5.2. Ижодкорлик масалаларини ҳал қилишнинг мантиқий кетма-кетлиги. Ҳар қандай масалани ҳал қилиш учун авваламбор ундан кўзланган мақсадни аниқ шакллантириш ҳамда мавжуд имкониятлар доирасида уни ҳал қилишнинг энг самарали методларини топа билиш талаб этилади. Ижодкорлик масалалари "Мақсад - мақсадга эришиш учун мавжуд имкониятлар" кўринишидаги мантиқий кетма-кетлик асосида қуйидагича ҳал этилиши мумкин. Бу ўринда масала, муаммо ва унинг амалдаги ҳолати тушунчалари умумий ҳолатда қўйилган мақсад ва шартлар асосида белгиланади.
Ижодкорлик масаласи одатда қуйидаги кўринишга эга бўлади: "[А] шартлар берилган, [H] мақсадга эришиш талаб этилади". Масалани шартли равишда [A,H] мантиқий ифода шаклида ёзиб оламиз. Лекин маълум шароитларга тадбиқан ушбу мантиқий кетма-кетлик турли кўринишларда бўлади, буни қуйидаги мисолларда кўришимиз мумкин.
1-мисол. Берилган: технологик жараён, ишни бажариш ҳажми ва муддатлари, агротехник талаблар, тупроқ ва экин майдони тавсифи, механизмларнинг тупроққа берадиган босими чегаравий қиймати. Экин майдони бирлигига сарфланадиган эксплуатацион сарф харажатлар миқдорини минимумга келтириш имконини берувчи комбинациялашган ишлов бериш агрегати учун янги техник ечим талаб этилади.
Масаланинг амалдаги ҳолати - берилган шартлар билан тавсифланади, яъни бу [ A, - ] кўринишдаги тўлиқ бўлмаган масала.
Муаммо - бу мураккаб, тўлиқ бўлмаган масала, унда шартлар аниқланмаган, яъни [ -, H ]. Муаммони ҳал қилиш учун тадқиқот олиб бориш талаб этилади.
2 - мисол. Масаланинг қўйилиши: Ички ёнув двигатели ёнилғи сарфини 10 фоизга камайтириш имконини берувчи янги техник ечимни топиш талаб этилади.
Масаланинг амалдаги ҳолати - таҳлил қилиниши ва олинган маълумотлар асосида хулоса чиқарилиши лозим, яъни [-,H].
Муаммо - ёнилғини тежаш имкониятини берувчи мавжуд техникавий ечимлар таҳлил қилиниб, сарфни камайтириш учун олиб бориладиган тадқиқот йўналиши белгиланади.
5.3. Техник ижодкорлик жараёнида қўлланиладиган методлар. Биринчи техник қурилмалар ва содда механизмлар пайдо бўлиши билан инсоният ўз олдига ҳар хил қийинчиликда ва аҳамиятга эга бўлган техник вазифаларни ечишга ҳаракат қилади. Инсоният ўсиб келаётган эҳтиёжини қониқтириш ва меҳнатини енгиллаштириш мақсадида янги техникани ва машиналарни яратишга, унинг иш унумдорлигини оширишга ва фойдали иш коэффициентини кўпайтиришга ҳаракат қилади. Кўп вақтлар ижод билан фақат қобилиятли одамларгина шуғулланади деб тушунишган. Илм, фан ва техниканинг ўсиб бориши шуни кўрсатадики кўп сонли махсус тайёргарликдан ўтган одамларнинг тайёргарлиги туфайлигина илмий-техник тараққиётининг ривожланишини таъминлай олади.
Саноат ишлаб чиқаришида юзага келган эҳтиёж техника тараққиётини жадаллаштиришга хизмат қилувчи мухим омиллардан бири ҳисобланади. Бу фикрни айнан техника ижодкорлигига нисбатан ҳам қўллаш мумкин.
Асримизнинг 40-йилларида техник ечимларни тадқиқ қилишнинг фаол методларига эҳтиёж кучаяди. Бу борадаги методларнинг етишмаслиги атом энергетикаси, ракетасозлик, электрон ҳисоблаш машиналарини такомиллаштириш ишларининг ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда эди. Бу даврда турли йўналишларда изланишлар олиб борилиши натижасида қуйидаги ҳолатлар аниқланди:
- биринчидан, мураккаб масалаларни ҳатто даҳо инсонлар ҳам якка ўзлари еча олмаслиги, ижод қилишнинг жамоа усулига зарурати асосланди;
- иккинчидан, техник ечимларни ишлаб чиқишга ажратилган вақтнинг қисқалигини эътиборга олиб илмий изланишлар узлуксиз равишда янги ғояларнинг ишлаб чиқилиши билан биргаликда олиб борилиши лозим;
- учинчидан, мавжуд бўлган кўплаб ғоялар орасидан асосли ва самарали бўлганларини ажратиб олиш йўлларини белгилаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |