Ҳаёт кечириши. Маккажўхори капалагининг қурти ўзи озиқланаётган ўсимлик пояси ичида қишни ўтказади. Бу зараркунанданинг кўпчилиги Марказий Осиёда қўйтикан (Xanthium strumarium L.), шувоқ, қиёқ, наша, маккажўхори, оқ жўхори поясида, тариқ анғизида қишлайди.
Кузда ривожланишини тугалламаган қуртлар кўкламда илиқ кунлар бошланиши билан ривожланиб вояга етади; аммо қуртлар куздаёқ; овқатланишини тугаллаб, эрта кўкламда ғумбакка айланади.
Маккажўхори капалаги қуртининг кўпчилиги ўзлари тўйинаёттан ўсимлик поясида ғумбакка айланади; қурт ғумбакка айланиш олдидан, кейинчалик ғумбакдан ҳосил бўладиган капалакнинг ташқарига осонгина чиқиши учун пояни тешиб йўл очиб кўяди; баъзан бу тешик батамом очилмай, балки сиртқи томонида жуда юпқагина толалар қавати қолдирилади; батамом очилган тешик оғзи эса ўргимчак иплари билан тўкилиб беркитиб қўйилади, бу билан тешик орқали ичкарига паразит, парранда ҳашарот ва сув кириш имконияти йўқолади.
Қурт ўргимчак ипларидан ясалган юмшоқ пилла ичида ғумбакка айланади. Айрим ҳоллардагина қурт ғумбакка айланиш олдидан поя ичидан ташқарига чиқади ва пилласини поя сиртида ўраб, сўнгра ғумбакка айланади, бунда қурт энг аввал поя сиртини кемириб чуқурча ясайди ва шу чуқурча ичида пилла ўрайди.
Ғумбаклик даври 10-25 кунга чўзилади. Бу ғумбакдан пайдо бўладиган капалакда тухумдонлар деярли батамом етилган бўлади; Марказий Осиё шароитида капалак ғумбакдан пайдо бўлгач бир-икки кун ичида (Россиянинг ўрта минтақаларида тўрт-беш кун ичида) тухум қўйишга киришади.
Урғочи капалак тухумини ўзи тўйинаётган ўсимлик баргининг орқасига ҳамда маккажўхори сўтасига ва рўвакларига бир неча донадан 50 тагача тўп-тўп қилиб қўяди; бу тухумларини битта умумий пластинкага жинсий аъзо системасидаги қўшимча безларидан чиқадиган суюқлик билан ёпиштириб қўяди.
Капалак саккиз кундан уч ҳафтагача яшайди; кундузи барг орқасида, девор ёриқларида ва бошқа пана жойларда жимгина ўтиради, қоронғилик туша бошлаган вақтдан то азонгача фаол учади.
Битта урғочи капалак 250-350 та, ҳатто 1250 тага етказиб тухум қўяди; урғочи капалак табиатда эркагидан бирмунча барвақт пайдо бўлиб, ундан кўра узоқроқ яшайди ва тухум қуйганидан кейин ўлиб кетади. Тухумдан 3-15 кун ичида қурт чиқади. Тухум ичидан қурт чиқиш олдидан катталашиб вертикал ҳолатни олади, уст томонида тўқ қўнғир доғ пайдо бўлади; бир тўпдаги тухумларнинг ҳаммасидан бир вақтда қурт чиқади.
Ёш қуртлар ўзи пайдо бўлган ўсимлик барги билан тўйиниб яшайди, учинчи ёшга етгач поя ичига (ғалласимон ўсимликларда поя бўғзи яқинида) ва ҳосил органлари ичига пармалаб киради, қурт бу ерда яна икки марта пўст ташлаб ривожланишини тугаллайди; шундай қилиб, шу капалак қурти беш ёшни бошидан кечиради. Баъзи қуртлар бир нечта пояни шикастлайди. Ёзги авлод қуртларининг ривожланиши 20-30 кунга чўзилади, шундан кейин ғумбакка айланади. Маккажўхори капалаги Марказий Осиёда бир йилда кўпи билан икки-уч авлод беради; ёзнинг жазирама иссиқ вақтларида қурт узоқ муддат диапауза ҳолатда қолади.
Маккажўхори капалагининг генерацияси Россиянинг наша ўсимлиги экиладиган асосий зонасида- марказий минтақасида бир йилга чўзилади; Узоқ Шарқда, Шимолий Кавказда бир йилда икки, Кавказнинг Қора денгиз соҳили атрофларида эса уч авлод беради. Марказий Осиёда маккажўхори капалагини йўқ қиладигаи паразитлар ҳали текширилган эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |