Хусусий корхона тадбиркорлик субектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий корхона тўғрисида”ги 2003-йил 11-декабрдаги Н 558-ИИ сонли Қонунига мувофиқ мулкдор ягона жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижоратчи ташкилот хусусий корхона деб эътироф этилади.
Хусусий корхона мулкдори корхонани раҳбар сифатида якка бошқаради, корхона номидан ишончномасиз иш кўради, унинг манфаатларини ифодалайди, хусусий корхонанинг пул маблағларини ҳамда бошқа мол-мулкини тасарруф этади, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисобварақлар очади, штатларни тасдиқлайди, корхонанинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.
Хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди.
Кичик тадбиркорлик субектлари ва микрофирмалар
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” 2012 йил 2-майдаги ЎРҚ–328-сонли янги таҳрирдаги Қонуннинг 5-моддасида кичик тадбиркорлик субектларига ҳам тўлиқ изоҳ берилган бўлиб, унга кўра кичик тадбиркорлик субектлари қуйидагилардир:
1) якка тартибдаги тадбиркорлар;
2) ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан йигирма киши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан ўн киши, улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан беш киши бўлган микрофирмалар;
3) қуйидаги тармоқлардаги:
енгил ва озиқ-овқат саноатидаги, металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебел саноати, қурилиш материаллари саноати, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 200 киши;
машинасозлик, металлургия, ёқилғи-енергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, қурилиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан эллик киши;
фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа соҳалардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан йигирма беш киши бўлган кичик корхоналар.
Кичик тадбиркорлик субектлари ходимларининг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда белгиланади. Бунда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий характердаги бошқа шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар (шўба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |