Тадбиркорлик субъектларининг уюшма ва иттифоқлари Тадбиркорлик ҳуқуқи субъектлари ичида корхоналар уюшмалари (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалари ҳамда уларнинг филиал ва ваколатхона, бўлинмаларининг ҳуқуқий мақоми (статуси) ўзига хос бўлиб, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда уларнинг ўрни беқиёсдир.
Тижорат ташкилотлари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак мулкий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида нотижорат ташкилотлар ҳисобланувчи уюшмалар (иттифоқлар) ва ўзга бирлашмаларга бирлашишлари мумкин.
Агар иштирокчиларнинг қарорига мувофиқ уюшмага (иттифоққа) ва ўзга бирлашмага тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш вазифаси юклатилса, бундай уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашма белгиланган тартибда хўжалик ширкати ёки жамиятига айлантирилиши керак ёхуд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хўжалик жамиятлари тузиши ёки уларда иштирок этиши мумкин.
Нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятларини мувофиқлаштириши, шунингдек муштарак манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузишлари мумкин.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалар юридик шахс ҳисобланади. Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари ўз мустақилликларини ва юридик шахс сифатидаги ҳуқуқларини сақлаб қоладилар. Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалар ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари уларнинг мажбуриятлари бўйича уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда субсидиар жавобгар бўладилар.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг номи уларнинг асосий фаолиятини кўрсатиши, унга «уюшмаси» ёки «иттифоқи» сўзлари ёки бирлашма турини кўрсатадиган бошқа сўз киритилган бўлиши керак. Қонун ҳужжатларида юридик шахслар бирлашмалари ҳуқуқий мавқеининг хусусиятлари белгиланиши мумкин. (Фуқаролик кодексининг 77-моддаси).
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш
Фуқаролик қонун ҳужжатларидан маълумки, юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади. Юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш уни ташкил этишдаги якунловчи босқич бўлиб ҳисобланади, аммо, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилишида давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар бир қанча босқичларни босиб ўтиши лозим. Хўш, тадбиркорлик субъектини ташкил этиш нимадан бошланади?
Аввало, муассислар ўзларининг умумий йиғилишларига тўпланади ва шу йиғилишда улар ўзларининг мулкларини умумлаштириш-бирлаштириш асосида якуний мақсадларига эришиш учун барча ҳаракатлар доирасини аниқлаб оладилар ҳамда таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиб, уни имзолайдилар ва қарор қабул қиладилар. Шундай қилиб, тадбиркорлик ҳуқуқи субъектини ташкил этиш деганда, ташкилот ва шартномавий бирлашмаларига ҳуқуқий мақом бериш учун юридик аҳамиятга эга бўлган барча тегишли ҳужжатларни қабул қилишга қаратилган ҳаракатлар мажмуи тушунилади. Ташкил қуйидаги шакллари мавжуд: