33.Ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи тўғрисида нималарни биласиз?
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 173-моддасига асосан кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса – бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир. Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.
Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди. Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади. Участка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган шахснинг манфаатлари ва талаби бўйича ҳам ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган шартларда ва тартибда сервитут белгиланиши мумкин.
Сервитут белгиланган участканинг эгаси, агар қонунда бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.
34.Мулк ҳуқуқини вужудга келиш ва бекор бўлиш асослари. Эгасиз ашё деганда нимани тушунасиз?
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 182-моддасига асосан мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.
Мулк ҳуқуқи мулкдорнинг ихтиёрий суратда мажбуриятни бажариши, мулкдорнинг мол-мулк тақдирини ҳал қиладиган бир томонлама қарор қабул қилиши, суд қарори асосида мол-мулкни олиб қўйиш (сотиб олиш) йўли билан, шунингдек мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонун ҳужжатларига асосан бекор бўлади.
Эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ашё эгасиз ашё ҳисобланади. Агар бу ҳол топилма тўғрисидаги, қаровсиз ҳайвонлар ва хазина тўғрисидаги қоидаларда рад этилмаган бўлса, эгасиз кўчар ашёларга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин. Эгасиз кўчмас ашёлар тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига мувофиқ кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олувчи орган томонидан ҳисобга олинади. Эгасиз кўчмас ашё ҳисобга олинганидан кейин бир йил муддат ўтгач, давлат мол-мулкини бошқаришга ваколати бўлган орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бу ашёни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига кирган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиши мумкин. Суднинг ҳал қилув қарорига биноан давлат мулкига ўтмаган деб ҳисобланган эгасиз кўчмас ашё уни ташлаб кетган мулкдорнинг эгалигига, фойдаланишига ва тасарруфига яна қабул қилиниши ёки эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин. Эгасиз ашёларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади (ФКнинг 191-модда).
Do'stlaringiz bilan baham: |