Олот туман 14- ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаб интернатии маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжаллаб тузилган жамоа шартномасини 2021 йилда бажарилиши тўғрисида мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси С.Бозорованинг
Ҳ И С О Б О Т И
Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, мактабда ходимлар жамоаси билан иш берувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини амалга оширилишида жамоа шартномаси муҳим ўрин тутади. Сўнги йилларда жамоа шартномасига киритилган янги бандлар, ўзгартиришлар туфайли ходимлар учун қулайликлар янада кўпайди. Бу эса ўз навбатида жамоа шартномасининг ғоят аҳамиятли эканлигини кўрсатди.
Сўнгги йилларда юқори касаба уюшма ташкилотлари томонидан бошланғич ташкилотларга касаба уюшмасига аъзолик бадалларини 60 фоизини бошланғич ташкилотларда қолдирилиши, санаторий йўлланмаларидан оила-аъзолари учун ҳам фойдаланиш имконияти, йўлланмалар сотиб олишдаги имтиёзлар, аёллар, ёшлар, ёлғиз-кекса кишилар, ногиронлар учун белгиланаётган ижтимоий кафолатлар сўзимизнинг исботидир.
2021 йил давомида касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида айтиб ўтмоқчиман.
2021 йил учун йил бошида йиллик иш режа тузилиб, шу бўйича фаолият олиб борилди. Режага мувофиқ қўмита йиғилишлари белгиланган муддатларда ўтказилиб келинди.
Мактаб маъмурияти билан бошланғич касаба уюшма қўмитаси ўртасида тузилган жамоа шартномаси иш берувчи билан муассасадаги касаба уюшма аъзолари ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий, маънавий, интеллектуал ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаб, касбга оид барча муносабатларни тартибга солиб келмоқда.
Ижтимоий шериклик тизимига асосан, маъмурият билан ҳамкорликда мактаб фаолиятини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилди. Педагогларга ўқув юкламаси тақсимотида, ички меҳнат тартиб қоидалари ишлаб чиқилишида, ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан озод қилишда, шу каби бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда касаба уюшмаси қўмитаси фаол иштирок этди.
Касаба уюшмаси қўмитасига келиб тушган ёзма ва оғзаки мурожаатларга жавоблар Меҳнат кодексига мувофиқ тарзда амалга оширилди. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Олот туман кенгаши томонидан иш юритиш борасида бир қанча амалий ёрдамлар кўрсатилди, шунингдек концелярия буюмлари билан таъминланиб келинди. Ҳамкор ташкилотлар билан ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган давра суҳбатлари ҳамкорликда ташкил этилди. Шу сабабдан низоли ҳолатлар вужудга келмади.
Ходимлар томонидан тушган аризаларга мувофиқ, ходимларга санаторий учун йўлланмалари ва моддий кўмак бериб келинмоқда. Кам таъминланган оила фарзандларига укув куроллари олиб бериш максадида 2 нафар ходим фарзандига 220 минг сумлик укув сумкаси ва куроллари олиб берилди. Касаба уюшмаси қўмитаси тавсиясига мувофиқ, 5 нафар ходимларимизга 810,0 сумлик моддий ёрдам берилди. Йил давомида жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун бир ходимга ўртача сарфланган маблағ 1282987 сўмни ташкил этди. Ўтган йилда иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик юзага келмади.
Иш берувчи томонидан ходимларга қулай, хавфсиз меҳнат шароитлари яратилди. Жамоа шартномаси иловасида алоҳида рўйхатда келтирилган ходимларга махсус кийим, гигиеник воситалар берилди. Фавқулотда вазиятларни олдини олишга қаратилган чоралар кўрилган. Бу борада ходимлар билан биргаликда ўқувчиларга ҳам тушунтиришлар олиб борилмоқда. Ёзги таътил даврида мактаб биноси тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва қиш мавсумига тайёрланди. Меҳнат муҳофазаси бўйича олиб борилаётган ишлар назорати касаба уюшмаси томонидан тайинланган вакил орқали амалга оширилмоқда.
Юқори касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан ташкил қилинаётган спорт мусобақаларида, турли кўрик-танловларда мактабимиз фаол иштирок этиб, фаҳрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши томонидан ўтказилган “Спорт саломатлик гарови”, “Касаба-тур” веламарафони, “Соғлом оила” спорт мусобақаларида фаол иштирок қилишди.Барча иштирокчилар туман кенгашининг қимматбаҳо совғалари ва “Диплом”лари билан тақдирландилар.
Муассасанинг ишчи ходимларини саломатликларини мустаҳкамлаш ҳамда меҳнат фаолиятларини тиклаш мақсадида ПФ-6108- қарорига асосан 2 нафар ходимга Республикамизнинг турли сиҳатгоҳларига дам олиб келишлари учун 2 та йўлланма бепул ажратилди
Ишчиларнинг маънавий дунёқарашларини кенгайтириш ва Республикамиздаги янгиликлардан бохабар бўлишларини таъминлаш учун “Ишонч” ва “Ишонч Довирие”,” газеталарига обуна бўлинди;
Касаба уюшмаси ташкилотларининг чинакам уюшқоқ ва соҳада таъсирчан кучга айланиши учун ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Касаба уюшмаси қўмитасининг энг асосий вазифаси ишловчиларни ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш экан, бизга берилган ишончни оқлашга, келгусида йилда бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга ҳаракат қиламиз. Сизларга фарзандларимизга таълим-тарбия беришдек улкан вазифаларни амалга оширишингизда куч-ғайрат, ишларингизда улкан зафарлар тилаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |