Хўжалик ҳисоби
Оператив
(оператив-техник) ҳисоб
Бухгалтерия ҳисоби
Статистика ҳисоби
1-расм. Хўжалик ҳисобининг турлари Оператив (оператив-техник) ҳисоб деганда хўжалик юритувчи субъектларда оператив назорат қилиш ва бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида юритиладиган тезкор ҳисоб тушунилади. Ушбу ҳисоб турининг характерли жиҳатларига уни асосан қисқа муддатларда (дақиқалар, соатлар, кунлар, ҳафталар, декадалар кесимида) юритилиши, шаклланадиган ва тақдим этиладиган ахборотларнинг тўлиқ ҳужжатли асосга эга бўлишининг шарт эмаслиги, уларни қоғозли ва қоғозсиз, оғзаки ёки телефон алоқаси орқали фойдаланувчиларга етказилиши, тақдим этилган маълумотларнинг тахминийлиги кабилар киради.
Бухгалтерия ҳисоби - бу хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, уларнинг маблағлари (мулки, активлари), маблағларни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги ахборотларни асосан пул ўлчов бирлигида қатъий ҳужжатли асосда йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда уларни ички ва ташқи фойдаланувчилар ҳукмига тегишли шакл ва мазмунда тақдим этиш тизимидир. Ушбу ҳисоб турининг характерли жиҳатларига уни асосан ҳисобот даврлари кесимида (ой, чорак, ярим йил, тўққиз ой, йил) юритилиши, шаклланадиган ва тақдим этиладиган ахборотларнинг тўлиқ ҳужжатли асосга эга бўлиши, уларни молиявий ҳисоботнинг тегишли тасдиқланган шакллари кўринишида фойдаланувчиларга етказилиши, тақдим этилган маълумотларнинг реаллигига қонун олдида жавобгарликнинг мавжудлиги кабилар киради.
Статистика ҳисоби деганда жамиятда юз берган ва бераётган ёппа ҳодиса ва жараёнларни соний акс эттирадиган ва сифат жиҳатдан тавсифлайдиган ҳисоб тизими тушунилади. Статистика ҳисобининг асосий маҳсули бўлиб статистик ҳисоботлар ҳисобланади. Статистик ҳисоботлар қатъий бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тузилади ва улар бухгалтерия ҳисоботи маълумотлари билан қатъий уйғун бўлиши шарт. Статистик ҳисоботлар реаллиги учун хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва бош бухгалтерлари қонун олдида жавобгар ҳисобланадилар.
Статистик ҳисоб маълумотларни туман, вилоят ва яхлит мамлакат доирасида жамлайди. Статистик ҳисоб давлат томонидан стратегик бошқарувни олиб боришда асосий ахборот манбаи бўлиб ҳисобланади. Хўжалик ҳисобининг алоҳида турлари бир-бирини инкор этмайди, аксинча улар бир-бирини тўлдиради.
Иқтисодиётнинг қуйи ва юқори бўғинларида юз берган ва бераётган жараёнлар тўғрисида ахборот бериш ва уларни назорат қилиш воситалари ҳисобланган оператив (оператив-техник) ҳисоб), бухгалтерия ҳисоби ва статистика ҳисоби бажаридаган функциялари ва вазифалари бўйича бир-бири билан муштаракдир. Айнан мақсад ва юклатилган вазифалар муштараклиги сабабли хўжалик ҳисоби турлари биргаликда яхлит халқ хўжалиги ҳисоби тизимини ташкил этади. Шу билан бирга хўжалик ҳисоби турлари бир-биридан турли жиҳатлари бўйича фарқланади. Чунончи, кимга мўлжалланганлиги ва ахборот фойдаланувчилари гуруҳларига кўра хўжалик ҳисобининг юқорида санаб ўтилган турлари ички ва ташқи ҳисобга ажратилади (2- расм).
Хўжалик ҳисоби
Ички ҳисоб
Ташқи ҳисоб
Оператив (оператив-техник)
Бухгалтерия бошқарув ҳисоби
*Статистика ҳисоби;
*Бухгалтерия молиявий ҳисоби
Do'stlaringiz bilan baham: |