12. Келгуси давр харажатлари ҳисоби
Келгуси давр харажатларига қуйидагилар киради:
- газета ва журналларга йиллик обуна харажатлари;
- мулкларни йиллик суғурта қилиш харажатлари;
- келгуси даврлар учун олдиндан тўланган ижара ҳақи суммалари ва бошқа шу турдаги харажатлар.
Келгуси давр харажатларини ҳисобга олиш учун қуйидаги счётлардан фойдаланиш кўзда тутилган:
3110-«Олдиндан тўланган ижара ҳақи»
3120-«Олдиндан тўланган хизмат ҳақи»
3190-«Бошқа бўнак харажатлари».
Бу счётлар актив бўлиб, уларнинг дебетида ҳисобот даврида қилинган ва маҳсулот таннархига келгуси ҳисобот даврларида қўшиладиган харажатлар акс эттирилади. Счётларнинг кредитида эса ушбу харажатларнинг ҳисобдан чиқарилиши акс эттирилади.
3110-«Олдиндан тўланган ижара ҳақи» счётида ҳисобот даврида келгуси ҳисобот даврларига тегишли бўлган тўланган ижара ҳақлари ҳисобга олинади.
3120-«Олдиндан тўланган хизмат ҳақи» счётида ҳисобот даврида келгуси ҳисобот даврига тааллуқли бўлган тўланган хизмат ҳақлари ҳисобга олинади.
3190-«Бошқа бўнак харажатлари» счётида юқоридаги счётларда ҳисобга олинмайдиган бошқа турдаги келгуси давр харажатлари ҳисобга олинади.
13. Тугалланмаган ишлаб чиқаришни баҳолаш ва ҳисобга олиш
Тугалланмаган ишлаб чиқариш деб, 100%лик тайёр маҳсулот даражасига келмаган, тайёр маҳсулот тариқасида кўрилмайдиган, бундан келиб чиқиб харидорга сотиб бўлмайдиган маҳсулот қисмига айтилади. Тугалланмаган ишлаб чиқариш ҳажмини ва уни тайёр маҳсулот даражасига қанчалик яқинлигини аниқлаш бухгалтерия ҳисоби учун жуда муҳимдир.
Бу турдаги ишлаб чиқариш таркибига қайта ишлаш жараёнидан ўтган хом-ашё, материал ва ярим тайёр маҳсулотлар ўзи тайёр ҳолга келтирилган, аммо техника назорати бўлими томонидан қабул қилинмаган маҳсулотлар киради.
Тугалланмаган ишлаб чиқариш ҳажмини аниқлаш учун маҳсулот ишлаб чиқаришда қатнашадиган деталь, қисм ва шу кабиларнинг ҳаракати ҳисобини юритиш лозим. Маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ҳар бир фазасида вақти-вақти билан мавжуд тугалланмаган ишлаб чиқаришларни текшириш, ҳисоб маълумотларини инвентаризация маълумотлари билан таққослаш лозим.
Тугалланмаган ишлаб чиқариш инвентаризацияси давомида инвентаризация ёрлиқлари ёки варақаларида фақат буюмларнинг ҳақиқий сони ёки миқдори кўрсатилибгина қолмай, балки уларнинг тайёрлик даражаси ҳам кўрсатилади. Бу, ўз навбатида, тугалланмаган ишлаб чиқаришни тайёрлик даражасига кўра баҳолашни енгиллаштиради. Инвентаризация натижасида аниқланган тугалланмаган ишлаб чиқариш қолдиғи тайёр маҳсулотни калькуляция қилишда қўлланиладиган калькуляциялаш моддалари бўйича ҳақиқий таннархда баҳоланади. Брак ҳисобига нобудгарчилик, махсус асбоб-ускуналар ва мосламалар қийматини қоплаш, ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, тайёрлаш харажатлари ҳамда ишлаб чиқаришдан ташқари сарфлар бундан мустасно. Бу харажат моддалари фақат тайёр маҳсулот таннархига қўшилади.
Корхонада тугалланмаган ишлаб чиқаришларига эга бўлган ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулотга тегишли харажатларни аниқлаш учун уларни ҳар ойда баҳолаб туриш лозим. Бунда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот таннархини аниқлаш учун ой бошига қолган тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатларига ой давомида қилинган харажатларни қўшиб, ҳисобдан чиқарилган, қайтарилган ҳамда ой охирига қолган тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатлари суммасини олиб ташлаш лозим. Шу боисдан ҳам тугалланмаган ишлаб чиқаришларни тўғри аниқлаш ва уларни баҳолаш муҳим аҳамиятга эга.
Тугалланмаган ишлаб чиқариш қийматини аниқлаш учун харажатларнинг қуйидаги шаклдаги умумий қайдномаси тузилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |