Жорий ва узоқ муддатли моддаларни фарқлаш 60 Тадбиркорлик субъекти жорий ва узоқ муддатли активларни ҳамда жорий ва узоқ муддатли мажбуриятларни ўзининг молиявий ҳолати тўғрисидаги ҳисоботида 66-76 бандларга мувофиқ алоҳида гуруҳлар сифатида тақдим этиши лозим, ликвидлилик асосида тақдим этиш ишончли ва ўринлироқ бўлган маълумотларни таъминлайдиган ҳолат бундан мустасно. Агар бу истисно қўлланилса, тадбиркорлик субъекти барча активларни ва мажбуриятларни уларнинг ликвидлилиги бўйича тақдим этиши лозим. 61 Тақдим этишнинг қайси усули қабул қилинишидан қатъий назар, тадбиркорлик субъекти: (a) ҳисобот давридан сўнг ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган ва (б) ҳисобот давридан сўнг ўн икки ойдан ортиқ бўлган давр мобайнида қопланиши ёки сўндирилиши кутиладиган суммаларни бирлаштирган ҳолда ўз ичига оладиган ва сатрларда кўрсатиладиган ҳар бир актив ва мажбуриятнинг ўн икки ойдан ортиқ даврдан сўнг қопланадиган ёки сўндириладиган суммасини очиб бериши лозим. 62 Тадбиркорлик субъекти алоҳида аниқланадиган фаолият цикли мобайнида товарлар ёки хизматларни етказиб берганида, молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда жорий ва узоқ муддатли активлар ва мажбуриятларни алоҳида, яъни айланма капитал сифатида узлуксиз тарзда айланаётган соф активларни тадбиркорлик субъектининг узоқ муддатли фаолиятида фойдаланиладиган соф активлардан фарқлаган ҳолда, кўрсатиш фойдали маълумотни таъминлайди. У жорий операцион давр ичида ўзлаштирилиши кутилган активларни ва айнан бир хил давр ичида сўндирилиши лозим бўлган мажбуриятларни ҳам ажратиб кўрсатади.
63 Баъзи тадбиркорлик субъектлари, масалан молия ташкилотлари, учун активларни ва мажбуриятларни ликвидлиликнинг ўсувчи ёки камаювчи тартибида тақдим этиш ишончли ва жорий/узоқ муддатли туркумларга ажратиб тақдим этишга нисбатан ўринлироқ бўлган маълумотларни таъминлайди, чунки тадбиркорлик субъекти аниқ операцион цикл мобайнида товарлар ёки хизматларни етказиб беришни амалга оширмайди.
64 60-бандни қўллашда, тадбиркорлик субъектига унинг айрим активларини ва мажбуриятларини жорий/узоқ муддатли туркумларга таснифлаб, бошқаларини ликвидлилик тартибида тақдим этишга рухсат этилади, қачонки бу ишончли ва ўринлироқ бўлган маълумотларни таъминласа. Моддаларни аралашган тартибда тақдим этиш учун зарурият тадбиркорлик субъекти томонидан ҳар хил турдаги фаолиятлар амалга оширилганида юзага келиши мумкин.
65 Активлар ва мажбуриятлар ўзлаштирилишининг кутилган саналари тўғрисидаги маълумотлар тадбиркорлик субъектининг ликвидлилигини ва тўловга лаёқатлилигини баҳолашда фойдалидир. МҲХС 7 “Молиявий инструментлар: маълумотларни очиб бериш” молиявий активлар ва молиявий мажбуриятларнинг сўндириш саналарини очиб беришни талаб этади. Молиявий активлар савдо бўйича ва бошқа дебиторлик қарзларини ўз ичига олади, ва молиявий мажбуриятлар савдо бўйича ва бошқа кредиторлик қарзларини ўз ичига олади. Товар-моддий захиралар каби номонетар активлар қопланишининг кутилган санаси ва резервлар каби мажбуриятларни сўндиришнинг кутилган санаси тўғрисидаги маълумотлар ҳам фойдалидир, бунда активлар ва мажбуриятлар жорий сифатида ёки узоқ муддатли сифатида таснифланишидан қатъий назар. Масалан, тадбиркорлик субъекти ҳисобот давридан сўнг ун икки ойдан ортиқ бўлган даврда қопланиши кутилган товар-моддий захиралар суммасини очиб беради.