Ўт-сафро, унинг ҳосил бўлиши ва овқат ҳазмида қатнашиши
Ўт-сафро жигар ҳужайралари секретер фаолиятининг маҳсулидир. У ҳазм процессларида кўп томонлама қатлашади, унинг аҳамияти қуйидагилардан иборат: ўт ичак безларидан ва меъда ости безидан чиқадиган ферментларни активлайди (айниқса липазани кўпроқ активлайди, эритмага ўт-сафро қўшилгач липаза тахминан 20 баравар кўпроқ ёғни парчалайди); ўт ёғларни эмульсия ҳолига келтиради ва шу билан уларнинг парчаланишига ва сўрилишига ёрдам беради; ўт-сафро ичак ҳаракатини кучайтиради ва ичакка тушганда меъда ости бези секрециясини қўзғайди. Баён қилинганларнинг ҳаммаси овқат ҳазм бўлишида, айниқса ёғларни ҳазм қилишда ўт-сафронинг муҳим роль ўйнашидан далолат беради. Ичакка ўт-сафро тушиши бузилганда ёғларни тузук ўзлаштириб бўлмайди. Жигар ҳужайраларида ўт-сафро бетўхтов ишланиб туради, бироқ меъда ва ичакка овқат киргандагина умумий ўт йўлидан ичакка ўт чиқа бошлайди. Овқат ҳазм қилинмаётган вақтда жигар ҳужайраларида ҳосил бўладиган ўт-сафро ўт пуфагига тушади. Жигар йўлларидан чиқадиган ўт ўз таркиби ва хоссаларига кўра ўт пуфагидаги ўтдан фарқ қилади: биринчиси оқ сариқ рангли ҳаракатчан тиниқ суюқлик; иккинчиси тўқроқ, деярли қора рангли, анча қуюқ бўлиб, қаттиқ моддалари кўпроқ, чунки унга ўт пуфагининг шиллиқ пардасидан ажраладиган шилимшиқ аралашган, бундан ташқари ўт-сафро ўт пуфаги турганда ундаги сувнинг бир қисми пуфак деворига шимилиб кетади. Ўт-сафро ўт пуфагида 22-24 соат турганда 7-10 баравар концентрланади.
Ўт кислоталари ва ўт пигментлари ўт-сафро таркибига кирадиган специфик органик моддалардир. Бундан ташқари, ўтда лецитин, холестерин, ёғлар ва совунлар, муцин (ўт пуфаги ва йўллари шиллиқ пардасидан чиқади) билан анорганик тузлар бор. Ўт-сафрода ферментлар йўқ. Ўт-сафро реакцияси сал-пал ишқорий. Одам бир суткада 500-1000 мл ўт-сафро чиқаради. Одам ўтида гликохол ва гликохолеин кислоталари бор, уларнинг иккаласи ҳам жигарда ҳосил бўлади. Жигарни экстирпация қилиб (олиб ташлаш) устидаги тажрибалар шуни исботлайди. Озгина ўт кислоталарини қондан ҳамма вақт топиш мумкин; жигар олиб ташлангач қондаги ўт кислоталари йўқолади, ўт йўли боғлаб қўйилгандан кейин эса қондаги ўт кислоталари кўпайиб кетади.
Ўт пигментларига билирубин ва биливердин киради. Билирубиннинг оксидланиши натижасида биливердин ҳосил бўлади одам ўтида асосан билирубин бор. Эритроцитлар парчаланганда чиқадиган гемоглобиндан билирубин ҳосил бўлади. 1г гемоглобиндан 40мг билрубин ҳосил бўлади. Ўт пигментларининг қаерда ҳосил бўлиш масаласи жигарни олиб ташлаб ўтказилган тажрибаларда ҳал қилинган. Жигари олиб ташланган ит 24 соатдан ортиқроқ яшайди. Шу итлар устида ўтказилган тажрибаларга қараганда, жигар олиб ташлангандан кейин қондаги билирубин миқдори камаймаган, бироқ операциядан 3-6 соат кейин билирубин ҳатто ошиб кетган. Операция қилинган ит венасига гемолизланган қон юборилганда билирубин анча кўпайган. Итларнинг жигаридан бошқа органлари – кўмиги, талоғи ва лимфа безларида ҳам билирубин ҳосил бўлади, деган хулоса шу фактлар асосида чиқарилган. Ўт пигментлари ретикуло-эндотелий системасининг ҳужайраларида ҳосил бўлса керак.
Ретикуло-эндотелий тўқимасини организмдан ташқарида ундириб ва унга эритроцитлар қўшиб ўтказилган тажрибалар ретикуло-эндотелий ҳужайраларида билирубин ҳосил бўлишини исбот этади. Айни вақтда эритроцитлар парчаланиб, ўт пигментлари ҳосил бўлади. Баъзи моддалар гуморал йўл билан таъсир этиб, жигар ҳужайраларида ўт ҳосил бўлишини қўзғайди. Гастрин, дуоденал секретин ва гўшт экстрактлари шундай гуморал моддалардан ҳисобланади. Бу моддаларнинг ҳаммаси секретор ҳужайраларга бевосита таъсир этиб ўт-сафро ҳосил бўлишини қўзғайди. Ўт ҳосил бўлишини қўзғатувчи гуморал таъсирловчилар орасида ўтнинг ўзи алоҳида ўрин тўтади. Қонга ўт юборилганда жигар ҳужайраларининг секретор иши кучаяди, натижада улар қонга киритилганига қараганда кўпроқ ўт чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |