13.Акция нима ва унинг қандай турлари мавжуд? “Олтин акция” нима, қачон ва ким томонидан татбиқ этилади?
Ўзбекистон Республикасининг 03.06.2015 йилдаги янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунга кўра, акция – ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва у тугатилганидан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати белгиланмаган эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғоз. Акциянинг оддий ва имтиёзли тури мавжуд. Акциялар мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида қайси юридик ёки жисмоний шахсга тегишли бўлса, ўша юридик ёхуд жисмоний шахс акциянинг эгаси – акциядор деб эътироф этилади.
Оддий акциялар овоз берувчи бўлиб, уларнинг эгасига дивидендлар олиш, акциядорларнинг умумий йиғилишларида ва жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Ўз эгаларига дивидендларни, шунингдек жамият тугатилаётганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялардир. Имтиёзли акциялар ўз эгаларига жамият фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради. Акциянинг эгаси бўлган акциядорга овозга қўйилган масалани ҳал этишда овоз бериш ҳуқуқини берадиган оддий ёки имтиёзли акция жамиятнинг овоз берувчи акциясидир.
Акцияларнинг номинал қиймати юз сўмдан кам бўлиши мумкин эмас. Акция бўлинмасдир.
“Олтин акция” – айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи бўлиб, у стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат корхоналари хусусийлаштирилаётганда ёки акциядорлик жамиятларининг давлат акция пакетлари хусусий мулк этиб реализация қилинаётганда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига асосан жорий қилинади ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.
14.Давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси сифатидаги роли. Давлат ва юридик шахслар жавобгарлигининг фарқи.
Давлат ҳам фуқаролар ва юридик шахслар каби фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирокчисидир
(ФК, 2-модда).
Фуқаролик кодексининг 79-моддасида давлат фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда уларнинг бошқа иштирокчилари билан баравар асосларда иштирок этиши белгилаб қўйилган бўлиб, фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда давлат номидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар махсус вакил қилган бошқа органлар (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки улар махсус вакил қилган органлар, масалан, вазирликлар, давлат қўмиталари, хўжалик бошқаруви органлари, элчихоналар) иштирок этадилар.
Давлат ўзининг фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятлари бўйича ўз мулки бўлган маблағлари билан жавоб беради.
Мазкур кодекснинг 80-моддасида белгиланишича, давлат ва юридик шахслар жавобгарлиги фарқлаб қўйилган, яъни давлат томонидан тузилган юридик шахс давлатнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари давлат ўзи тузган юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Ушбу қоидалар давлат тузган шартнома асосида юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича ўз зиммасига кафиллик олган (кафолат берган) ёки мазкур юридик шахс давлатнинг мажбуриятлари бўйича ўз зиммасига кафиллик олган (кафолат берган) ҳолларга тааллуқли эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |