Дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг таҳлили
Режа:
Дебиторлик ва кредиторлик қарзларини ўрганишнинг аҳамияти, таҳлилнинг мақсади ва вазифалари.
Дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг умумий ҳажми, таркиби ва вужудга келиш муддати бўйича таҳлили.
Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари айланувчанлигининг таҳлили.
Дебиторлик ва кредиторлик қарзларини ўрганишнинг аҳамияти, таҳлилнинг мақсади ва вазифалари.
Бозор иқтисодиёти шароитида корхоналарнинг молиявий аҳволини мустаҳкамлашнинг шарт-шароитларидан бири бўлиб, ҳисоб-китоб ишларини тўғри йўлга қўйиш ва молиявий интизомга қатъий риоя қилиш ҳисобланади.
Моддий неъматлар ва хизматлар билан боғлиқ бўлган барча ҳисоблашувлар умуман олганда «Дебитор ва кредиторлар билан бўладиган ҳисоб-китоблар» тариқасида юзага келади.
Кўпгина корхоналарда молиявий аҳволнинг ёмонлашуви кўп жиҳатдан катта ҳажмдаги дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг тўпланиб қолишига боғлиқ бўлади. Дебиторлик қарзларнинг катта ҳажмда пайдо бўлиши корхона маблағларини муомаладан чиқаради, ўз айланма маблағларининг етишмовчилигига сабабчи бўлади, натижада кредиторлик қарзининг ошишига олиб келади, булар ҳаммаси молиявий ҳолатга салбий таъсир қилади. Шунинг учун ушбу қарзлар билан боғлиқ бўлган жараённи узлуксиз равишда ўрганиш ва таҳлил этиб туриш катта аҳамиятга эгадир.
Дебиторлик ва кредиторлик мажбуриятлар деб қандай қарзлар тушунилади? Корхона томонидан бошқа корхона ва ташкилотларга тўланиши зарур бўлган мажбуриятлар кредиторлик қарзлари деб, корхонага бошқа корхона ва ташкилотлар томонидан тўланиши зарур бўлган мажбуриятлар эса дебиторлик қарзлари деб тушунилади.
Дебиторлик ва кредиторлик мажбуриятларлари ҳисоб – китобларнинг доимий йўлдоши ҳисобланади. Тўлов муддатининг чўзилиб кетиши корхоналарнинг молиявий аҳволига катта салбий таъсир қилади.
Таҳлилнинг асосий мақсади нимадан иборат? Дебиторлик ва кредиторлик мажбуриятларнинг мавжуд ҳолатини ўрганиш асосида улар бўйича айланиш даврини тезлаштириш имкониятларини аниқлаш негизида молиявий ҳолатни яхшилаш таҳлилнинг асосий мақсади бўлиб ҳисобланади.
Таҳлил ўз мақсадига қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш орқали эришади:
дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг умумий ҳолатига ҳамда улар орасидаги ўзаро тенглик нисбатига баҳо бериш;
дебиторлик қарзларнинг таркиби ва таркибий тузилиши ўзгаришларига баҳо бериш;
кредиторлик қарзларнинг таркиби ва таркибий тузилиши ўзгаришларига баҳо бериш;
дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг айланувчанлик коэффициенти ва унинг ўзгаришига баҳо бериш;
муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни махсус ўрганиш асосида уларнинг ҳолатига, динамикасига баҳо бериш;
қарзларни тугатиш ва камайтириш учун мавжуд бўлган имкониятларни кўрсатиш.
Ушбу вазифаларни ҳал қилиш орқали таҳлил ўз мақсадига эришади. Таҳлил ахборот маълумотлари асосида амалга оширилади. Ахборот манбалари бўлиб асосан қуйидаги маълумотлар ҳисобланади:
Бухгалтерия баланси (1-шакл) маълумотлари;
Дебиторлик ва кредиторлик қарзлар ҳақидаги маълумотнома (2а-шакли) кўрсаткичлари;
Дебиторлик ва кредиторлик қарзларни акс эттирувчи бухгалтерия ҳисоби счетларининг маълумотлари.