Велвичиянамолар (Welwetschiales) қабиласи
Велвичиядошлар (Welwetschiaсеае) оиласи
Бу оилага битта туркум ва ягона велвичия (Welwetschia mirabilis) деб аталувчи тур киради. У Анголанинг тошлоқ чўлларида ва Жануби-ғарбий Африкада (намиб чўлларида) тарқалган. Унинг ўқ илдизи 3 м гача чуқурликда тушади. Пояси ташқи кўринишидан кесилган дарахтнинг тўнкасига ўхшаш бўлиб, кўпчилик қисми ер остида жойлашган. Ер устики қисмининг баландлиги 50 см, диаметри эса 1,2 м гача етади. Поясининг тепа қисмида бир-бирига қарама-қарши ўрнашган иккита барг ҳосил бўлади. Улар ўсимлик умрининг охиригача (2000 йил) қуримасдан туради. Бир йилда барг 8-15 см гача ўсади. Баргнинг узунлиги 2-3 м га етади. Америка ботаниги К.Бортман Намиб чўлларида узунлиги 8,8 м га етадиган велвичия баргини учратган. Йирик баргли вакилларида баргининг эни 1,8 м гача етиши аниқланган.
Велвичия 2 уйли ўсимлик. Уларнинг стробиллари барг қўлтиғида тараққий этади. Эркаклик (чангчи) қуббаси ўқ ва қоплагич баргдан иборат. Урғочи (уруғчи) қуббаси ҳам ўқдан ва унда ўрнашган тангача барглардан тузилган. Велвичиялар ҳашаротлар ёки шамол ёрдамида чангланади. Уруғи қанотчали, 2 уруғпаллали, уруғи униб чиққандан сўнг уруғ палла барглари 2-3 йилгача сақланади.
Гнетумнамолар (Gnetales) қабиласи.
Гнетумдошлар (Gnetaсеае) оиласи.
Бу оилага бита туркум (Gnetum) ва 30 га яқин тур киради. Улар асосан сернам тропик мамлакатларда, Жануби Шарқий Осиё, Малайзиа, Жанубий Америка, Африкада тарқалган. Улар йирик лиана, дарахт ва буталардан иборат. Барглари қисқа бандли, қарама-қарши ўрнашган, йирик, қалин, бутун.
Гнетумлар ҳам икки уйли ўсимликлардир. Хар бир микростробилда биттадан микроспорофилл бўлади. Гнетумларнинг чанглари шамол ёрдамида тарқалади. Мегостробил (уруғчи) қуббаларининг ташқи томони (қоплами) юмшоқ этли бўлади. Уруғчили (урғочи) гаметофитга чанг келиб тушгандан сўнг сперма тухум ҳужайра билан қўшилади ва ундан уруғ ҳосил бўлади. Жанубий-Шарқий Осиёда гнетум маданийлаштирилган. Уларнинг қуббалари, ёш барглари, муртаги истеъмол қилинади.
Айрим тропик мамлакатларда гнетумларнинг пўстлоғидан тола олинади. Баъзи бир турларидан истеъмол қилинадиган мой олинади. Гнетумларнинг қуббаларини текшириш шуни кўрсатадики, уларнинг қадимги аждодларидаги стробил 2 жинсли бўлган. Бундай 2 жинсли стробил беннетитларда бўлган. Шунинг учун гнетумнамолар беннеттитлардан келиб чиққан деган фикр ҳам бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |