Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларида банк-молия соҳасида фаол қўлланиладиган терминларнинг лингвистик хусусиятлари (ўхшаш ва фарқли жиҳатлари)ни очиб бериш, терминларнинг ясалиш (ҳосил бўлиш) йўлларини ҳамда таржима қилиш усулларини аниқлашдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
терминологиянинг замонавий тилшуносликда асосий назарий қоидаларини тизимлаштирган ҳолда термин, атама, терминосистема ва терминосфера тушунчаларининг лисоний хусусиятларини асослаш;
инглиз ва ўзбек тилларида банк-молия соҳасида фаол қўлланиладиган терминларни аниқлаш, уларнинг ўзига хос лексик-семантик, функционал-структуравий хусусиятларини очиб бериш;
чоғиштирилаётган тилларда банк-молия терминологик тизимининг диахрон жиҳатдан шаклланиш босқичларини таснифлаш, синхрон аспектда эса унга таъсир этувчи лингвистик ва экстралингвистик омилларни ёритиш;
инглиз ва ўзбек тилларида банк-молия терминларининг сермаҳсул деривацион (аффиксал, морфемик-морфологик, лексик-семантик, синтактик) моделларини аниқлаш ва ишлаб чиқиш;
банк-молия соҳаси терминларининг таржимада берилиш усулларини аниқлаш, лексикографик тамойилларини такомиллаштириш ва икки тилли терминологик луғатини яратиш.
Тадқиқотнинг объекти сифатида инглиз ва ўзбек тиллари банк-молия соҳасида қўлланиладиган лексема ва сўз бирикма шаклидаги терминлар танланган.
Тадқиқотнинг предмети инглиз ва ўзбек тиллари банк-молия соҳасида фаол қўлланиладиган терминларнинг шаклланиши, тузилиши, деривацион, лексик-семантик ва лексикографик хусусиятлари ҳамда таржима қилиш усуллари ташкил этади.
Тадқиқотнинг усуллари. Диссертацияда лингвистик тавсифлаш, қиёсий-типологик (чоғиштирма), диахрон, синхрон, семантик-услубий, компонент таҳлил, лексик-синтактик, лексик-семантик лингвостатистик усуллар қўлланилган.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
инглиз ва ўзбек тилларида банк-молия соҳасида қўлланиладиган терминларнинг деривацион тамойилларини аниқлаш орқали лексик-семантик, функционал-семантик ва синтактик усулда ясалиши очиб берилган, аффиксал, морфемик-морфологик моделлари аниқланган;
инглиз ва ўзбек тилларда банк-молия соҳасида қўлланиладиган терминларнинг тарихий-генетик илдизлари (этимологияси), фонди-генафонди ҳамда тарихий тараққиёт босқичларидаги такомили, уларнинг семантикасидаги ўзига хос ўзгаришлар ва янгиланишлар фактик-аналитик материаллар асосида далилланган;
инглиз ва ўзбек тилларидаги банк-молия терминларининг ҳозирги босқичдаги ҳолати, соҳа терминологиясининг ички ва ташқи омиллар ҳисобига бойиб бориш йўллари исботланган, ўзлашма қатламнинг оғзаки ва ёзма нутқда қўлланиш частотасига мувофиқ фаоллик даражаси ҳамда миқдорий кўрсаткичлари аниқланган;
чоғиштирилаётган тиллардаги банк-молия терминологиясида полисемантик, омонимик лексемаларнинг терминлар таржимасида тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг ечими далилланган;
банк-молия соҳаларига оид матнларда қўлланилган терминларнинг таржимасида стилистик ва фразеологик бирликлардан, экспрессивликдан сақланиш илмий исботланган, банк-молия соҳаси терминлари тартибга солиниб, унификация қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |