Маккажўхори капалаги ёки наша қурти
Pyrausta nubilalis Hb.
Зарари. Маккажўхори капалаги юқорида баён этилган бобларда кўп ўсимликхўр зараркунанда сифатида бир неча марта кўрсатиб ўтилган эди.
Маккажўхори капалаги луб ўсимликларидан: каноп, рами, жут, дағал каноп, наша ўсимликларига зиён етказади. Бу зараркунанда наша билан маккажўхорига айниқса кўп тушади, шунинг учун маккажўхори капалаги личинкаси баъзан наша қурти деб юритилади.
Маккажўхори капалаги луб экинларининг, айниқса наша ўсимлигининг энг асосий зараркунандаларидан ҳисобланади; бу зараркунанда наша экинини баъзан 100 % шикастлайди.
Бу капалакнинг қурти наша поясини, баъзан тўп гулини шикастлайди; жароҳатланган ўсимлик тўқимаси қурийди, бундай поя сал-пал шамол эсиши билан синиб кетади; синган ўсимлик пояси ё бутунлай ҳосил қаторига қўшилмайди ёки фақат арқон қилишга ярайдиган бўлиб қолади.
Агар бу зараркунанда пояга кечроқ тушиб, экин пояси дон тўлиши вақтида синса, бунинг уруғини олиш мумкин, лекин бу уруғнинг сифати жуда паст бўлади. Маккажўхори капалагининг шикастлаши натижасида поя синиш ҳодисаси каноп экинида ҳам юз бериб туради.
Тарқалиши. Маккажўхори капалаги ер шарининг ҳаммасида кенг миқёсда тарқалган, бу зараркунанда Марказий Осиёда, Қозоғистонда, Россиянинг Европа қисмининг жанубий қисмларида, Сибирнинг жанубий қисмида ва Узоқ Шарқда, Японияда, Яқин Шарқ мамлакатларида, Ҳиндистонда, Кичик Осиёда, Мисрда, Европанинг ўрта ва жанубий қисмида, Шимолий Америкада (бу ерга 1917 йилда келган) учрайди.
Таърифи. Маккажўхори капалагининг катталиги қанотини ёзиб турганда 27-28 мм келади. Олдинги қаноти осткисидан узунроқ, эркагининг қаноти қўнғир кул тусда бўлиб, оч сарғишсимон кўндаланг йўли ва оқиш шокиласи бор; урғочисида олдинги қаноти сарғиш тусда бўлиб, қорамтир кўндаланг йўли бор ва четлари бирмунча қорамтир.
Кейинги қаноти сариқ, олдингисидан кўра равшанроқ; эркагида бу қанот қорамтирроқ ва бирмунча оқишроқ кўндаланг ўтган белбоғ йўли бор. Тухуми ясси шаклда бўлиб, бир-бирининг устига черепица сингари мингашган.
Қуртининг катталиги 2,5 см гача; оқ ёки хира сарғиш тусда; орқаси бўйлаб узунасига қорамтир йўл ўтади. Ҳар бир сегментининг олдингн қисмида хитинлашган тўртта қора кичкина доғча бўлади, кейинги қисмида эса бундай доғчалардан иккитаси жойлашган; танасининг биринчи сегментида хитинлашган қорамтирроқ йирик қалқонча бор.
Қуртнинг боши қўнғир тусда; сохта оёқларининг кафти тўгарак бўлиб, чети гир айланган илмоқчали; тўгарак ўртасидаги илмоқча бирмунча йирик бундан икки томонга кетган илмоқчалар аста-секин майдалашиб боради. Ғумбаги чўзиқ шаклда, қўнғир тусда, катталиги 20 мм ча; орқа учи найзасимон бўлиб, тўртта илмоқчаси бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |