Тадқиқотнинг мақсади – Орол денгизини қуриши билан боғлиқ экологик танг вазиятни яхшилашга қаратилган тадбирларни ўрганиш орқали уни янада такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш.
Ушбу мақсадга асосланиб тадқиқот ишининг вазифалари белгиланди: - орол денгизининг қуриши натижасида экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг вужудга келишини ўрганиш;
- орол денгизи ва унинг ҳавзасида ҳозирги кунда юзага келган экологик вазиятни ўрганиш;
- орол денгизини қуриши билан боғлиқ экологик вазиятни яхшилашга қаратилган тадбирларни ўрганиш;
- экологик фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтириш бўйича илғор хориж тажрибасини ўрганиш;
- таҳлиллар асосида Орол денгизи билан боғлиқ экологик фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги.Орол денгизи билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш йўлларини ўрганиш орқали Орол денгизи билан боғлиқ экологик фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтириш йўлларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди ва асосланди.
Тадқиқотнинг асосий масалалари ва фаразлари: Диссертация ишининг асосий масалалари Ўзбекистонда Орол денгизи билан боғлиқ экологик вазиятнинг ҳолатини, юзага келган мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳисобланади.
Орол денгизи билан боғлиқ муаммоларни таҳлил қилиш ва Орол денгизи билан боғлиқ экологик фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқиш механизмлари асосида маълум тавсиялар ишлаб чиқиш орқали экологик фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга эришиш мумкин.
Тадқиқотда қўлланилган методиканинг тавсифи: Орол денгизининг қуришига оид кўп йиллик маълумотларни қайта ишлаш, кўриб чиқиш, аниқликлар киритиш, қиёсий таҳлил қилиш каби усуллардан фойдаланилди.
Тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти.Орол денгизи билан боғлиқ экологик вазиятни таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган Орол денгизи билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтириш бўйича тавсиялар экологик вазиятни юмшатишга ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Диссертация ишини назарий ва амалий жиҳатдан ёритиб бериш мақсадида «Agro ilm» илмий журналида “Орол денгизининг қуриб боришининг сабаблари ҳамда кутилаётган салбий оқибатларини юмшатиш чора-тадбирлари” номли мақола ва “Фан, муҳофаза, хавфсизлик” Илмий-амалий журналида “Орол денгизи ва унинг ҳавзасида экологик вазиятни яхшилаш” номли мақола ҳамда “Орол муаммоси жаҳан ҳамжамияти нигоҳида” номли мақола “Муҳофаза +” журналида чоп этилди.
Диссертация ишидан, шунингдек, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтириш йўлларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин.