Bog'liq давлат бюджети таркиби ва уни такомиллаштириш йўллари
Бюджет тақчиллигининг қуйидаги шакллари фарқланади:
таркибий бюджет тақчиллиги – ҳукуматнинг иқтисодий ривожланишни амалга ошириш мақсадида давлат харажатларини ошириш ва солиқларни пасайтириш чораларининг қўлланилиши натижасида юзага келадиган тақчиллик бўлиб, у ижтимоий жараёнларнинг инқирозини ифодаси эмас, балки давлатнинг ижтимоий такрор ишлаб чиқариш таркибида прогрессив силжишларни амалга ошириши натижасидир.
циклли бюджет тақчиллиги – ишлаб чиқаришнинг циклли пасайиши натижасида келиб чиқадиган ва иқтисодиётдаги инқироз ҳолатларини, ҳукуматнинг молиявий ҳолатни назорат қила олмаслигини ифода этадиган тақчиллик.
Бюджет тақчиллигини молиялаштириш манбалари бўлиб ихтиёрдаги ва қарз маблағлари намоён бўлиши мумкин. Ихтиёрдаги маблағлар –қайтармаслик характерига эга бўлган, давлат ва маҳаллий ҳокимият тасарруфидаги мол-мулкдан тушган ресурслар. Ички ва ташқи молия бозорларида қарз олиш қайтарилиш характерига эга ва давлат қарзининг ошишига олиб келади, уларга хизмат кўрсатишга фоиз харажатлари талаб қилинади.
Бюджет давлатнинг амал қилиши заруратидан келиб чиқади, чунки давлат амал қилиши ва фаолият юритиши учун маълум бир маблағларга эга бўлиши керак. Феодализм даврида давлат харажатлари икки турга бўлинган эди: доимий (қироллик саройи, давлат муассасаларини сақлаш) ва вақтинча (йўллар ва иншоотлар қуриш ва бошқалар), унинг даромадлар ва харажатлар қисмини акс эттирувчи ва мужассамлаштирувчи ягона ҳужжат мавжуд эмас эди. Харажатнинг ҳар бир турига тегишли даромад тури пул ёки натурал кўринишда топилиб бириктирилар эди. Харажатлар ва уларга бириктирилган даромадлар мустақил сметалар кўринишида расмийлаштирилиб, жуда кўп ҳажмда тўпланар эди. Ҳамма харажатлар ҳужжатлаштирилмас эди. Давлат раҳбари давлатнинг барча маблағларини назоратсиз идора қилар, бунинг натижасида исрофгарчилик юзага келар эди. Буржуазия даври монархларнинг молиявий ҳуқуқларини чегаралаш, давлат харажатлари устидан назорат ўрнатиш ва солиқларни тайинлаш ва бекор қилиш ҳуқуқини чегаралаш билан характерланади. Шуларнинг барчаси бюджетнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига сабабчи бўлди.
Давлатнинг харажатлар ва даромадларини ягона умумий сметага (бюджетга) бирлаштиришга биринчи уриниш Англияда XVII аср охирида амалга оширилди. «Budget» термини Англияда ўрта асрларда “сумка, ҳамён, пулли қоп” мазмунини англатар эди. Шу ном билан Англия ғазначилиги вазирининг пул ва ҳисоботлари солинган портфели номланар эди. Вазир доимо лордлар палатаси олдида чиқиш қилаётганда шу портфели ёнида бўларди. Вақт ўтиши билан бу термин билан “ғазначилик вазирининг парламент олдидаги ҳисоботи” номлана бошланди. XVI-XVII асрларда Англияда қуйи палата қиролга субсидияларни тасдиқлашда, мажлис тугаши арафасида ғазначилик канцлери тегишли қонун лойиҳаси сақланаётган портфелни очар эди ва бу бюджетнинг очилиши деб номланган эди, кейинчалик портфелнинг номи ҳужжатнинг ўзига ҳам берилди.
XIX аср бошига келиб, дунёнинг кўпгина мамлакатлари давлатнинг даромадлари ва харажатлари акс эттириладиган бюджетларни шакллантира бошладилар.
Ўзбекистонда давлат бюджети 1868 йилда пайдо бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Бунда хоннинг шахсий харажатлари давлатникидан ажратилган эди. Бу билан Туркистон ҳудудида мустақил давлат бюджетининг ташкил топишига асос солинди. Россия Чор ҳукумати Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида Туркистоннинг давлат даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги низомни (давлат бюджети тўғрисидаги низомни) ишлаб чиқиш ва ижро этиш вазифасини бажарувчи молиявий қўмитани таъсис этди. 1924 йилда Ўзбекистон ССР ташкил топиши билан бирга, Совет ҳукумати қарори билан Ўзбекистон ССРнинг биринчи давлат бюджети шакллантирилди. Ушбу бюджет 1924 йилдан 1991 йилга қадар, СССР давлат бюджети таркибига кирган.
1991 йилда Ўзбекистон суверенитетни эълон қилди ва 1992 йилдан бошлаб мустақил Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети шакллантирила бошланди.