат ўсимликларида поялар вегетасия давомида тик ўсади. Кўк нўхат, ясмиқ, бурчоқ, вика, ловиянинг айрим шаклларида поялари ётиб ўсади. Патсимон баргларнинг учидаги барг пластинкаси жингалакларга айланган ва улар ёрдамида бир-бирига ёпишиб ўзининг вертикал ҳолатини сақлайди. Пишиш даврида поялар ётади.
Гули – нотўғри, тож барглари бешта (елкан, қанотча, қайиқча). Гулида 10 чангчи ва битта уруғчиси бор. Тожбаргларининг ранги оқ, қизил, сариқ ва ҳоказо. Тўпгуллари барг қўлтиғида ёки новдаларнинг учида жойлашган.
Меваси – дуккак, шакли, катталиги ҳар хил. Ҳар бир дуккакда бир неча уруғлар бор. Пишганда дуккаклар узунасига ёрилади, буралади, уруғлар тўкилади. Нўхат ва люпиннинг айрим навларида дуккаклар ёрилмайди. Янги навларда дуккаклар кам ёрилади.
Ривожланиш фазалари. 1) бўртиш, 2) униб чиқиш, 3) пояни шохланиши, 4) шоналаш, 5) гуллаш, 6) дуккакларни ҳосил бўлиши, 7) пишиш, 8) тўла пишиш.
Биологик хусусиятлари. Ҳароратга талаби. Дуккакли дон экинлари ўсиш даврида ҳароратни турлича талаб қилади. Уруғлар канча паст ҳароратда униб чиқса, уларни паст ҳароратдан зарарланиши шунча кам бўлади. Кўк нўхат ва ясмиқ униб чиқиш фазасида 8 0С, люпин ва ҳашаки дуккак 6 0С, соя 3-4 0С савуққа бардош беради. Совуққа энг чидамсиз ўсимлик ловия ва мош –1 0С нобуд бўлади. Намга талаби. Дуккакли дон экинлари ғалла экинларига нисбатан нимликка талабчан. Улар сизот сувлар яқин жойлашган тупроқларда ёмон ўсади. Соя, кўк нўхат, ҳашаки дуккак, люпин намга жуда талабчан. Энг қурғоқчиликка чидамли дуккакли дон экинлари нўхат ва бурчоқ. Ловия ва ясмиқ оралиқ ўринни эгаллайди. Тупроқда оптимал намлик ЧДНС 100 - 60 % бўлганда, ўсимликлар яхши ўсади.
Озиқа элементларига талаби. Ўзбекистонда энг кенг тарқалган экинлардан нўхат бир тонна уруғ ва шунга мувофиқ вегетатив органлар ҳосил қилиш учун 52 кг азот, 21 кг фосфор, 49 кг калий ўзлаштирса, соя - 68, 19, 42, ловия – 53, 22, 29 кг ўзлаштиради.
Ёруғликка талаби - бўйича дуккакли дон экинлари уч гуруҳга бўлинади:
узун кун ўсимликлари (кўк нўхат, ясмиқ, бурчоқ, люпин, ҳашаки дуккак);
қисқа кун ўсимликлари (соя, мош),
нейтрал ўсимликлар (оддий ловия навлари, нўхат). Қисқа кун ўсимликларининг вегетасия даври шимолда узаяди аксинча узун кунли ўсимликларники жанубда узаяди. Аммо ҳар бир турда шундай навлар бўладики улар кун узунлигига нейтрал бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |