ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ
Диний экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажоввузкор сиёсий фаолиятдир.
Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 500га яқин террорчи ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 80 % ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига «ал-Қоида», «Мусулмон-биродарлар», «Ҳизбут-таҳрир», «ал-Жиҳод ал-Исломий», «ат-Такфир вал-Ҳижра» (Миср), «Абу Сайёф» (Филиппин), «Озод Ачех», «Лашкари жиҳод» (Индонезия), «Қуролли исломий ҳаракат» (Жазоир), ваҳҳобийлар, АБу Нидал гуруҳи, Қуролли ислом гуруҳи, АУМ Синрикё, Басклар ва озодлик ватани, Ал-Жамоа ал-исломия, ҲАМАС Мусулмон биродарлари, Ҳаракат ал-мужоҳидийн, Ҳизбуллоҳ, «17 ноябрь Инқилобий ташкилоти», «Инқилобий халқ-озодлик фронти/партияси» («Del Sol» номи билан маълум), «Инқилобий халқ кураши», «Сендеро Люминосо» («Ёруғ йўл», шунингдек «Партизанлар-халқ армияси»), «Тупак Амару инқилобий ҳаракати», «Ўзбекистон Ислом ҳаракати», «Ўзини мудофаа қилиш бирлашган кучлари» каби ташкилотларни киритиш мумкин.
Бу ташкилотлар Марказий Осиёда минтақа халқлари учун анъанавий бўлган ҳанафий мазхаби ва мотуридия ақидасини рад этиб, мусулмонларга сиёсийлаштирилган ғояларни сингдиришга уринмоқда. Улар «мавжуд муаммолар мусулмон жамоалари исломий тусини йўқотгани сабабли мавжуд, уларнинг назарида «кофир» ҳисобланган ҳукуматларни ағдариб ташлаш лозим», каби сохта диний шиорлардан фойдаланиб сиёсий ҳокимиятга интилмоқда.
Масалан, Марказий Осиёда турли қиёфаларга кириб яширин фаолият олиб борган “Ҳизбут-таҳрир” диний экстремистик партиясининг мақсадларидан бири, Фарғона водийсидаги Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг вилоятларини бирлаштириб ҳалифалик тузумига асосланган диний-теократик давлат тузиш бўлган. Ва улар бу мақсад йўлида бир қатор террористик фаолиятни амалга оширишди.
Диний экстремистик ташкилотларнинг асосий фаолият услублари сифатида экстремистик руҳдаги, шу жумладан, «жиҳод», «шаҳидлик» ғоялари тарғиб қилинган адабиёт, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш ва унинг аъзоларини махсус (радикал диний ташвиқот юритиш, қўпорувчилик ва ҳ.к.) тайёргарликдан ўтказиш, ўз тарафдорларини давлат структураларига киритишга уриниш, яширин «ҳужраларда» ўқиётганларга мутаассиб тушунчаларни сингдириш, аёллардан иборат ячейкаларни кучайтириш, ижтимоий-сиёсий ҳолатни мунтазам равишда қоралаш, расмий диний идора вакилларини обрўсизлантириш, ҳамда бевосита террористик акциялар ўтказишни кўрсатиш мумкин.
АҚШ Давлат департаментининг маълумотларига кўра, 2006 йили жаҳонда 14338 (2005 йили - 11153) террочилик ҳаракатлари амалга оширилган бўлиб, улар оқибатида 20498 одам ҳалок бўлган (2005 йили14618 та). Қўпорувчиликлар оқибатида 1800 нафар ёш бола ҳаётдан кўз юмган ёки ярадор бўлган. Террорчилик ҳаракатларининг 45% Ироқда, яна шунча фойиз ҳаракат Миср ва бошқа араб давлатларида амалга оширилган. Террорчилар 2006 йили 350 та масжидни вайрон қилишган. 6630 марта одам ўғирланган. Яқин Шарқ мамлакатларидаги бугунги сиёсий ҳолатни ўзингиз кўриб турибсиз.
БМТ маълумотларига кўра, 2009 йили Афғонистонда ҳар ой 566 (2006 йили – 425) террористик ҳатти-харакат содир этилган бўлиб, оқибатда 8000дан зиёд одам ҳаётдан кўз юмган. 160 та террорчилик ҳаракати (2008 йили – 123 та) ўз-ўзини портлатиш учули билан амалга оширилган, яна 68 та шу каби қўпорувчликнинг олди олинган. Афғонистон маориф вазири Муҳаммад Ханифнинг маълумотларига кўра, 2008 йили толибонлар мамлакатда 98 мактабни ёқиб юборишган ва 147 ўқитувчи ва ўқувчиларни ўлдиришган. Юз минглаб ўқувчи болалар мактабга боришга қўрқиб ўқишга бормай қўйган.
Марказий Осиё минтақасида ҳозирги кунда фаолияти кузатилаётган диний экстремистик гуруҳлар қаторига «Ўзбекистон/Туркистон ислом ҳаракати» (ЎИҲ), «Ислом жиҳоди гуруҳи», «Ҳизбут таҳрир», «Акромийлар», «Нурчилар» ва «Таблиғчилар» киради. Бу ташкилотлар юртимизда кўплаб жиноий ҳаракатларни содир қилишди. Уларнинг фаолияти қонли тўқнашувларга, бегуноҳ фуқароларимизнинг нобуд бўлишига олиб борди. “Акромийлар” ҳаракатининг 2005 йил 12 майда Андижонда содир қилган қўпорувчилик ҳаракатлари бутун республикамизни ва дунёни ларзага солди. Уларнинг барчаси юртимизда конституцион тузумни ағдариб ташлаш мақсадида содир этилган.
1.«Ўзбекистон ислом ҳаракати» гуруҳи 1996 йили ташкил топган. Унинг таркибига 1992-93 йили фаолиятига барҳам берилган қатор диний-экстремистик гуруҳларнинг фаоллари кирган. Гуруҳнинг ҳаракат дастури қурол кучи билан Марказий Осиёда «Буюк Ислом халифалигини» тиклаш, мазкур жараёнга Кавказ ва Россия Федерациясининг Волгабўйи республикаларини жалб қилишни назарда тутади. Ўзбекистондаги ички сиёсий вазиятни ишдан чиқариш учун восита сифатида қўпорувчилик, террорчилик ҳаракатлари амалга ошириш ва турли иғво тарқатишдан фойдаланади. Гуруҳга Тоҳир Юлдашев етакчилик қилиб келган, ҳозир унинг куёви Усмон Одил. Мазкур гуруҳ «ал-Қоида» ва «Толибон ҳаракати» каби террорчи ташкилотлар билан яқин алоқага эга.
«Ўзбекистон ислом ҳаракати» гуруҳи жангарилари 1999 йили Тошкент шаҳри ва вилоятида, 2000 йили Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида, 2004 йили Тошкент ва Бухорода, 2005 йили Андижонда, шунингдек, 1999, 2000 ва 2006 йиллари қўшни Қирғизистон ҳудудида, 2006 йили Тожикистон ҳудудида террорчилик ҳаракатлари амалга оширишда иштирок этган.
2.«Нурчилар» – Туркияда вужудга келган диний-миллий ҳаракат бўлиб, асосчиси диний уламо Саид Нурсий (1873-1960) ҳисобланади. «Нурчилар» ҳаракати 1945 йилдан ташкилот сифатида шаклланган бўлиб, унинг мафкурасини Саид Нурсийнинг (тахаллуси «Бадиуззамон» - замон байроғи) «Рисолаи-нур» умумий номи билан тўпланган диний-маънавий мазмундаги асарлари ва Қуръоннинг баъзи оятларига бағишланган тафсирлари ташкил этади. С.Нурсийнинг издошлари аъанавий исломга зид равишда етакчиларининг асарларини Аллоҳ назр қилган деб ҳисоблашади.
«Нурчилар»нинг асосий концепцияси қуйидагилардан иборат:
- ислом давлат дини деб эълон қилиниши ҳамда Қуръон Конституциянинг асоси бўлиши керак;
- дунёвий ҳукумат фақат ижро ва муҳофаза функциясига билан чегараланши лозим;
- ҳукуматниннг фаолиятини махсус диний уламолар кенгаши назорат қилиши лозим;
- давлат мусулмон дунёсининг таркибий қисмига айланиши ва христиан дунёси билан алоқаларини қатъий чегаралаши шарт.
1969 йили «Нурчилар» ташкилоти раҳбариятига келган Фатхулла Гюлен (1938 й.) мазкур ҳаракатнинг фаолиятини кенгайтириб юборди. У ташкилотнинг асосий мақсади ҳақида фикр билдирганда: «Бизнинг вазифамиз исломий дунёқарашни шакллантириш, шунда мамлакатни ҳеч қандай жиҳодсиз қўлга оламиз», деган. Маълумотларга кўра, «Нурчилар» 50 млрд. АҚШ доллари миқдорида капиталга, шу жумладан, «Заман» медиа-холдинги, 500 дан зиёд фирма, 88 вақф, 80 дан ортиқ жамғарма, 500 дан зиёд компания, шунингдек, 35 мамлакатда 8 та университет ва 230 дан зиёд лицей фаолиятини ташкил этган. Туркияда «Нурчилар» томонидан 20 мингдан зиёд диний мактаб ташкил этилган. Ташкилот раҳбари Фатҳулла Гюлен 2000 йили унган нисбатан дунёвий давлатни шариатга асосланган «бутунжаҳон туркий иттифоқ»га айлантиришга қаратилган фаолиятда айбланиб жиной иш очилгандан сўнг АҚШга қочиб кетган
Ўзбекистонда «Нурчилар» жамоаларининг тузилиши Туркияда ўқиш даврида таъсир ўтказилган ёшлар ва баъзи турк лицей ўқитувчиларининг фаолияти оқибатида юзага келган. Дастлабки жамоалар Термиз ва Денов шаҳарларида бўлган. Ташкилотнинг стратегияси узоқ даврга мўлжалланган бўлиб, аста-секинлик билан ёшларни исломийлаштириш ва пантуркизм ғояларини сингдириш, ўз вакилларини раҳбар лавозимларга ўтказишни таъминлаш орқали «Нурчилар» жамоасига мойил шахсларни ҳокимият тепасига чиқаришга асосланган. Норасмий диний ўқишни ташкил этиш учун хуфия хонадонлар сотиб олинган. 2010-2011 йиллари Самарқанд вилоятида ва Тошкент шаҳрида давлат идораларига суқилиб кирган «Нурчилар» жамоаси аъзолари қўлга олинди.
3.«Таблиғчилар» салафий ислом мафкурасини ташвиқот қилиш ва унинг тарафдорларини кўпайтириш орқали исломнинг таъсирини бутун дунёга ёйишни мақсад қилади. Маркази Бангладешнинг пойтахти Дакка шаҳридаги «Кокраил» масжидида жойлашган. Йирик филиаллари Покистон, Ҳиндистон, Миср, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларга жойлашган. «Таблиғчилар» ҳар йили 40 кун мобайнида уйма-уй юриб ташвиқот ишларини амалга оширади. Улар исломнинг террорчи гуруҳлар эътироф қиладиган ваҳҳобий-салафий йўналишидаги, жиҳодчиларнинг мафкурасидан деряли фарқ қилмайдиган кўринишини тарғиб қилади.
Маҳаллий экспертларнинг маълумотларига кўра, Қирғизистонда «ҳизбийлар» сони 10 минг кишини (шу жумладан, 2000 та аёллар), Қозоғистоннинг республикамиз билан чегарадош Жанубий Қозоғистон областида 2 минг кишини ташкил этади. Шунингдек, Қирғизистонда ҳозир 80 га яқин таблиғ жамоалари фаолият юритади. 2006 йили биргина Қозоғистонда «ҳизбчи»лардан 25 мингта варақа ва 700 дан зиёд адабиёт мусодара қилинган. 2007-2008 йили Тожикистонда «Ҳизбут тахрир» ташкилотининг 22 етакчиси қўлга олиниб, 14 та жиноий иш қўзғалган.
4. «Акромийлар» асосчиси –Акром Йўлдошев (1963 йили Андижон шаҳрида туғилган) «жиҳодчилар»нинг ғоявий раҳнамоси Абдували Мирзаев шогирдларидан бўлиб, 1990-йилларда «Ҳизбут таҳрир»нинг маҳаллий раҳбаридан сабоқ олган. «Акромийлар»нинг асл ғояси – исломий бошқарув шаклидаги давлатни барпо этиш ҳисобланиб, бунинг учун босқичма-босқич ҳаракат қилиш, аввал Фарғона водийсида халифалик тузуми барпо этиш ва кейинчалик уни минтақанинг бошқа ҳудудларига ёйиш мақсад қилинган. «Акромийлар» «воситалар» (корхона, дўкон ва ҳ.к.) ва ташкилот аъзолари ойлик даромадининг 20 фоизига тенг бадали ҳисобига жамғарма («бойтулмол») ташкил этган. Жамғарманинг асосий қисми «биродарлар» сафини кенгайтиришга сарфланган. Ушбу ташкилотнинг террорчилик моҳият-мазмуни 2005 йилнинг май ойида Андижонда рўй берган воқеаларида тўла фош бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |