Олдинги таҳрирга қаранг. 23. Хорижда доимий яшаётган ва Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш ёки алмаштириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
(23-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5885-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.11.2019 й., 06/20/5885/0067-сон) Ўзбекистон Республикасига келиш имконияти йўқлиги (доимий яшаш жойида қолган ҳолда, жисмоний имкониятлари чекланган шахслар) билан боғлиқ алоҳида ҳолатларда консуллик муассасалари ушбу шахсларга хорижга чиқиш биометрик паспортларини Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан келишган ҳолда, уларнинг хулосалари асосида расмийлаштириб беришлари мумкин.
24. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида маълумотларни йиғиш пункти ариза берувчининг биографик маълумотларини, қўл бармоқларининг электрон изларини (16 ёшдан катта шахслар учун) тўплашни амалга оширади, юзни тўғридан рақамли форматда расмга олади ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга талабномани шакллантиради, талабнома келгусида ДПМга жўнатилади.
25. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб ўн иш кунида, хорижда эса — дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилади.
Фуқарога ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга (шахсларга) хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш муддати Ўзбекистон Республикасидан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қиладиган ҳолатларда, шошилинч даволаниш зарурлигини тасдиқловчи вилоят ва республика миқёсидаги давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан берилган ҳужжатлар, яқин қариндошининг оғир касаллиги ёки вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида, чиқиш ҳуқуқига чеклов бўлмаган тақдирда 5 иш кунидан ошмаслиги лозим.
Фуқаро хорижга чиқиш биометрик паспортини йўқотган тақдирда янги паспорт белгиланган тартибда паспорт йўқолганлиги ҳақида ариза берилган кундан бошлаб бир ой ичида берилади.
Аризани кўриб чиқиш муддати Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилиши мумкин.
26. Қўл бармоқларининг изларини олиш тартиб-таомилидан бош тортилган ва кўзойнак тақиб ёки бош кийим билан суратга тушиш истаги қатъий билдирилган ҳолатларда маълумотларни йиғиш пункти фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга.
27. ДПМ тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортини ДФХ орқали уни расмийлаштириш учун талабнома юборган маълумотларни йиғиш пунктига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига кейинчалик дипломатик йўллар билан консуллик муассасаларига юбориш учун топширади, консуллик муассасалари паспорт эгасига берилишини таъминлашлари шарт.
28. 16 ёшга тўлмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари унинг ота-оналарига, васийлари (ҳомийлари)га, хорижга чиқиш биометрик паспорти бериш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилган ташкилотларнинг вакилларига берилади.
29. Фуқаро ва қонуний вакиллар хорижга чиқиш биометрик паспортини авайлаб сақлашлари шарт.
30. Хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолган тақдирда фуқаро дарҳол доимий рўйхатда туриш жойи ёки консуллик рўйхати бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши шарт, мазкур пункт қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-таомилларни амалга оширганидан кейин ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фуқарога янги хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш масаласини ҳал қилади.
31. Вақтинча хорижда турган ва консуллик рўйхатига олинмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолган, яроқсиз ҳолга келган, унинг амал қилиш муддати тугаган, маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган саҳифаларидан фойдаланиб бўлинган ҳолатларда янги хорижга чиқиш биометрик паспортини ёки Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳномани расмийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат қиладилар.
32. Топиб олинган хорижга чиқиш биометрик паспорти ички ишлар органига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасига топширилиши лозим.
33. Вафот этган фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига топширилади, мазкур орган хорижга чиқиш биометрик паспортини кейинчалик йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктига жўнатади.
Хорижда вафот этган фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти уни берган маълумотларни йиғиш пунктига кейинчалик йўқ қилиш мақсадида жўнатиш учун Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига жўнатилади.
34. Қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум қилишга, мажбурий жамоат ишларига, ахлоқ тузатиш ишларига ёхуд озодликни чеклашга маҳкум этилган шахслардан хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари, ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Шахс қамоқда қолдирилган ёки суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган тақдирда хорижга чиқиш биометрик паспорти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармасига жўнатилади.
Қамоқдан озод қилинганда ёки жазо муддати ўтаб бўлинганидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари, ички ишлар органларининг жазони ижро этиш инспекцияси, суд томонидан ёхуд жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти томонидан эгасига қайтариб берилади.
Хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган тақдирда янги паспорт ваколатли органнинг олиб қўйиш ҳақидаги тегишли қарори тақдим этилгач маълумотларни йиғиш пункти томонидан расмийлаштирилади.
35. Текшириш, верификациялаш жараёнида ноаниқликлар ёки чегара (миграция) қайдлари, хориж визалари, рухсат берувчи ёзувлар сохталаштирилганлигини кўрсатувчи белгилар аниқланган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти, шунингдек, белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти чегара назорати бўлинмалари томонидан тегишли вазирликлар ва идораларга жўнатиш учун олиб қўйилиши мумкин. Паспорт олиб қўйилган тақдирда чегара назорати бўлинмаси томонидан фуқарога унинг паспорти олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.
36. Қуйидагилар тақиқланади:
ушбу Низомда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари фуқародан хорижга чиқиш биометрик паспортини олиб қўйиш;
хорижга чиқиш биометрик паспортини мажбуриятларни таъминлаш мақсадида гаров сифатида қабул қилиш ва топшириш.
37. Ушбу Низом талабларини амалга ошириш учун зарур бўлган штамплар ва бланкларнинг намуналари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тасдиқланади.
38. Хорижга чиқиш биометрик паспорти берилганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда давлат божи ёки консуллик йиғимлари ундирилади. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган шахслар давлат божи тўлашдан озод қилинади.