17.Қимматли қоғозлар деганда нима тушунилади? Қимматли қоғозларга нималар киради?
Ўзбекистон Республикасининг 03.06.2015 йилдаги янги таҳрирдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунга кўра, қимматли қоғозлар – ҳужжатлар бўлиб, улар бу ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади. Қимматли қоғозларнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ифодаланади. Қимматли қоғозлар қимматли қоғозлар бозорини вуждуга келтиради. Қимматли қоғозлар бозори юридик ва жисмоний шахсларнинг қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатлари тизимидир. Қимматли қоғозлар эмитентлари, қимматли қоғозларнинг эгалари, инвесторлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда биржалар қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари саналади.
Қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш ва уларнинг муомаласига, агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейингина йўл қўйилади.
Қимматли қоғозлар муомаласи қимматли қоғозлар бозорида юридик ва жисмоний шахслар томонидан битимлар тузиш орқали амалга оширилади.
Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишни депозитарийлар амалга оширади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Қимматли қоғозлар жумласига қуйидагилар киради: облигация, вексель, чек, депозит ва жамғарма сертификатлари, коносамент, акция ҳамда қонун ҳужжатлари билан қимматли қоғозлар жумласига киритилган бошқа ҳужжатлар киради
(ФК, 96-модда).
18.Фуқаролик қонунчилигига кўра фуқаролар ўзларига тегишли шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини қандай ҳимоя қилишлари мумкин?
Фуқаролик қонунчилигига кўра фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Башарти, фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий-ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий-ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.
Фуқаро оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон қилинганда у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Башарти, суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди. Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.
Маънавий зарар пул билан қопланади. Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим.
Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади. Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |