7.Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари тизимини тушунтиринг. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишни давлат томонидан таъминлашга ёрдам берадиган воситалар, усуллар ва шарт-шароитлар мажмуи кафолат ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасига кўра, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.
Кафолатлашнинг асосий мақсади – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш жараёнида вужудга келадиган тўсиқларни бартараф этиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашдир.
Кафолатларни мазмунан қуйидагича туркумлаш мумкин: 1) юридик (ҳуқуқий);
2) ижтимоий-сиёсий (мафкуравий);
3) ижтимоий-иқтисодий (моддий).
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда юридик кафолатлар алоҳида ўрин тутиб, бошқа барча кафолат турлари юридик жиҳатдан тартибга солиниши тақозо этилади. Юридик кафолат фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг қонунлар асосида ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишидир.
Юридик кафолатлар қуйидагиларни ўз ичига олади: фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш ва чегаралашнинг юридик меъёрларини мустаҳкамлаш;
фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширишларида давлат идоралари ва мансабдор шахслар масъуллигини белгилаш;
тажовуздан ҳимоя этилишни, мустаҳкамлашни таъминловчи махсус меъёрлар (шикоят қилиш ҳуқуқи, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи) мавжудлиги;
ҳуқуқни бузганлик учун юридик жавобгарликнинг белгиланганлиги (мулкий, интизомий, маъмурий, жиноий).
Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини махсус кафолатлаш Конституция асосида қабул қилинган қонунлар орқали ҳам амалга оширилади.
Ижтимоий-сиёсий кафолатлар давлатда амал қилиб турган сиёсий тизим орқали намоён бўлади. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ижтимоий-сиёсий кафолатланиши қуйидагиларга бевосита боғлиқ:
мамлакат миқёсида олиб борилаётган давлат сиёсатининг мақсади;
сиёсий плюрализм даражаси;
жамиятдаги мавжуд сиёсий мафкураларнинг мазмун-моҳияти;
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолати;
оммавий ахборот воситаларининг фаолияти.
Ижтимоий-иқтисодий кафолатлар жамиятда вужудга келган ишлаб чиқариш муносабатлари мазмуни ҳамда иқтисодий тизимнинг аҳволига боғлиқ бўлади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини иқтисодий кафолатлаш давлатда амал қилиб турган иқтисодий тизим орқали намоён бўлади.
Иқтисодий кафолатларга: ойлик иш ҳақининг энг кам миқдорининг белгиланиши;
давлат томонидан аҳолининг кам таъминланган қатлами, вояга етмаганлар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимояланиши;
барча мулк шаклларининг тенглиги ҳамда фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларининг таъминланиши киради.
Ўзбекистондаги мазкур тизимда бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўзининг муносиб ўрнини топди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг носудлов тизими асосини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий давлат ташкилотларига қуйидагилар киради: 1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман); 2) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази.
Мазкур миллий давлат ташкилотларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилган бўлиб, доимий равишда такомиллашиб бормоқда.