хорижда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижга чиқиб, вақтинча у ерда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
хорижда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикасидаги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб, хорижга доимий яшашга чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
паспорт олиш учун талабнома — паспорт олувчи ҳақида маълумотларни йиғиш пункти томонидан шакллантирилган биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни ўз ичига олган электрон ҳужжат (кейинги ўринларда — талабнома);
консуллик округи — консуллик функцияларини бажариш учун консуллик муассасаси иш олиб борадиган ҳудуд бўлиб, у бир нечта давлат ҳудудини ўз ичига олиши мумкин;
консуллик муассасаси — Ўзбекистон Республикасининг чет давлатда таъсис этиладиган дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлими, Ўзбекистон Республикасининг бош консулхонаси, консулхонаси, вице-консуллиги ва консуллик агентлиги;
консуллик рўйхати — тегишли консуллик округи ҳудудига келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари қошида белгиланган тартибда қайддан ўтказиш;
вақтинча консуллик рўйхати — хорижда вақтинча бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан қайддан ўтказиш;
доимий консуллик рўйхати — доимий яшаш учун хорижга чиқиш рухсатномаси белгиланган тартибда расмийлаштирилган, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайддан ўтказиш;
персоналлаштириш — паспорт эгасининг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини паспорт бланкига киритиш;
Олдинги таҳрирга қаранг. маълумотларни йиғиш пункти — паспорт олиш учун мурожаат қилган фуқароларнинг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини жамлаш, ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига (кейинги ўринларда — ДПМ) юбориш ҳамда фуқароларга янги расмийлаштирилган биометрик параметрли паспортларни бериш вазифаларини бажарувчи ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари.
(2-банднинг ўн бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5885-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.11.2019 й., 06/20/5885/0067-сон) 3. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлардан ташқари ҳолда, ушбу Низомда назарда тутилган тартибда хорижга эркин чиқиш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқига эга.
4. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқадиган ҳолларда уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилади. Хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам хорижга чиқиш биометрик паспортига эга бўлишлари шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг. Ўзбекистон Республикасининг биометрик дипломатик паспорти билан хорижга чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 16 августдаги ПФ-4554-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг биометрик дипломатик паспорти тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5885-сонли Фармонига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.11.2019 й., 06/20/5885/0067-сон) 5. Хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳар қандай давлатга чиқиш учун ҳақиқийдир.
Хорижда доимий яшаётган ва доимий консуллик рўйхатида турадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш биометрик паспорти, унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган даврда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, давлат хизматларидан фойдаланиш учун ҳақиқийдир.
6. Хорижга чиқиш биометрик паспорти Ўзбекистон Республикасининг мулкидир ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикасининг ҳимоясида бўлади.
7. Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:
туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга;
бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга;
16 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга.
Амал қилиш муддати тугаганидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пунктига топширилади.
8. Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланки қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади.
Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкларини тайёрлаш «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида амалга оширилади. Персоналлаштириш, ҳисобга олиш ишлари ҳамда тайёрлаш вақтида бузилган ва маълумотларни йиғиш пунктларидан алмаштириш учун қайтарилган паспортларни йўқ қилиш — ДПМда, хорижга чиқиш биометрик паспортларини эгаларига бериш ва ҳақиқий бўлмаган хорижга чиқиш биометрик паспортларини йўқ қилиш — маълумотларни йиғиш пунктларида амалга оширилади.
Хорижга чиқиш биометрик паспортларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Давлат фельдъегерлик хизмати (кейинги ўринларда — ДФХ) томонидан амалга оширилади.
Хорижга чиқиш биометрик паспортларини хориждаги маълумотларни йиғиш пунктларига ва консуллик муассасаларидан Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш белгиланган тартибда дипломатик почта воситаси орқали амалга оширилади.
9. Хорижга чиқиш биометрик паспорти белгиланган намуна бўйича тайёрланади ва инглиз тилида персоналлаштирилади.
10. Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:
паспортни берган давлатнинг номи;
ҳужжатнинг номи;
ҳужжатнинг тури;
паспортни берган давлатнинг коди;
паспорт серияси ва рақами;
фамилия, исм, ота исми;
фуқаролиги;
туғилган санаси;
туғилган жойи;
жинси;
берилган сана;
берган орган;
амал қилиш муддати тугайдиган сана;
эгасининг рақамли сурати;
эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.
11. Чипга қуйидаги маълумотлар киритилади:
паспорт эгасининг биографик маълумотлари;
эгасининг рақамли сурати;
қўл бармоқларининг излари — 16 ёшга етганидан кейин.
12. Хорижга чиқиш биометрик паспортига қуйидаги қайдлар киритилади:
паспорт эгасининг хорижда доимий яшаш учун рўйхатдан ўчирилганлиги тўғрисида;
хорижда доимий яшаётган фуқаронинг вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида;
давлат чегарасидан ўтганлиги тўғрисида;
консуллик рўйхатига олингани ёки консуллик рўйхатидан чиқарилгани тўғрисида;
никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида;
хорижий давлатларга кириш учун рухсатнома (виза) тўғрисида;
ҳамроҳлик қилувчи шахслар тўғрисида (вояга етмаган фуқаролар учун);
илгари қўйилган қайдлар бекор қилинганлиги тўғрисида.
Паспортда унинг эгасининг имзоси бўлиши шарт.
Паспорт эгаси қонининг гуруҳи ва резус-мансублик тўғрисидаги қайдлар унинг розилиги билан амалга оширилади.
13. Хорижга чиқиш биометрик паспортига:
ички ишлар органлари бўлинмалари томонидан — вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги ва хорижда доимий яшаш учун рўйхатдан чиққанлиги ҳақидаги, ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақидаги (вояга етмаган фуқаролар учун);
чегара назорати бўлинмалари томонидан — Давлат чегарасидан ўтганлик ҳолати ҳақидаги;
фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан — никоҳ қайд этилганлиги ва никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги (доимий консуллик рўйхатида туриб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган фуқаролар учун);
соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан — қон гуруҳи ва резус-мансублик ҳақидаги;
Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари томонидан — вақтинчалик ва доимий консуллик рўйхатига олиш ёки консуллик рўйхатидан чиқариш ҳақидаги, никоҳ қайд этилганлиги ва никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги, ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақидаги (вояга етмаган фуқаролар учун);
чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан — хорижий давлатларга кириш рухсатномалари (кириш визаси) ҳақидаги қайдлар киритилади.
Муассасалар зарур ҳолларда ўзлари илгари қўйган қайдларни бекор қилганликлари тўғрисида қайдлар киритишлари мумкин.
Паспортларга ушбу Низомда назарда тутилмаган ёзувларни ва қайдларни киритиш тақиқланади.
14. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролардан хорижга чиқиш биометрик паспортлари мудофаа ишлари бўлимлари томонидан олиб қўйилади ва хизмат тугагунга қадар сақланади. Муддатли ҳарбий хизмат тугаганидан кейин мудофаа ишлари бўлимлари олиб қўйилган хорижга чиқиш биометрик паспортларни фуқароларга улар ҳарбий ҳисобга қўйилганидан кейин ўн кун муддатда қайтариб беришлари шарт.
Шартнома асосида ҳарбий хизматга, ўқиш учун олий ҳарбий таълим муассасаларига кирган фуқаролардан хорижга чиқиш биометрик паспортлари ҳарбий қисмларнинг ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларининг кадрлар билан ишлаш органлари томонидан олиб қўйилади ва штабларда сақланади.
Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат назарда тутилган тегишли вазирликларда ва идораларда сақланаётган хорижга чиқиш биометрик паспортлари амал қилиш муддати тугаганидан кейин белгиланган тартибда йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктларига жўнатилади.