10.2. Ўқувчилар билан индивидуал ишлар олиб бориш. Ўқувчиларни мактабдан ва синфдан ташқари ишларни ҳар хил формаларда ташкил қилишнинг асосий вазифаси, уларни ижтимоий фойдали фаолиятда фаол иштирок этишни, шахсий қизиқишларини, мойиллиги ва имкониятларини тўлиқ ишга солишдан иборатдир. Мактабдан ва синфдан ташқари ишларга педагогик раҳбарлик қилишдан мақсад ўқувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш фақат мактабдагина эмас балки ижтимоий ташкилотлар орқали техник ижодкорлик сифатларини тарбиялашдан иборатдир. Мактабдан ва синфдан ташқари ишларни ташкил қилишнинг асосий мақсади умумий ўрта мактабларида фанлардан олган билимларини техник масалаларни ечишга тўлиқ сафарбар этишдир. Синфдан ва мактабдан ташқари ишларни ташкил қилиш ва олиб бориш таълим ва тарбиянинг умумий принциплари асосида амалга оширилади. Ўқувчиларнинг меҳнат ва техника турлари бўйича синфдан ва мактабдан ташқари ишларини қуйидаги 3 та гуруҳга бирлаштириш мумкин:
Ўқувчиларнинг индивидуал ишлари.
Ўқувчиларнинг индивидуал ишлар билан шуғулланиши бу ижодий жамоада ишлашига замин яратадиган ижодга қизиқишнинг бошланғич босқичи ҳисобланади. Бунда ўқувчилар ўзидан катта ёшдаги ўқувчилар, ўқитувчи ёки бошқа мутахассиснинг раҳбарлигида ҳар хил техника ва технологияларни моделлаштириш ва лойиҳалаштириш билан шуғулланишида техниканинг бирор турига қизиқадиган ўқувчилар бир-бири билан хабарлашиб гуруҳларни ташкил қилади, натижада техник тўгараклар пайдо бўлади. Тўгараклардан етишиб чиққан ўқувчиларни таълим йўналиши бўйича чуқур шуғулланишга раҳбарлик қилиш ҳам индивидуал иш турига киради.
10.3. Ўқувчиларни мактабдан ташқари ишларга жалб қилишнинг группавий формаси.Гуруҳ шаклида техник ечимларни ишлаб чиқиш юзасидан уюштириладиган бахслар қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш имконини беради:
Баҳс қатнашчилари муаммонинг ҳақиқий ҳолатини тўғри баҳолаш, муҳим ҳолатларни иккинчи даражали масалалардан ажратиш ҳамда муаммони ҳал этишдан кўзланган мақсад ва вазифаларни тўғри белгилаб оладилар.
Гуруҳ аъзоси бўлган бошқа ўқувчилар фикрини эшитиш, ўз фикр-мулоҳазаларини улар билан умумлаштириш ва уйғунлаштириш.
Ҳеч бир соҳадаги алоҳида мутахассис қаралаётган муаммони атрофлича қамраб ололмаслиги ва айнан муаммоларни ҳал қилишнинг жамоа шакли самарадорлигининг амалий тасдиғини топиши.
Кўплаб муаммоларнинг ечимлари бир нечта йўналишда ҳал этилиши мумкин бўлган ечимларга эга эканлигини аниқлаш.
Ўқувчиларнинг дарсдан бўш пайтларида техниканинг бирорта йўналиши бўйича техник ижодкорлиги билан шуғулланишнинг асосий формаларидан бири техник тўгараклар ҳисобаланади. Бунда ўқувчилар ўзларининг қизиқишларига қараб ихтиёрий равишда амалий фаолият билан шуғулланадилар. Бундай бирлашмаларда ўқувчилар техникани ўрганиши, техник объектларни ва технологияни такомиллаштириш, моделлаштириш лойиҳалаштириш рационализаторлик фаолияти, тажриба ўтказиш илмий-техник қидирувлар олиб борадилар. Техник тўгараклар-бу ўқувчиларнинг техник тафаккурини ривожлантириш ёки бирорта фаолиятда фақат ўзини синаб кўриш билан чегараланмай балки, жамоада ишлашга, рационализаторлик ва ихтирочилик фаолиятида иштирок этишга тайёрланади. Ҳар бир техник тўгаракларнинг муддати ва вақт кўрсатилиши зарур. Тўгараклар қуйидагича типларга ажралади:
- тайёрлов техник тўгараги;
- фан (илмий-техник) тўгараги;
- спорт-техник тўгараги;
- ишлаб-чиқариш техник тўгараги;
- бадиий-амалий тўгараклар.